«Динамо» - «Насаф» (1:1) учрашувида Самарқанд жамоаси голига муаллифлик қилган Жасур Азимов шу куни майдонда энг фаол тўп сурган футболчилардан бири бўлди. Ўйиндан кейин футболчининг учрашув борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Жасур, аввало «Насаф» билан кечган учрашув борасида тўхталсангиз. Ўйин ва натижадан қониқдингизми?
- «Насаф» билан ўйин оғир ўтишини билардик. Баҳс олдидан мураббийларимиз ҳимоявий ўйин намойиш этиб, қарши ҳужумларда тўп суришимизни уқтиришганди. «Насаф» асосан Акмал Шораҳмедов орқали айнан мен тўп сурган қанотдан кўпроқ ҳужум қилиши маълум эди, шу боис мен ҳам имконқадар ҳужумга қўшилишим керак эди. Гол бўлган вазиятни машғулотларда кўп машқ қилардик. Бу сафар ўйинда ушбу комбинацияни синаб кўриб, гол уришга эришдим. Ўйинимдан тўлиқ қониқдим дея олмайман. Шу куни ғалабани ушлаб қолишимиз керак эди, аммо омадимиз келмади.
- «Насаф» дарвозасига киритган голингиз Олий Лигадаги дастлабкиси…
- Худди шундай, Олий Лигадаги биринчи голимни урдим. Бу мен учун энг чиройли голим бўлди. Янада ишлаб, бундан кейин ҳам мухлисларимизни қувонтиришга интиламан.
- Сизни олдин таянч яримҳимоячиси сифатида билардик. Ҳозир эса чап қанотда тўп сураяпсиз. Ўзингизга қолса, қайси чизиқда тўп суришни истардингиз?
- Очиғини айтсам, олдинги йиллар таянч яримҳимоясида тўп сурганлигим сабабли ўзимга чап қанот ҳимоясидан кўра, яримҳимояда тўп суриш ёқади. Ҳозирги амплуам ҳам ёмон эмас, мураббийлар қаерда фойдам кўпроқ тегишини айтишса, ўша ерда тўп сураман. Биринчи навбатда жамоа манфаати.
- Олдинда «Динамо»ни «Обод» билан ўйин кутиб турибди…
- Тошкентдаги учрашувга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Сўнгги тўрт ўйинда ғалабага яқин келган бўлсакда, қўлга кирита олмадик. Шунга қарамай, мухлисларимиз ҳар қандай вазиятда жамоамизни қўллаб-қувватлашда давом этишмоқда. «Обод» ҳам анча яхши жамоа, уларга қарши шиддатли ўйин бўлишига ишончим комил. Бу баҳсда бизни фақат ғалаба қаноатлантиради.