Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Маэстро», «Узатмалар қироли» ёҳуд Пирло ҳақида

Баҳо:
+ | -

Андреа Пирло. Замонавий футболдаги энг кучли марказий ярим ҳимоячилар рўйхатининг олдинги қаторларидан жой олган итальян фахрийси айни пайт «Нью-Йорк Сити» шарафини ҳимоя қилиш асносида сермаҳсул фаолиятига хотима ясашга ҳозирланмоқда.

L~Equipe (Франция) ҳафтаномаси журналистлари ҳақли равишда «Маэстро», «Узатмалар қироли» каби таърифларга лойиқ кўрилган жаҳон чемпиони билан суҳбатлашиш илинжида унинг ортидан АҚШга боришди. Андреа эса шу интервью баҳонасида хаёлан еврофутболга қайтиб, фаолият йўли, жумладан, ўзи учун футболдаги энг бахтли ва нохуш кунни эслади. Шунингдек, у «ПСЖ» вакили Марко Верраттининг келажагига юксак баҳо берди.

Икки гол оралиғи...

- Ҳозир бутун еврофутбол Чемпионлар Лигаси билан яшамоқда. Турнирнинг 2015 йилги финали якунини кўпчилик яхши эслаб қолган бўлса, ажабмас. Ўшанда клубингиз - «Ювентус» бош соврин тақдирини ҳал қилувчи баҳсда «Барселона» олдида ожиз қолган (1:3 ҳисобида) ва сиз майдонда кўз ёши тўккан эдингиз...

- Бу биринчи кўз ёшларим эмасди. Яъни 2005 йили «Милан» сафида «Ливерпул»га ютқазганимизда ҳам (асосий вақтда 3:3 ҳисоби қайд этилган ва пенальтилар сериясида итальянлардан омад юз ўгирган - 2:3), беихтиёр йиғлаб юборгандим. Умуман, ўша кун мен учун профессионал фаолиятим давомидаги энг нохуши саналади.

Эсимда, жамоамиз кийиниш хонасида шунчалик сукунат юзага келгандики, яна кўз ёшлари оқиб тушаверган... Худдики, ҳаммаси тушда содир бўлгандек, ахир воқеалар реалликка мутлақо зид ҳолда ривожланганди. Ўзингиз ўйланг, финал ўйинининг биринчи бўлимида 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олиб, якунда ютқазиш мумкинми? Бунақасини истаган тақдирингда ҳам такрорлай олмайсан! Ҳозиргача ўйлаб-ўйлаб, ўша ўйинни қандай бой берганимиз тагига етолмайман... Бундай қисматни ҳаттоки, душманимга ҳам раво кўрмайман.

- ЖЧ-2006 ярим финали ва финалидан кейин эса ҳамма бошқача кўз ёш тўкишингизга гувоҳ бўлган - бахтиёрлик ҳосиласи. Германия термасига қарши кечган ярим финал баҳсининг 119-дақиқасида Фабио Гроссога шундай қойилмақом тўп узатгансизки, унинг олдида ҳисобни очишдан бошқа чора қолмаганди, гўё...

- Ҳа, буниси энди фаолиятимдаги энг бахтли лаҳзалар бўлса керак. Фантастика, таърифлашга тил ожиз. Ўшанда 2та голимиз оралиғида бутун бир давр ўтиб кетгандек туюлганди, ваҳоланки, атиги 1 ёки 2 дақиқада барчасига нуқта қўйгандик  (Италия терма жамоасининг иккинчи голи 120}1-дақиқада Алессандро Дель Пьеро ҳисобига ёзилганди). Буни ҳам тушунтириб бериш имконсиздир. Боз устига, немислар билан Дортмундда ўйнагандик ва уларнинг бу шаҳарда бирор марта мағлубиятга учрамаганларини ҳам билардик. Финал ўйинининг ўзи эса битта тарих.

- Франция термасига қарши кечган ҳал қилувчи учрашув арафасида тун бўйи Алессандро Неста билан PlayStation ўйинидан бўшамаганингиз ростми?

- Ҳа, ҳа, доимгидек, роса ўйнагандик. Умуман, мен ва Алекс неча йиллар давомида «Милан»да ҳам, терма жамоада ҳам бўш вақтни асосан PlayStationга ажратганмиз. Одатга кўра, доимо «Барселона» жамоасини танлардим. Яна финалга қайтсак, ҳаммаси худди кеча рўй бергандек хотирамда турибди - унутилмас лаҳзалар... Умуман, реал ҳаётда ғалаба нашъаси тасаввурингдагисидан 10 чандон кучли бўлиши табиий ҳол. Аслида балки орзумиз худди қайсидир фильм ёки мультфильм қаҳрамоникидек бошқача бўлгандир. Мисол учун, финалда Бразилия термаси билан ўйнашни тасаввур қилгандирмиз. Аммо амалда Франция миллий жамоасидан устун келиб, жаҳон кубогида бош узра баланд кўтардик ва бу таърифланмас воқеадир.

Соддаликка асосланган ҳаракат

- Энди психотаҳлил сеанси ўтказишга уриниб кўрамиз: тўпни қабул қилиб олгач, биринчи навбатда, миянгизда қандай хаёллар чарх уради?

- Айтарли ҳеч нарса. Умуман, миямга нималар келишини ҳаттоки, тушунтириб ҳам беролмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, шахсий фалсафам бўйича футболда энг асосийси - оддийлик. Ҳаммасини осонгина бажариш имкони бўла туриб, ишни нега мураккаблаштириш керак? Сизнинг содда ҳаракатларингиз шерикларингизга ҳам қўшимча енгиллик яратади, ахир.

- Алоҳида ўйин услубингизни назарда тутиб, сизни ўзига хос меъмор сифатида ҳам таърифлаш мумкин. Хойнаҳой, мактабда геометрия ва математика фанларига алоҳида меҳр берган бўлсангиз керак. Умуман, санъатга муносабатингиз қандай?

- Адашдингиз, математика ва геометрия каби мураккаб фанлар бўйича сира мақтанолмасдим. Шунчаки, ноль! Санъатга келсак, буниси табиатимга жуда мос. Бироқ футбол бош-қа нарсада, барибир. Модернга ҳавасим баланд. Бунга «Милан»да ўйнаган вақт «асир» тушганман. Чунончи, клуб спорт директори Арьедо Брайда нуқул қандайдир картиналар ҳақида гапирарди ва сира чарчамасди. Хуллас, у нимадир сотиб олишимни тавсия этиб, бизни кўргазмага бошлаб борганди. Кейинчалик йигитлар ва қайсидир мураббийлар билан ҳам мусаввирлар кўргазмасига боришни одатга айлантирдик. Хусусан, ёрдамчи мураббий Мауро Тассотти кўп бора ҳамроҳлик қилганди. Дейлик, айни пайт уйимда турли картиналар жуда кўп.

-  Хўш, сиз учун энг зўр рассом ким?

- Пикассо. Ҳар сафар унинг бирор ижодига назар ташлаганимда, янги-янги таассоротлар уйғонади. Кўпчилик билади, Нью-Йорк жаҳон санъати пойтахти саналади. Шаҳардаги Замонавий санъат музейининг ўзи бир олам. Яна Гуггенхайм музейи ҳам алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, саноқсиз картиналар галереяси мавжуд. Мени бундай жойларда тез-тез учратиш мумкин.

Тўпни узат ва ҳеч нарсани ўйлама

ДАВОМИ

 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 00:19, 11.05.2017.
Ўқилди: 3794 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.