Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Азамат Зиё: "Алдамайлик, ўйлайлик, еб кетарга бермайлик"

Баҳо:
+ | -

Бугунги ўзбек футболи ҳақида

Барчасига шарҳловчи “айбдор”! Хитой Жанубий Кореяни 1:0 га ютди, хушхабарини бериши билан “ё ўчир, ё бошқа каналга ол, булар одам бўлмайди, барибир ютқазади”, деб турганларда ҳам қандайдир умид учқунчалари пайдо бўлди. Ашаддий ишқибоз­лардан то “бор-э, сенларга эссиз вақт”, деб кундалик юмушини бажаришга чоғланганлар-у футбол, умуман спортга қизиқиши йўқ эринчоқларнинг ҳам, “ишқилиб терма жамоамиз ютсин-да” орзуси билан яшовчи вафодор ва тинчликсевар хотин-халаж-у кўнглидан “урса, юв-юв бошланиб кетарди” ўғринча хаёлини ўтказган баққолларнинг ҳам, хуллас, барчанинг нигоҳи мўъжизакор ялпоқ кўзгуга тикилди. Тикилган кўзга эса чўп тушади!

Таваккалчилик, тасодиф омиллари муқаррар ҳаётнинг энг серқатнов сўқмоқларидан бири — футболда бўлгани каби тенг шароит, тенг курашда омад биридан юз ўгириб, иккинчисига кулиб боқди. Буёғи маълум: рақиблар ўзида йўқ хурсанд, биз томонларда эса футбол ўйинидан кейинги “ўйин” бошланди, гина-кудрат, алам-дард, афсус-надомат, ғараз-манфаат, шахсиятчилик-гуруҳбозлик тепкилари чилпарчин қилган кўнгил тошойналарининг сон-саноғи йўқ.

Албатта, булар ярим ҳазил, ярим чин гаплар. Аслида ҳаммасига ўзимиз айбдормиз! Ютиб турса, ўзи тугул бува-бувисигача авлиё, ютқазиб қўйса борми: “ҳаммаси бир тийин”.

Футбол табиатан шунақа ҳунарки, ўхшаб турса — маҳорат, санъат, ўхшамаса, падарига минг лаънат. Кези келганда, Месси ҳам танқид-у маломатлар тошбўронида қолганини кўрганмиз. Мўвринйў “Челси”дан ҳайдалади, деб ким ўйлаганди? Улар олдида Одил Аҳмедов, Бабаянга йўл бўлсин. Кимлардир, биздаги футбол савияси Европа, Американинг олди мамлакатлари сингари бўлсайди, бир ютқазиб қолдик, кейинги ўйиндаёқ ўзимизни ўнглаб олишимиз ҳам, жаҳон биринчилигига боришимиз ҳам аниқ, бунга қудратимиз етади, дея стадионни тўлдириб, футболчилар-у мураббийларимиз шаънига далда сўзларни ашула қилиб айтардик, нега тушунмайсиз, таги чатоқ, шунга куйиб кетяпмиз, эътирозини билдиришлари мумкин. Ўшаларга айтар сўзимиз: ҳа, яшанг, ана шу тагини, негизини муҳокама қилайлик, аза тутиш, айбдор қидириш беҳуда!

Мустақилликка эришгач, мамлакатимизда барча соҳада бўлгани каби спорт, хусусан, миллионлар ўйини, сеҳрли ва жозибадор соҳа — футболимизнинг ҳам бағрига шамол тегди, бир сўз билан айтганда, миллий футболимизни яратиш имкони туғилди. Ҳалигача, биров аччиқ устида, биров ўша режим маҳсули, тарафдори сифатида, у даврда бизнинг футбол ундоқ эди, “иттифоқ”да ўз ўрни ва обрўси бор эди, иддаоларини эшитиб қоламиз. Майли, бу ҳам бир фикр. Бироқ, кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, у пайтларда бизда тизим маъносидаги футбол эмас, биргина “Пахтакор” жамоаси бўлган ва у бутун республика, жумладан унинг раҳбариятининг дарди, обрўси саналган. Вазифа учта бўлган: олий лигада қолиш, иложи борича юқори ўринни эгаллаш, “Қайрат”дан бир поғона бўлса ҳам олдинда бўлиш! “Ҳамма нарса фронт учун” шиори каби барча имконият “Пахтакор” учун сафарбар этилган. Бошқа республикалардан (ҳозирги тушунчада четдан, “легионер”) ўйинчилар, мураббийларни олиб келиш, уларни квартира, автомобил (ГАЗ-24) билан таъминлаш, катта ойлик, ҳурмат-эътибор ва бош­қалар. “Политотдел” колхози – бош ҳомий. На миллий футбол тизими ва инфратузилмамиз бўлган, на миллий биринчилигимиз ҳамда мактабимиз. Жаҳон биринчилиги у ёқда турсин, “суверен республика” ҳисобланиб Осиё биринчилигига бориш тушимизга ҳам кирмасди. Бир-бир ўқиб қолардик: “Пахтакор” Осиёнинг фалон мамлакатининг жамоаси билан икки ўртоқлик учрашувини ўтказди, тамом-вассалом. Телевизор орқали томоша қилиш, ютса олқишлаш, ютқазса, бугунгидек ғалаён қилиш тушунчасининг ўзи тушунчада йўқ эди.

Ўз даври учун бу табиий ва мажбурий эди. Негаки, биз мустамлака эдик, қарам миллатнинг футболи ҳам қарам бўлади, ўзлигини намоён этолмайдиган ижтимоий фаолият миллий бўлолмайди.

Истиқлолга эришгач бир юз йигирма олти йиллик қуллик занжирларини узил-кесил уздик. Энди барчаси ўзимизга, дунёқараш, ишни ташкил этишимизга боғлиқ бўлиб қолганди. Адолат юзасидан тан олганда, ўзга соҳалар сингари футбол ҳам тез фурсатда орзуларимиздек ўзгариб кетади, дегани эмасди. “Совет” футболи, умуман спорт мактабининг таъсири сақланиб қолиши табиий эди. Янгисини қурмасдан, эскисини бузиш мумкин эмас, аслида эса иложсиз эди. Орадан чорак аср ўтиб, янгисини, жаҳон андозаларига муносиб миллий футбол тизими ва мактабини ярата олдикми? Йўқ, десак, тағин адолат бузилади. Ҳуррият йилларида ўзбек спорти омили дунёга келди, сўнгги Олимпиададаги натижалар сўзни қисқа қилиш, исбот-далилларни қалаштириб ташлашдан тийилиш имконини беради. Буларнинг бари ўтган даврда амалга оширилган мисли кўрилмаган ҳаракатлар, ишлар, тақир ерда яратилган замонавий миллий спорт инфратузилмаси, спорт мактаблари туфайли спортчи ва мураббийларнинг фидокорона меҳнатлари, уларни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан юксак рағбатлантиришлар эвазига юз берди. Лекин...

Футбол — бу футбол! Энди у миллионлар эмас, миллиардлар ўйинига айланиб бўлди. Ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода. 2014 йилги жаҳон биринчилиги финал босқичини 3,2 миллиард, Германия ва Аргентина олишувини 1 миллиарддан кўпроқ, чемпионлар лигаси ҳал қилувчи ўйинини эса 300 миллион киши томоша қилган. Ашаддий ва шунчаки қизиқиши бор ишқибозлар сони эса дунёда 3,5 миллиард экан. Худди шу омил важидан ҳам футбол улкан иқтисодий бозор тусини олди. Инглиз бош лигаси клубларининг йиллик даромади 1,9 миллиард евро, ўйинчиларининг умумий қиймати 4,4 миллиард еврога тенг бўлса, ўйинларини телетарқатиш ҳуқуқи уч мавсум учун 6,4 миллиард еврога сотилган. Ўтган йили дунё рек­лама бозорининг тушуми 532 миллиард долларга етганини таҳлил қилган мутахассислар мазкур кўрсаткичда футбол бўйича Европа биринчилигининг таъсири сезиларли бўлганини бежиз урғуламаган, деб ўйлаймиз.

Футбол — бу катта сиёсат. ФИФАнинг неча йиллик “чинорлари”ни ағдарган ҳам, катта давлатлар ўртасини таранглаштириб турган ҳам футболдир. Нега шундай бу футбол, бу қурмағурнинг сири нимада?

Ҳайвонот дунёси учун емак бўлса, бас. Инсоният учун емакдан ташқари кўп нарса, хусусан, томоша ҳам даркор. Қадимда гладиаторлар жанги, ҳозиргача сақланиб қолган хўроз, бедана, қўчқор уриштиришлар, кўпкари, улоқ чоптиришлар ва яна бошқалар шу интилиш, эҳтиёж маҳсулларидир. Футбол эса мазкур томошаларнинг шаҳаншоҳию маликасидир. Унга ишқи тушган одам ўлгунича севгисидан ажралолмайди, вазиятга қараб бир Фарҳод, бир Мажнун бўлади, қўйиб берсанг, Жульетта ёки Отеллонинг ишини ҳам қилишдан тоймайди! Сурияга мағлубиятдан сўнг кўча-кўй, ишхона-ю Интернет тармоғида кузатилган қизғин баҳс-мунозара жараёни ҳам шундандир. Донишманд ота-боболаримизнинг “жаҳл чиқса, ақл қочади” ўгитини эсласак, вазият ойдинлашади. Албатта, қулай фурсат туғилганда, омадни қўлдан бериш аламлидир. Бироқ фақат унга ишониб яшаш ҳам ғирт нодонликдир. Унум — ақл билан иш тутишда.

Футбол ҳар қандай замонавий жамиятнинг ажралмас ва ўта таъсирчан бўлаги экан, унинг савияси шу жамиятнинг умумий аҳволи билан боғлиқлиги ҳам чиндир. Футбол ишқибоз­ларининг ашаддийлари бўладими ёки ҳар ҳолда унга бефарқмасларми, хуллас, барча шу бир “оддий ҳол”ни очиқ-ойдин, “тап тортмас”дан омма­вий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқлар, турли давраларда муҳокама қиляпти, ўз тўғри-нотўғри фикрларини билдирмоқда. Шунинг ўзиёқ мамлакатимиздаги бугунги муҳитнинг қанчалар эркинлигидан далолат беради. Ваҳоланки, ярим-бир йил бурун бунга ҳамма ҳам қўл уравермасди. Гапнинг пўскалласини айтсак, ушбу мавзуда анчадан буён пишиб келаётган мулоҳаза ва таклифларимизни қоғозга тушириш илинжи ҳам мазкур муҳит шарофатидандир. Шу билан бирга, биз муаммони эҳтиросга муккасидан кетиш, гуруҳбозлик, тор манфаатлар тўқнашуви, ўзаро таҳқирлаш ва ўч олиш жараёнига айлантиришга мутлақо қаршимиз. Эркинлик фуқаролик жамиятининг кучи бўлса, ақл билан иш тутиш унинг унумини таъминлайди. Акс ҳолда оломондан фарқимиз қолмайди. Бу эса миллатни ҳалокатга бошлайди.

Пойтахтдаги кўприклар очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ишни илмга суяниб, узоқни кўзлаган тарзда режали ташкил қилишга катта урғу берди. Бухоро вилоятидаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш чоғида эса воқелигимиз учун ниҳоятда керакли гапни айтди: қурилиш олти ой кеч битсин, лекин сифатли ва замонавий бўлсин! Миллий етакчилик фаолиятининг бошидаёқ, энди ура-ура, рапортбозлик кетмайди, бу билан узоққа боролмаймиз, талабларини ҳамда Халқ қабулхоналарининг жорий этилиши, давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг аҳолига ҳисобот бериши, вакиллик идораларининг ўрин ва таъсирини оғизда эмас, амалда кучайтириш ташаббусларини ҳам эслатган ҳолда мустақил тараққиётимизнинг ҳозирги босқичини таърифласак, ҳар қандай муаммони ақли расолик, илмий асосда ўрганиш, замонга ҳамоҳанг, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, энг илғор халқаро ютуқ ва тажрибага таянган пишиқ-пухта дастур, лойиҳалар тайёрлаш, кенг муҳокамадан ўтказиш муҳити ва палласида яшамоқдамиз. Бундай ёндашувлар футболдек жуда долзарб йўналишни ҳам четлаб ўтолмаслиги мантиқлидир.

Миллий футболимиз негизини яратиш жараёни бошланишида янгиси ҳали йўқ шароитда маъмурий-буйруқбозлик, коммунистик мафкура ва давлат иқтисоди ҳукмрон, эгалик ҳисси, шахсий манфаатдорлик ва эркинлик йўқ режимда туғилиб, илдиз отган, шаклланган совет футболи яроқсиз эканлиги, самара бермаслигини тарихнинг ўзи исботлаб қўйган эскисини қўллаб туриш, айтганимиздек, ўткинчи иложсизликдан эди. Шу билан бирга, фурсатни бой бермасдан, бу борада энг ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳар томонлама ўрганиб ва, албатта, ўз хусусиятларимизни ҳам инобатга олган ҳолда янгисини яратиш лозим эди. Фикри ожизимизча, бугунги ўзбек футболининг пойдевори мустаҳкам бўлмай, мураббий, омад ёки қандайдир мўъжизага боғлиқ бўлиб қолаётганлигининг бош сабаби янгисини эскича дунёқараш ва ёндашувлар асосида барпо этишга уриниб келаётганимиз билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ўтган йиллар ичида яратиб берилган барча шарт-шароит, ёшларимизнинг янгилик, энг юксак марра ва тажрибага интилувчанлиги, уларни сингдира олиш қобилияти мавжудлигига қарамай футболимизнинг сифат даражаси кўнгилдагидек эмаслиги яққол кўриниб турибди. Биз ҳам барча қатори жаҳон биринчилигига бориш тарафдоримиз. Бироқ орзуларимиз ушалган тақдирда ҳам мазкур ҳақиқат ўзгармас бўлиб қолаверади. Вақтинчалик ютуқ туғдирган димоғчоғлик ўтгач, узил-кесил ҳал этилмаган муаммолар яна чиқиб келаверади. Улар нималардан иборат?

Биринчиси, футбол клубларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва фаолияти замонавий эмаслигидадир. Бозор муносабатларига ўтдикми, бошқа тармоқлар қатори футбол тизими ҳам мазкур қоидаларда росмана яшашга ўрганиши керак. Яъни, аввало ҳар бир клубнинг ўз қонуний эгаси бўлсин, ҳоҳ якка шахс, хоҳ акциядорлик тартибида. Клубларимиз шундоқ ҳам акциядорлик жамияти шаклида тузилган-ку, эътирозини қабул қилолмаймиз. Чунки, улар асосан ҳомийлик йўли билан тириклигини яхши биламиз. Ҳомийлик — еб кетарга бериладиган ҳар қандай маблағ, ҳатто тоғдек бўлсин, ўпқонга тушгандек йўқ бўлиб кетаверади. Ваҳоланки, мазкур каттадан-катта маблағлар, нисбатан оз туюлса-да, аслида умумий қозонимиз — миллий иқтисодиётимизнинг бир бўлаги. Ҳозирги ҳолатда натижа бў­йича ҳеч ким жавобгар эмас: на клуб, на футболчи, на мураббий. Клубнинг ҳақиқий, пули куяётган эгаси (эгалари) бўлса, қандай талаб қилиб олишни ҳам, ишни ташкил қилишни ҳам ўзи билади.

Замонавий футбол аллақачон катта ишбилармонликка айланиб бўлганига бежиз урғу бермадик. Бугунги футбол стадион — ўйин — телевизордан иборат томоша эмас. Мюнхеннинг “Бавария” жамоасининг даромадида чипталар 21, телетарқатув 23, тижорат фаолияти эса 53 фоизни (!) ташкил этади. Мазкур рақамлар орқали жаҳон профессионал клубларининг 33-38 миллиард долларлик йиллик даромадлари қандай шаклланаётгани ва иш ҳам шунга яраша йўлга қўйилаётганини илғаб олиш қийинмас.

Дунёнинг олди жамоалари ўз ишқибозлари уюшмаси — фан-клуб­лари билан яқиндан ва ранг-баранг иш олиб боради. Мисол учун, арзимаган йиллик аъзолик бадали эвазига навқирон ишқибозларга рамзлар, чипталар сотиб олишда чегирмалар, турли тадбирлар, жумладан жамоа машғулотларига бепул таклиф этиш имтиёзларини тақдим этиш орқали тарафдорлари сафини тарбиялаб, кўпайтириб боради.

Буни ва яна кўп нарсаларни биз ҳам биламиз, лекин бизга ҳали бор, тайёр эмасмиз, дегучилар диққатига: ҳадеб “велосипед ихтиро қилавермасдан”, ўзимиз каби, аммо замонавий ёндашувларга дадил киришган мамлакатлар тажрибасига разм солайлик. Масалан, ўтган ҳафта ютганимиз Қатар (аҳолиси 1,9 миллион киши) футбол лигасининг 2010 йилги даромади 100 миллион долларни ташкил этгани ҳолда 2013 йилда 260 миллион долларгача ўсган бўлса, ушбу рақамлар Европа футбол тизимидаги Озарбайжонда (аҳолиси 9,5 миллион) 12-30 миллион, Арманистонда (аҳолиси 3,2 миллион) 1,2-3,5 миллион, Грузияда (аҳолиси 3,7 миллион) 2,7-20,7 миллион, Қозоғистонда (аҳолиси 17,5 миллион) 45-115 миллион долларга тенг бўлган. 2009 йили 0,5 миллион доллар даромад топган Таиланд (аҳолиси 70 миллион) лигаси уч йил ўтиб 30 миллион долларлик даражага, яъни 78 фоизлик ўсишга эришгани кишини ўйлантириши керак-ку, ахир!

Иккинчи муаммо — футболчи ва мураббийларни тайёрлашдек оғир масалага тегишлидир. Ушбу ўта жиддий, балки энг асосий йўналишда мамлакатимизда ҳамон эски мактаб услублари устуворлигига шубҳамиз йўқ. Шу маънода мустамлака замонида Минскнинг “Динамо” жамоаси гуркираган қисқа муддатда унинг мураббийси Э.Малофеевнинг намунавий машғулотларига бағишланган кўрсатув эсга тушади. У футболчиларга шундай кўрсатма берганди: тўп билан олдинга бордингми, албатта теп, сўнг тезда орқага қайт! Ҳозир ҳам майдонда тинмай югуриш, қарсиллатиб тепиш, босим ўтказиш асосий омиллар саналишига оид шахсан гувоҳ бўлган ҳолатлар етарлидир. Тўғри, улар ҳам даркор (айниқса жисмоний чидам), мазкурларни энг пешқадам жамоаларда ҳам кузатиш мумкин (дуч келган ёққа тепишдан ташқари, албатта). Бироқ футболчилар етиштиришдаги энг катта камчилик борки, уни неча йиллар бурун “Ювентус” жамоасига таклиф қилиниб, катта шов-шувга сабабчи бўлган, ҳозирда ушбу жамоада ёшларга мураббийлик қилаётган Илёс Зейтуллаев очиқлаб берди. Маълум вақт муқаддам қурган суҳбатида, Ўзбекистон ва Италияда футболчиларни тарбиялашдаги энг асосий фарқ нимада, саволига унинг жавоби шундай жаранглади: бизда болаликдан алдашга (яъни рақибни алдаб ўтишга), бу ерда эса майдонда ўйинни қандай уюштириш бўйича фикрлашга ўргатилади!

Ўз мураббийларимизни ерга уришдан мутлақо йироқмиз. Улар шахсий савия ва имкони даражасида астойдил тер тўкаётганидан яхши хабардормиз. Шу билан бирга, чет эллик илғор мактаблардан, машҳурларини эмас, индамай ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиш қон-қонига сингиб кетган мутахассисларни таклиф қилиб, болаларни ўшаларга топшириш керак, деб ишонамиз. Йиллар ўтиб, натижа бўлишига шубҳа йўқ. Шу маънода 1998 йилги жаҳон биринчилигида чорак финалдан чиқолмаган, 2000 йилги Европа биринчилигида гуруҳда бир очко ололган немислар ушбу муваффақиятсизлик-фожиани холис ва ҳар томонлама ўрганиб, шундай хулосага келганлар: футболчиларни тайёрлаш ишини тубдан ўзгартириш! Шу тариқа мамлакат футбол федерациясининг ёш қобилиятларни топиш ва парваришлашга қаратилган кенг кўламли “Истеъдод истаб” (“Talentforderung”) дастури ишлаб чиқилган ва 2002 йилдан ҳаётга татбиқ этила бошланган. 2014 йили эса мевасини ҳам олдилар — ярим финалда мезбон Бразилияни 7:1, финалда Месси Аргентинасини 1:0 ҳисобида енгиб, жаҳон чемпиони бўлдилар.

Яна бир гап. Бир пайтлар “Спорт” телеканали “Бунёдкор”да тўп сурган машҳур Ривалдўдан, Ўзбекистон ва Бразилияда болалар учун бу борада яратилган шароитларга муносабати ҳақида сўраганида, “сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмасдан” мана бу ҳақиқатни айтганди: мен ўта камбағал оилада туғилганман, мактабга боришга пулимиз йўқ эди, ўзимни футболга бағишладим, ўз устимда тинмай ишладим, шу тариқа машҳур футболчи бўлиш ва оиламни қашшоқликдан қутқариш орзусида тақир ерларда тер тўкдим ва бунга эришдим, сизларда эса ёшларга барчаси муҳайё, мактаблар текин, тўгараклар, майдонлар, стадионлар уларга мунтазир, менингча, шу нарса уларни бамайлихотирроқ қилиб қўйган бўлса керак!..

Албатта, бу ишлар бирдан бўлмайди, лекин киришиш ҳам керак-ку. Ўтган чорак аср қандай ғизиллаб ўтиб кетган бўлса, буёғи ҳам шундай бўлиши муқаррар. Тайёргарлик кўриб, кенг муҳокамадан сўнг узил-кесил ҳал қилиб, футбол саноатимизни замонавий йўлга солиб юбориш лозим. Соҳа қонунчилигини яратиш, имтиёзлар бериш, давлат ва жамоатчилик назоратини қаттиқ ўрнатиш сингари ташкилий-ҳуқуқий қадамлар ҳам зарур бўлади. Бирдан натижа бўлмаслиги, хатолар, қоқилишлар юзага чиқиши турган гап. Бироқ яқин йилларда жараён қолипга тушиб кетиши, янгича тизим ишлай бошлашига ишончимиз комил.

Азамат ЗИЁ

Манба: milliytiklanish.uz
Киритилди: 16:53, 05.04.2017.
Ўқилди: 12394 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.