Златан Ибрагимовичнинг оғир жароҳат олиб жорий мавсум майдонга туша олмаслигидан хавфсираган “Манчестер Юнайтед” ёзги трансферлар мавсумида янги ҳужумчи сотиб олишни режалаштирмоқда.
Don Balon нашрининг хабарига кўра, “қизил иблислар” бош мураббийи Жозе Моуриньо “Реал” ҳужумчиси Альваро Моратани ўз клуби таркибида кўриш истагида. Шу боис, “МЮ” раҳбарияти яқин кунлар ичида “Реал”га Мората бўйича расмий таклиф юборади.
Маълумот учун, Альваро “Реал”да Карим Бензема соясида қолиб кетмоқда ва ўйин амалиётига деярли эга бўлаётгани йўқ.
Англия ОАВлари хабарига кўра, “МЮ” аввалроқ бирданига Антуан Гризманн (“Атлетико”), Ромелу Лукаку (“Эвертон”) ва Андреа Белотти (“Торино”) каби ҳужумчилар ҳизматига қизиқиш билдираётганди.