Кириш Регистрация
20/05 00:00 Лорьян 5-0 Клермон
20/05 00:00 Монако 4-0 Нант
20/05 00:00 Лилль 2-2 Ницца
20/05 00:00 Лион 2-1 Страсбур
20/05 00:00 Реймс 2-1 Ренн
20/05 00:00 Ланс 2-2 Монпелье
20/05 00:00 Тулуза 0-3 Брест
20/05 00:00 Гавр 1-2 Марсель
20/05 00:00 Метц 0-2 ПСЖ
20/05 19:00 Динамо 1-1 Пахтакор
20/05 19:00 Сурхон 0-1 Насаф
20/05 21:30 Салернитана 1-2 Верона
20/05 23:45 Болонья - Ювентус

Невио Скала: «Александр Самедов одоб-ахлоқ бобида ажралиб турарди»

Баҳо:
+ | -

Италиялик Невио Скала 2004 йили «Спартак»нинг янги давридаги илк хорижий мураббийи сифатида гавдаланганди. Умуман, у Россия чемпионатида ишлаган дастлабки итальян мутахассиси бўлганди.

Қарангки, москваликлар узоқ танаффуслдан сўнг Скаланинг ҳамюрти - Массимо Каррера бошқарувида яна чемпионлик нашидасини суришди. «СЭ» нашри шу муносабат билан 69 ёшли Скалани безовта қилди.

- Ватандошингиз Массимо Каррера учун мамнундирсиз...

- Нафақат мамнунман, балки Италия мураббийлик мактаби шарафини муносиб ҳимоя қилаётгани билан фахрланаман ҳам. Мана, Карло Анчелотти финишга 3та тур қолганида, «Бавария» ғалабасини таъминлади, Антонио Конте Англия чемпионати шоҳсупаси турибди. Вақтида Фабио Капелло, Жованни Траппаттони, Марчело Липпи ва Роберто Манчини ҳам тарихий ғалабаларни қайд этишганди.

- Сизнингча, Италия мураббийлик мактабининг устунлик жиҳати нима?

- Аввало, қулай руҳий муҳитни барпо этиш зарур. Ўйинчилар мураббийга 100 фоиз ишонишлари ва унинг кўрсатмаларини тўлиқ адо этиш учун бир тану, бир жонга айланишлари керак.

- Тактикачи, унинг роли қай даражада?

- Тактика ҳам муҳим, лекин бу иккинчи даражали масала. Ҳар қандай схема фақат юксак кайфият шароитида наф келтиради. Хуллас, руҳият биринчи ўринда туради. Жамоада ҳамжиҳатликка эришилмас экан, тактика ҳеч нарсани англатмайди.

- Каррера ҳам ЦСКА устидан қозонилган ғалабадан сўнг муваффақият гарови сифатида «Спартак»нинг аҳил оилага айланганини эътироф этди. Ёш касбдошингизни нечоғли танийсиз?

- Албатта, уни биламан, лекин фақат футболчи сифатида. 20 йил аввал «Парма»ни бошқарганман, Каррера ўша вақт «Ювентус» ҳимоясида тўп сурарди. «Спартак»ка устозлик қила бошлаганимда ҳам, у футболчилик фаолиятини давом эттираётганди.

- Умуман, Карреранинг муваффақиятидан ажабландингизми?

- Йўқ. Дейлик, италиялик мураббий олдин ҳам Россия чемпионатида ғолиблик нашъасини тотиб кўрган - Лучано Спаллетти «Зенит»ни шоҳсупага кўтарганди. Мен эса «Шахтёр» билан Украина чемпионлигига эришганман. Айтганча, Москва клубига айнан «Шахтёр»дан ўтган эдим.

- Александр Самедовнинг 12 йиллик танаффусдан сўнг «Спартак»ка қайтганидан хабардормисиз?

- Ҳа, эшитдим. Саша менинг давримда мунтазам равишда майдонга туша бошлаган ва умидли ёшлардан эди. Айниқса, одоб-ахлоқ бобида ажралиб турарди.

- Кўринишидан, Россия чемпионатини мунтазам кузатиб борасиз, чоғи.

- Рости, унчалик эмас. Тўғри, ТВ орқали натижалар ва турнир жадвали ҳолати билан танишиб бораман. Боз устига, Италия матбуоти рус лигасини кам ёритади.

- Ваҳоланки, Италия вакили етакчи жамоани бошқармоқда, бу оммани қизиқтирмайдими?

- Каррера - ёш мураббий. ОАВ ходимлари эса асосий эътиборни Европадаги  топ-чемпионатларда ишлаётган мутахассисларга қаратадилар.

- «Спартак» соҳиби Леонид Федун билан шахсан таниш бўлсангиз керак. Зеро, у айнан сиз ишлаган мавсум клуб акцияларини сотиб олганди.

- Албатта, биз яхши танишмиз. Умуман, раҳбарият вакилларидан биргина у мен билан самимий муносабатда бўларди. Ҳарқалай, фикр-мулоҳазаларимни эшитарди. Шу боис, Леониддан миннатдорман ва ниҳоят, муваффақиятга эришгани билан табриклайман.

Маълумот учун

Невио СКАЛА

Туғилган санаси ва манзили: 1947 йил 22 ноябрь, Лоццо-Атестино (Италия)

Футболчилик фаолияти: «Милан» - 1965-1966; 1967-1969, 1975-1976; «Рома» - 1966-1967; «Виченца» - 1969-1971; «Фиорентина» - 1971-1973; «Интер» - 1973-1975; «Фоджа» - 1976-1979; Монца» - 1979-1980; «Адриеза» - 1980-1981

Футболчи сифатидаги ютуқлари: Италия чемпиони - 1967|1968; Кубок эгалари кубоги соҳиби - 1967|1968; Европа Чемпионлар кубоги соҳиби - 1968|1969

Мураббийлик фаолияти: «Виченца» -1986-1987; «Реджина» - 1987-1989; «Парма» - 1989-1996; «Перуджа» - 1996-1997; «Боруссия» Д. - 1997-1998; «Бешиктош» - 2000-2001; «Шахтёр» Д. - 2002; «Спартак» М. - 2003-2004

Мураббий сифатидаги ютуқлари: Италия кубоги соҳиби - 1991-1992; Кубок эгалари кубоги соҳиби - 1992-1993; УЕФА кубоги соҳиби - 1994-1995; Европа суперкубоги соҳиби - 1993; Қитъалараро кубок соҳиби - 1997; Украина чемпиони - 2001|2002

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:29, 16.05.2017.
Ўқилди: 2655 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.