Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Италия клубини тарқалиб кетишдан сақлаб қолган Эссьен хоним аслида ким?

Баҳо:
+ | -

АФРИКА ФУТБОЛИ ЮЛДУЗЛАРИДАН БИРИ МАЙКЛ ЭССЬЕННИНГ ХОТИНИ ИТАЛИЯ КЛУБИНИ ТАРҚАЛИБ КЕТИШДАН САҚЛАБ ҚОЛДИ. 

Ҳа, Акосуа Пуни Эссьен хоним «Комо» жамоасини 237 минг еврога сотиб олиб, унга нажот бағишлади. Италия учинчи дивизиони иштирокчиси энди «В» сериясига қайтиш ҳаракатини бошласа, ажабмас.

Бу қандай клуб?

Бир қарашда, «Комо» ҳеч нимаси билан эътиборни тортмайди. Тўғри, бу клуб сафида ўйнаган машҳур футболчилар қаторида Карло Кудичини, Томаззо Рокки, Жанлука Замбротта каби тан олинган ижрочилар бор. Айтганча, улардан охиргиси айни пайт жамоанинг фахрий президенти саналади. Аммо Замброттанинг асосий иш жойи Ҳиндистонда эканлигини ҳам айтиш жоиз - у «Деҳли Динамос» клубига устозлик қилмоқда. «Комо»га келсак, у узоқ 1907 йили тузилган ва бир асрдан кўп тарихида «А» сериясида 13 мавсум иштирок этган. «Комо» элит дивизионда охирги марта 2002|2003 йиллар мавсумида кўриниш берганди. Ўша вақт Фабио Капелло ҳали «Рома»ни бошқарар, «Ювентус» эса 27-марта скудетто соҳибига айланган ва кейинчалик Чемпионлар Лигаси финалида «Милан»га имкониятни бой берганди. «Ларианилар» (клуб лақаби) эса чемпионат якунига кўра, 17-ўринни банд этиб, қуйи дивизионга «қулагандилар.

Лигалараро пастлашиш кейинчалик ҳам давомийлик олиб, «Комо» 2004 йили «С2» сериясига тушиб кетди. Айни ўша йилнинг декабрь ойида эса клубда банкрот ҳолати қайд этилди. Бунда собиқ президент Энрико Прециозининг ҳаракатлари асосий омил бўлди. Яъни у клуб ҳисобидаги ўз маблағини «Женоа»га олиб ўтди. Мана, Прециози нақ 15 йилдан буён Генуя жамоасига эгалик қилмоқда (тўғри, ҳозирда хайрлашиш ҳақида ўйламоқда). Хуллас, шу бизнесмен 2003 йили «Комо»ни сотади ва орадан икки мавсум ўтгач, ўрнига қайтишни хоҳлайди. Аниқроқ айтсак, Прециози ихтиёридаги гуруҳлардан бири клубни харид қилади, бироқ шу туфайли уни «C2» сериясига қўйишмайди.

Чунончи, Италияда бир кишининг 2та ёки кўпроқ жамоага алоқадор бўлиши мумкин эмас. Мавсум старти арафасида «Комо» янги раҳбарлар гуруҳи тасарруфига ўтган бўлсада, чемпионатдан четда қолади, барибир. Чунки янги раҳбарият жамоани профессионал лига «заявка»сига киритишга улгурмайди. Шу тариқа қайта бош кўтариш ҳаракатини ярим ҳаваскорлар лигаси саналмиш «D» сериясида бошлашга тўғри келади. «Ларианилар» нақ 10 йилдан сўнг ниҳоят, «B» сериясига кўтарилишди, бироқ Италия футболининг иккинчи бўғинида атиги 1 мавсум ўйнашди, холос. Жамоа айни пайт про-лигасининг «А» гуруҳида иштирок этмоқда. Чемпионатнинг 30-тури якунлари бўйича айтсак, «Комо» турнир жадвалининг 8-поғонасида боряпти - бу «В» сериясига чиқиш йўлидаги «плей-офф» ўйинларида қатнашиш имконини беради.

Хўжайин нега яна ўзгарди?

Албатта, таназзул туфайли. Комо провинцияси судининг 2016 йил апрель ойидаги қарорига биноан, маҳаллий прокуратура клубнинг молиявий фаолияти юзасидан текширув бошлади. Ҳуқуқ органи вакилларида ҳужжатларда қайд қилинган ўта паст кўрсаткичлар шубҳа уйғотганди.

Тўғри, текширув жараёнига қарамай, «В» сериясидан тушиб кетган клубнинг про-лига рўйхатидан ўтишига рухсат беришди. Бироқ мавсум старти яқинлашган вақтда жамоа «бўйни»га яна инқироз «бў-йинбоғи» тушди. «Комо»да ҳаттоки, вақтинча куратор ҳам иш бошлади - Франческо ди Микеле. «Ларианилар» раҳбарияти табиийки, қарорни қабул қилмади ва апелляцион суд орқали уни бекор қилишга уринди. Ўтган йил охирида, яъни декабрда шикоятни кўриб чиқиш муддатини ортга суришди. Бу вақтда «Комо» аукционга қўйилди.

Кимошди савдо жараёнида клубга қўйилган бошланғич нарх 535 минг еврони ташкил этди. Таклиф қилинадиган минимал сумма эса 401 минг евро бўлиши айтилди. Илк савдода банкротга учраган жамоани сотиб олишни истовчи харидор топилмади. Кейинги 2та аукцион ҳам ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Ҳисоб бўйича 4-савдо 16 март куни ташкил этилди ва ниҳоят, «Комо»га харидор топилди. Акосуа Пуни Эссьен клуб учун 237 минг евро таклиф этди ва унинг соҳибасига айланди. Зеро, бу вақтга келиб, бошланғич нарх 227 минг еврога тушганди.

Айрим ОАВда ёзилишича, охирги савдода Эссьен хонимга чамаси 30 нафар даъвогар рақобат кўрсатган. Бироқ бунга ишониш қийин. Ахир бошланғич нархга атиги 10 минг қўшилди, холос. Муҳими, мавҳумлик, азоб вақти тугади ва клуб энди хотиржам ҳолда келажак режаларини тузиши мумкин. Хусусан, янги соҳиба «Комо» мухлисларига йўллаган мурожаатида жамоани имкон қадар тезроқ «В» сериясига олиб чиқиш учун бор имкониятларни ишга солишини алоҳида таъкидлади.

Клубда нима ўзгарди?

Ҳозирча жамоа номи, холос. Эссьен хоним келишига қадар клубнинг расмий номи Calcio Como 1907 эди. Энди бу бироз ихчамлаштирилди - FC Como. Гана ОАВда эса Акосуа Пуни жамоага ўз ватандошларини чорлашга ҳаракат қилиши ҳақида хабар берилди.

Гап фақат футболчилар хусусида эмас. Эссьен хоним ўз лойиҳасини амалга татбиқ этишда ганалик бизнесменлар ёрдамига таянмоқчи. Тўғри, ҳали «Комо» таркиби қайси янги ўйинчилар ҳисобига кучайтирилиши хусусида хабар йўқ. Шунингдек, бизнесменлар масаласида ҳам ҳеч нарса маълум эмас.

Пуни Эссьеннинг ўзи ким?

Бу ҳали ҳаммаси эмас давоми: www.iff.uz

Манба: www.std.uz
Киритилди: 00:34, 15.04.2017.
Ўқилди: 6308 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.