Олий лига 8-туридан ўрин олган «Нефтчи» - «Олмалиқ» (1:1) баҳсидан сўнг, мезбонлар катта мураббийи Мурод Исмоилов журналистларнинг саволларига жавоб берди.
«Олмалиқ» - яхши жамоа. Бугун улар бизда яхши таассурот қолдиришди. Олмалиқликлар ҳимоя чизиғида тартибли ўйин намойиш этишди. Стандартларга ҳам кўп урғу беришди. Айнан ён чизиқдан тўп ташлаб берилган вазиятда бизнинг дарвозамизни ишғол этишди. Бевосита ўзимизнинг ўйинимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, бугун йигитлар тўпни назорат қилиш борасида рақибдан устунликка эришишди. Дарвозаларга берилган зарбалар борасида ҳам шундай фикр билдириб ўтиш мумкин. Мазкур ўйинда кўпроқ ҳужумга эътибор қилдик. Лекин жисмоний тарафдан "Олмалиқ" футболчилари ўз устунликларини кўрсатишди. Ижобий томони, йигитлар мағлубият билан якунланаётган ўйин натижасини ўзгартиришга эришишди. Афсуски, ғалаба қозона олмадик. Энди навбатдаги баҳсларга эътибор қаратамиз.
Кетма-кет мағлубиятлар барибир футболчиларга ўз таъсирини ўтказяпти. Руҳий тарафдан уларга далда беришга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ кўп нарса уларнинг ўзларига боғлиқ. Биз яхши савиядаги футболчиларни йиққанмиз. Мен уларни маҳоратига шубҳа қилмайман. Айни пайтдаги энг муҳим вазифамиз футболчиларни ўзларига бўлган ишончини қайтаришдир» - деди Мурод Исмоилов.