Ёшлар лигасининг навбатдаги турида Муборакнинг “Машъал” жамоасини қабул қилган “Навбаҳор” ёшлари бу сафар ҳам ғалаба қозонишни уддасидан чиқа олишмади.
2017 йилги биринчиликнинг ортда қолган тўртта баҳсида атиги бир очко жамғарган «навбаҳор»чилар ғалабага бўлган умидни кейинги турга қолдиришга мажбур бўлишди.
“Машъал” жамоаси ёшлари 90 дақиқалик баҳс давомида «навбаҳор»чилардан устун эканликларини намойиш этишди. Учрашувнинг дебют қисмида муборакликлар икки бор яхшигина имкониятга эга бўлишди. Аввалига Шокир Юлдашевнинг 17 метрлардан тепган тўпини Нодир Ашурматов қайтариб қолган бўлса, Сирож Мелиевнинг тепган тўпи дарвоза устунидан қайтди. «Навбаҳор»чилар бунга Илҳом Алибоев ва Акбарали Холдоровнинг зарбалари билан жавоб қайтаришди. Лекин, «навбаҳор»чиларнинг якуний зарбалари ноаниқ кўриниш олди. 31-дақиқага келиб эса учрашувда ҳисоб очилди. Сирож Мелиев бурчакдан ошириб берилган тўпни ўткир бурчак остида бўлишига қарамай дарвозага йўллашни уддасидан чиқди. Орадан тўрт дақиқа ўтиб эса «навбаҳор»чилар ҳимоясида юзага келган хатодан Марадона Сафаров унумли фойдаланиб, ҳисобдаги фарқни иккитага оширди.
Иккинчи бўлим бошларида “Машъал” футболчилари учинчи голни ҳам уришга эришишди. Марказда амалга оширилган жарима зарбасидан кейин ташкил этилган комбинацияни Мўминжон Мелиев гол билан якунлади. «Навбаҳор»чиларда ўйин якунига қадар ҳисобни қисқартириш учун имкониятлар бўлди. Хусусан танаффусдан кейин сафга қўшилган Равшан Хурсановни ўзи икки бор муваффақият қозониши мумкин эди. Дастлаб Хурсанов ҳимоячилар таъқибидан қочиб кетиб, якуний зарбани беришда хатога йўл қўйди. 74-дақиқада эса Равшан “Машъал” дарвозасига белгиланган пенальтини голга айлантира олмади. Футболчининг тепган тўпини муборакликлар посбони Раҳим Давронов қайтаришга эришди. Абдуазиз Султоновнинг такрорий зарбасини ҳам дарвозабон бартараф этишни уддасидан чиқди.
Ёшлар лигаси, 5-тур
“Навбаҳор” – “Машъал” – 0:3 (0:2).
6 апрель. Тўрақўрғон. “Ёшлик” ўйингоҳи.
Ҳакамлар: Д. Клепиков, М. Нехочин, Р. Одилов, А. Ражаббаев.
Назоратчи – А.Арутюнов.
“Навбаҳор”: 12. Нодир Ашурматов (1. Исроил Обиджанов, 79), 4. Жавоҳир Олимжонов, 5. Тимур Толипов, 16. Аҳмад Мамадалиев (2. Билол Тошмирзаев, 46), 17. Илҳом Бойдедаев, 18. Ғолиббек Каримов (3. Иброҳим Исмоилов, 83), 22. Абдуазиз Султонов, 26. Ислом Абдуқодиров, 30. Искандар Сиддиқжанов (15. Музаффар Абдуллаев, 74), 48. Акбарали Холдоров (77. Абдулазиз Нишонбоев, 57), 70. Илҳом Алибоев (8. Равшан Хурсанов, 46).
“Машъал”: 53. Раҳим Давронов, 3. Тимур Маматов, 8. Сирож Мелиев, 16. Марадона Сафаров, 17. Даврон Тўраев (18. Бекзод Турсунов, 75), 22. Шаҳзод Абдураҳимов, 23. Шокир Йўлдошев (70. Турғунпўлат Турғунов, 77), 24. Сардор Абдураимов (13. Искандар Шодмонов, 80), 26. Игорь Тиманюк (25. Шохжаҳон Қиличев, 64), 47. Мўминжон Мелиев (10. Ойбек Жўраев, 68), 90. Владислав Павленко (20. Зафар Акрамов, 46).
Голлар: С.Мелиев (31), М.Сафаров (35), М.Мелиев (59).
Амалга оширилмаган пенальти: Р.Хурсанов (74, дарвозабон).
Огоҳлантиришлар: И.Абдуқодиров (18) - Т.Маматов (69), Ш.Қиличев (74).