Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячиси Федерико Вальверде келаётган ёзда жамоани тарк этиши мумкин. Уругвайлик футболчининг сотиб юборилиши ҳақидаги гап-сўзлар унинг жамоадоши Орельен Тчуамени билан содир бўлган жанжалидан кейин янада авж олди.
Le Journal du Real нашрининг хабарига кўра, «қироллик клуби» раҳбарияти 27 ёшли хавбекнинг хулқ-атвори туфайли у билан хайрлашиш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда. Бунга фақатгина яқинда юз берган можаро эмас, балки футболчининг жамоа собиқ устози Хаби Алонсо билан бўлган келишмовчиликлари ҳам сабаб сифатида кўрсатилган.
Қайд этилишича, «Реал» раҳбарияти Вальвердени сотиш орқали бошқа футболчиларга «дарс» бериб қўймоқчи. Бу қадам ҳар қандай нуфузли ва обрўли ўйинчига ҳам интизомсизлик кечирилмаслигини кўрсатувчи муҳим ишора бўлиши мумкин. Шунингдек, трансфер бозорида Вальвердега бўлган талабнинг юқорилиги ва кўплаб клублар у учун катта маблағ таклиф қилишга тайёрлиги ҳам «мадридликлар»нинг сотув бўйича қарорига таъсир қилиши айтилмоқда.













