Кириш Регистрация

Россия чемпионатидаги Марказий Осиёлик энг яхши легионерлар

Баҳо:
+1 | -

Россиялик журналистлар турли йилларда Россия чемпионатида тўп сурган легионерлар ҳақида мақола ёзишди. Бу гал хорижлик ҳамкасбларимиз Марказий Осиёдан чиқиб, рус ўлкасида ёрқин ўйин намойиш этган футболчилардан иборат рўйхат тузишди. Ушбу ўнликдаги тўрт ўйинчи ўзбекистонлик экани қувонарли, албатта. Демак, эътирофга сазовор бўлганлар билан танишамиз.

10. Андрей ФЁДОРОВ, Ўзбекистон

«Алания» (1998-1999), 42та ўйин, 1та гол

«Рубин» (2000-2008), 127та ўйин, 15та гол

қурбон Бердиев бош мураббийлигида 2008 йили Россия чемпионлигини қўлга киритган «Рубин»да Фёдоров етакчилардан бири ҳисобланган. Ақлли ва чаққон ҳимоячи қийин вазиятларда шерикларига ёрдам беришни қойиллатарди, қозонликлар сафида биринчи дивизиондан чемпионликкача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтган. Ўзбекистон термасининг собиқ аъзоси ўз вақтида ЦСКАга ўтиши ҳам мумкин эди, аммо Осиё Чемпионлар Кубоги мусобақасида ҳакамга қўпол муносабатда бўлгани учун дисквалификацияга учраган футболчи «армиячилар» таркибига қўшилмади. Шунга қарамай, Владикавказ, Калининград ва қозонда Фёдоровни қатъиятли ва ишончли футболчи сифатида ҳамон эслашади, қадрлашади.

 

9. Виталий ДЕНИСОВ, Ўзбекистон

ЦСКА (2003-2006), 3та ўйин

«Локомотив» (2013-ҳ.в.), 119та ўйин, 1та гол

Тезлик, фидокорлик, тиришқоқлик - «Локомотив» (Москва) ишқибозлари Денисовнинг ўйинини бунданда кўпроқ ижобий сифатлар билан баҳолашади. Майдондаги ҳаракатлар бўйича Виталийга ҳеч қандай эътирозлар йўқ. Унинг Россиядаги фаолияти ЦСКАда бошланган, бироқ жароҳат туфайли асосий таркибга киролмаганди. Олти мавсум Украинанинг «Днепр» клуби сафида тўп сурган Денисов РФПЛга тажрибали ва анча чиниққан футболчи сифатида қайтиб, ҳозирда лиганинг энг кучли қанот ҳимоячиси номини олишга даъвогарлик қилмоқда.

8. Сергей ТИМОФЕЕВ, Қозоғистон

«Динамо» (1992-1994), 43та ўйин, 3та гол

«Алания» (1995-1997), 67та ўйин, 3та гол

«Локомотив НН» (1998), 32та ўйин, 6та гол

Бу ҳимоячи ўтган асрнинг 90-йилларида рақиб ҳужумчиларини даҳшатга солган. Тимофеев жуда қўпол бўлишига қарамай, ўз ишини аъло даражада бажарарди. «Алания»нинг 1995 йили чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишида Тимофеевнинг ҳиссаси ҳам катта.

 

7. Муҳсин Муҳаммадиев, Тожикистон

«Локомотив» (1992-1993), 41та ўйин, 12та гол

«Спартак» (1994-1995), 30та ўйин, 13та гол

«Локомотив НН» (1996-1997), 56та ўйин, 16та гол

«Торпедо» (1998), 14та ўйин, 2та гол

«Шинник» (1999), 11та ўйин, 1та гол

Бу ҳужумчи 1992 йили Тожикистон термаси сафида битта ўйин ўтказиб, «дубль» қайд этган. Орадан уч йил ўтиб, энди Россия термаси либосида майдонга тушиб, яна гол урди. Шунга қарамай, у ҳам бугунги рўйхатдан жой эгаллади - Муҳаммадиев Душанбеда туғилиб, фаолиятини ўша ерда бошлаган. Россияда кўплаб клублар (қуйи дивизиондагиларини ҳам ҳисоблаганда 9та) шарафини ҳимоя қилган, қаерда ўйнамасин, юқори даражали футболчи эканини намойиш этган.

 

6. Игорь ЧЕРЕВЧЕНКО, Тожикистон

«Локомотив» (1996-2001), 170та ўйин, 9та гол

«Торпедо» (2002), 12та ўйин

«Алания» (2002), 5та ўйин

Душанбеда туғилиб, ўша ерда улғайган Игорь Тожикистон термаси сафида 8та ўйин ўтказган. Унинг отаси Геннадий Черевченко ҳам ўз юртида машҳур футболчи ҳисобланган. Россия чемпионатида мақтовга арзигулик натижаларга эришган ўйинчининг 2001|2002 йиллар мавсумида «Реал» дарвозасига урган голини руслар ҳамон ёрқин хотиралар билан ёдга олишади.

 

5. Одил АҲМЕДОВ, Ўзбекистон

«Анжи» (2011-2014), 109та ўйин, 6та гол

«Краснодар» (2014-2017), 101та ўйин, 7та гол

Футбол оламида Одил Аҳмедовни ёқтирмайдиганларни топиш амримаҳол. Тўғри-да, уни яхши кўрмай бўларканми? Майдонда ҳақиқий профессионал, борини бериб ўйнайди, унинг ташқарисида эса очиқкўнгил ва камтар инсон. Одил юлдузли «Анжи»да майдон марказидаги бор масъулиятни ўз зиммасига олиб, Это`О ва бошқаларнинг ҳужумда эркин тўп суришларига замин ҳозирларди. «Краснодар»да ҳам муҳитга тезда мослаша олди, жамоанинг ўсишига ҳисса қўшди.

 

4. Рашид РАҲИМОВ, Тожикистон

«Спартак» (1992, 1994-1995), 26та ўйин

«Локомотив» (1993-1994), 14та ўйин

Бу футболчи Россия чемпионатида атиги 40та ўйин ўтказган бўлсада, «Спартак» сафида икки марта олтин медаль ва 1992 йили мамлакат кубогини қўлга киритган. Раҳимов қўпол ўйинчи сифатида тез-тез ҳакамлар томонидан огоҳлантириларди. Ўз навбатида, унинг зиёли эканини ҳам унутмаслик даркор (еттита тилни ўзлаштирган). Бу сифатлар кўп жиҳатдан мураббийлик фаолиятида асқотиши аниқ.

3. Дмитрий ХОМУХА, Туркманистон

«Зенит» (1995-1996), 61та ўйин, 4та гол

ЦСКА (1997-2000), 116та ўйин, 27та гол

«Шинник» (2001-2003), 69та ўйин, 16та гол

«Терек» (2004-2005), 36та ўйин, 4та гол

Хомуха илк мураббийи Тачмурод Агамуродовнинг илтимосига кўра, Туркманистон термаси сафига қўшилган, ваҳоланки, у этник украинлар оиласида туғилган. Кейинчалик Харьков, Львов, Грозний, Санкт-Петербург, Ярославлда тўп сурди. Аксарият мухлислар унинг ЦСКАдаги ўйинлари, «Спартак» гегемонлигига барҳам беришда фаоллик кўрсатганини яхши эслашади. Дмитрий стандарт вазиятларни қойилмақом тарзда ижро этарди. У ўзининг ягона соврини(Россия кубоги)ни 2004 йили «Терек» сафида қўлга киритган. 2013 йили унинг бош мураббийлигидаги Россия ўсмирлар термаси Евро (U-17) ғолибига айланганини ҳам унутмаслик даркор.

 

2. Владимир НИДЕРГАУС, Қозоғистон

«Ротор» (1992-1997, 1999), 168та ўйин, 68та гол

Есипов-Веретенников-Нидергаусдан иборат трио 90-йилларда Россия футболи рамзига айланганди. Учовлон чемпионатда энг ёрқин ва сермаҳсул ўйин кўрсатиб, «Ротор» рақиблари дарвозасини чиройли тарзда ишғол қилишарди. «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед»га гол ургани эса волгоградликлар учун алоҳида аҳамиятга эга воқеалардан бирига айланган.

 

1. Миржалол ҚОСИМОВ, Ўзбекистон

«Спартак» (Владикавказ, 1992), 25та ўйин, 3та гол

«Алания» (1994-1996, 1999, 2003-2004), 104та ўйин, 30та гол

«Крилья Советов» (2000-2001), 45та ўйин, 6та гол

Ишонинг, ёмон футболчи ҳеч қачон «Ўзбек Марадонаси» номига лойиқ кўрилмайди. 20 йилдан ортиқ вақт ўтди, аммо владикавказликлар Москва клубларининг чемпионатдаги гегемонлигига барҳам берган ўша юлдузли таркибни ҳамон эслашади. қосимов майдонни яхши кўра олиши, аниқ паслари ва стандарт вазиятларни ажойиб тарзда ижро этиши орқали маҳаллий мухлислар меҳрини қозонди. Айниқса, «Ливерпуль» дарвозасига урилган голни кўрганлар ўша воқеани умрбод ёдда тутишлари аниқ. Ўсмирлар ўртасида Европа ва жаҳон чемпиони, Россия чемпиони, икки марта Россия чемпионати кумуш медали соҳиби, Ўзбекистонда кўплаб совринлар эгаси. Саволлар борми? Миржалол қосимов - РФПЛнинг илк голи муаллифи, Ўзбекистон фахри ва Россия чемпионатидаги энг яхши легионерлардан бири.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:50, 01.04.2017.
Ўқилди: 9172 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.