«Динамо» - «Навбаҳор» (0:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов фикрлари билан ўртоқлашди.
- Биз бир ҳафта мобайнида «Динамо» жамоасининг учта учрашувини ўрганиб чиққандик. Самарқанд жамоаси кучли прессинг ва тезкор ҳужумлар орқали ўйин намойиш этишини билардик. Шу боис шу куни жамоанинг етакчилари қаторида Жавоҳир Қаҳрамонов ва Сардор Сулаймоновларга ўйин бермаслигимиз лозим эди. Йигитлар буни уддалашди, ҳимояда ҳам мустаҳкам тўп суриб, Худога шукур ғалаба билан қайтаяпмиз.
- Демак, ўйинда аввал ушбу икки футболчини «ёпиш» учун алоҳида кўрсатма бергансиз?
- Худди шундай, ҳаттоки кечаги машғулотларда ҳам йигитларга аввало мана шу икки футболчига ўйин бермасликни уқтиргандим. Шу боис Қаҳрамонов ва Сулаймоновни ўйин бермай, ҳимояда яхши ўйнай олдик.
- Илҳом ака, Ойбек Қиличев қизил карточка олган вазиятда нега футболчига эмас, ҳакамга эътироз билдирдингиз?
- Ойбек Қиличев қизил карточка олган вазиятда футболчини захирага олгандим ва бор эътиборим майдонда эди. Захира ҳакамидан нима учун деб сўрганимда, индамади. Бош ҳакам эса у мухлисларни қўл ишораси билан сўкканлигини айтди. Чиндан ҳам бу вазиятда Қиличевни оқлай олмайман, у жуда нотўғри иш қилди ва четлатишга муносиб эди. Биз ҳам Ойбек Қиличевни бу иши учун жазолаймиз.
- Мансур Саидовнинг йўқлиги бугун сезилдими?
- Чиндан ҳам сезилди. Мен Мансур Саидовни Олий Лиганинг энг кучли беш яримҳимоячиларидан бири деб ҳисоблайман. Учта ўйинда ўйнамайди, бугун биттасини ўтказди, иккита ўйиндан кейин яна сафга қайтади. Бугун унинг ўрнида Ойбек Қиличев тўп суриб, вазифасини тўғри бажарди.
- Бугун Наманган жамоасининг ўйинни ҳаддан ортиқ чўзиб юборгани мухлисларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Бу борада жамоангиз билан тушунтириш ишлари олиб боришингиз керакдир, балки?
- Биласизми, сўнгги иккита ўйинда яхши ўйин намойиш этиб, бор йўғи бир очко жамғарган эдик. Шу боис бугун ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат ғалабани кўзлагандик. Тўғри футболчилар ғалабани қўлга киритиш учун мухлисларга ёқмайдиган ҳолат қилишгандир, аммо энг асосийси айни дамда таблодаги ҳисоб.
«Динамо» жамоасига омад тилаб қоламан. Самарқандда ажойиб жамоа шаклланмоқда. Жамоа 90 дақиқа «Металлург», «Шўртан» ва «Пахтакор»га қарши тиним билмади ва ғалабага эришганди. Бугун 15 минг мухлиси қаршисида ёмон ўйнамади, аммо омад биз томонда бўлди. Мана шундай футбол атмосферасида тўп суриш ҳар бир жамоага завқ бағишлайди.