Ўзбек клубларининг ҳар иккиси Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичини сўнгги ўринда якунлади. "Локомотив" плей-офф босқичига чиқиш учун сўнгги турда БААнинг "Ал-Аҳли" клубини сафарда мағлуб этиши керак эди.
Баҳс бошида ўзбекистонликлар рақиб билан тенгма-тенг ўйин олиб боришди. Учрашувнинг 25-дақиқасида "темирйўлчилар" ўта қулай имкониятга эга бўлишди. Сардор Мирзаев ўнг томондан жарима майдончасига кирди ва Бобожоновга узатма берди. Аммо Мурод яқин масофадан дарвозага аниқ зарба берди. "Локомотив" профессионал футболчига ярашмаган иш қилди, очиғи.
Орадан 2 дақиқа ўтиб "Ал-Аҳли" ҳисобни очди. Мезбонлар жаримадан тўпини ўйинга киритган пайтда Маъмур Икромов ўта ишончсиз тарзда олдинга чиқди ва дарвозани бўш қолдирди. Салмин Хамис дарвозани ишғол қилди.
Ушбу гол ўйиннинг бориши таъсир кўрсатди. Тошкентликларнинг ҳужумлари ўтмаслашиб қолган бўлса, "Аҳли"нинг қарши ҳужумлари анча кескин кўриниш ола бошлади. Агар дубайликлар вазиятлардан фойдалана олишганида, улар танаффусга қадар ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишлари мумкин эди.
Иккинчи бўлимни вакилларимиз ҳужумкор руҳда бошлашди. "Локомотив" 2-3та вазият яратди, аммо уларни голга айлантира олмади. Баҳснинг 59-дақиқасида эса Маъмур Икромов ғалати автогол муаллифига айланди. Ҳимоячиларимиз Ҳаммадийга жарима майдончамизга кириб зарба бериш имконини беришди. Тўп олис устунга тегиб қайтдию, дарвозабоннинг белига тегиб, тўрга бориб тушди.
Мазкур гол баҳс тақдирини ҳал қилиб бўлди. Еличич томонидан амалга оширилган ўйинчи алмаштиришлари ҳам ҳеч қандай наф бермади. Коне майдонни тарк этганидан кейин мезбонлар кетма-кет хавфли вазиятлар ярата бошлашди. Икки марта дарвоза тўсини "Локо"ни голдан қутқарган бўлса, бир марта Гьян Икромовни аяб ўтирмади ва ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйди. Боз устига, "Ал-Аҳли"нинг бразилиялик футболчиси Эвертон Рибейро ҳам ўз ҳисобига битта гол ёзди ва ҳисобни хунук кўринишга келтириб қўйди.
Шу тариқа, плей-офф босқичи умидида БААга йўл олган "Локомотив" гуруҳнинг сўнгги поғонаси билан Тошкентга қайтадиган бўлди.
ОЧЛ, "А" гуруҳи, 6-тур
Дубай, БАА, «Ар-Рашид» стадиони, соат 20:50
«Ал-Аҳли» - «Локомотив» 4:0 (1:0)
Голлар: Салмин Хамис (25), Маъмур Икромов (59-автогол), Асамоа Гян (72), Эвертон Рибейро (77)
Огоҳлантиришлар: Олег Зотеев (18), Ислом Тўхтахўжаев (58)
«Ал-Аҳли»: Мажид Носир, Салмин Хамис, Асамоа Гьян (Волид Ҳусайн 78), Ҳабиб Фардан (Волид Амбар 81), Валид Аббос, Исмоил Ҳаммадий, Эвертон Рибейро, Хамис Исмоил, Саид Аҳмад, Абдулазиз Ҳайкал (Муҳаммад Себил 82), Абдулазиз Санқур
«Локомотив»: Маъмур Икрамов, Кахи Махарадзе, Икром Алибоев, Марат Бикмаев (Диёр Туропов 79), Сардор Мирзаев, Ислом Тўхтахўжаев, Мурод Бобожонов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Олег Зотеев, Муҳаммад Коне (Темур Кападзе 61), Жалолиддин Машарипов (Қувондиқ Рўзиев 67)