Мамлакатимиздан турли даврларда маҳоратли дарвозабонлар етишиб чиқишган. Павел Бугало, Олег Беляков, Анвар Жаб-боров, Игнатий Нестеров... Ушбу рўйхатга «Насаф» кипери Элдор Суюновни ҳам бемалол киритиш мумкин. Миллий термамиз аъзоси ҳисобланган посбон бугунги кунда қаршиликларнинг етакчи вакилига айланиб улгурган. Биз навбатдаги тур ўйинларидан сўнг Суюновни суҳбатга тортиб, турли мавзудаги саволларимизга жавоб олдик.
- Чемпионатимизда кутилмаган натижалар етарлича қайд этилди. Бу ҳолат шахсан сиз учун «сюрприз» бўляптими?
- Албатта, барча қатори мен учун ҳам аксарият ўйинларда қайд этилаётган натижалар кутилмаган бўляпти.
- Қайси жамоаларни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
- Ҳеч бир клубни алоҳида кўрсатмайман. Шахсий фикримча, барчаси тахминан 10-турдан сўнг ўз жойига тушади.
- «Пахтакор»нинг ўйини ҳамда қайд этаётган натижалари ҳақида нима дея оласиз?
- Мен «Насаф» футболчисиман. Шу сабабли, бошқа жамоа тўғрисида гапиришдан ўзимни тияман.
- «Пахтакор»га чемпионат бошланиши олдидан «Насаф» учун асосий рақиблардан бири сифатида қаралганди. Шуни назарда тутиб сўраган эдим.
- Тўғрику-я, лекин биз ҳозир ўз ўйинимизга эътибор қаратишимиз лозим.
- Жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлдингизми?
- Шукрки, ҳаммаси ортда қолди, ўзимни анча тетик ҳис қиляпман.
- Элдор, Қаршидаги «Марказий» стадионда катта ҳажмдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Сизларга уй ўйинларини Ғузорда ўтказиш қийинчилик ёки ноқулайликни юзага келтирмаяптими?
- Биз футболчиларга бунинг унчалик ҳам аҳамияти йўқ. Ҳеч қандай қийинчилик ёки ноқулайликни юзага келтирмаяпти. Лекин мухлисларимизга анча қийин бўлмоқда. Қарши шаҳридан бир неча километр йўл юриб, Ғу-зорга бориш осон эмас.
- Миллий терма жамоамиз ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиш учун курашни давом эттиряпти. Гуруҳда 3та мураккаб ўйин қолди. Вазиятга реал қараб, ҳозирги ҳолатимизга қандай баҳо берасиз?
- Имконият бор экан, ундан максимал даражада фойдаланиб қолиш шарт. Энг муҳими, ҳаммаси ўз қўлимизда. Демак, охиригача курашамиз.
- Сурия термасидан қабул қилинган мағлубиятни ҳали эсдан чиқармагандирсиз?
- Дарҳақиқат, ютқазиш жуда алам қилди. Ҳеч бўлмаса, дуранг натижа сақланиб қолинганида ҳам ҳозир Жанубий Корея жамоаси билан очкомиз бир хил бўларди.
- Навбатдаги ўйиндаги рақибимиз - Эрон термасини ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин?