Кириш Регистрация

Бокуда IV “Ислом бирдамлик ўйинлари” старт олди

Баҳо:
+ | -

8 май куни Озарбайжон пойтахтида IV "Ислом бирдамлик ўйинлари" мусобақаси старт олди.

Ҳозирча Бокуга 44 нафар спортчиларимиз етиб келишди. Демак гандбол, бокс, бадиий гимнастика ва ўқ отиш бўйича терма жамоамиз аъзолари Бокудаги Спортчилар шаҳарчасига жойлашиб бўлишди. Бу ерда мусобақа иштирокчилари учун барча шароитлар мухайё этилган. Тиббий хизмат ва овқатланиш шаҳобчалари 24 соат давомида узлуксиз ишлаб турибди.

Қолаверса беллашувлардан бўш пайтда спортчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари ва вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ташкилий қўмита томонидан бир қатор маданий дастурлар ишлаб чиқилган. Бир сўз билан айтганда мусобақани ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтказиш учун катта ҳажмда иш олиб борилгани кўриниб турибди.

Бугун кечқурун делегациямиз таркибини жаҳон спорт гимнастикаси афсонаси, спортнинг ушбу тури бўйича Олимпия ўйинларининг ягона 7 карра иштирокчиси Оксана Чусовитина тўлдиради. Боку шаҳрига етиб борилиши билан Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўринбосарлари Назиржон Худайкулов ва Хумоюн Ибрагимовлар ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда мураббийлар штаби билан йиғилиш ўтказишди.

Унда барча масъул шахсларга зарур топшириқлар берилди. Ўзбекистон делегацияси учун Спортчилар шаҳарчасидан алоҳида жой ажратилди. Айни вақтда Бокуга дунёнинг турли бурчакларидан спортчилар етиб келишмоқда.

IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”да 57 та давлатдан 3500 дан зиёд спортчилар иштирок этиши кутилмоқда. Энг катта делегациялар қаторида мусобақа мезбони Озарбайжон, шунингдек, Туркия ва Саудия Арабистони терма жамоаларини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон шарафини нуфузли мусобақада 103 нафар ҳамюртларимиз спортнинг 15 та турида ҳимоя қилишади. Демак, спортчиларимиз бокс, таэквондо, дзюдо, каратэ, ўқ отиш, гандбол, теннис, оғир атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, енгил атлетика, пара-дзюдо ва пара-атлетика спорт турлари бўйича ўтказиладиган беллашувларда иштирок этадилар.

Вакилларимиз орасида биринчи бўлиб гандболчи қизларимиз мусобақадаги иштирокларини бошлаб беришди. Бугун Исмоилжон Аҳмедов шогирдлари дастлабки учрашувни Туркия терма жамоасига қарши ўтказишди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, гандбол бўйича терма жамоамиз асосини 2016 йилда Словакия ва Россияда бўлиб ўтган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган қизларимиз ташкил этишганди. Афсуски учрашувда туркиялик гандболчи қизлар тажриба бобида устунлик қилишди ва беллашувни ўз фойдаларига ҳал қилишди.

Делегациямизнинг асосий қисми Бокуга 11 май куни етиб келади. Спорт курашлари бўйича терма жамоамиз аъзолари эса Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатидаги иштирокларини якунлаб 15 май куни Озарбайжон пойтахтида делегациямиз сафини тўлдиришади.

12 май куни соат 21:00 да Бокудаги Олимпия стадионида IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Шу кундан эътиборан аксарият спорт турлари бўйича баҳслар бошлаб юборилади. Эслатиб ўтамиз, мусобақа 22 майга қадар давом этади.

Манба: olympic.uz
Киритилди: 17:52, 09.05.2017.
Ўқилди: 3944 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.