Айни дамда барчамизнинг эътиборимиз шак-шубҳасиз Сардор Рашидовнинг кейинги тақдирига қаратилган. Айни дамда Қатарнинг “Ал-Жаиш” клубидан кетиши деярли аниқ бўлиб улгурган Сардор совчиларсиз қолгани йўқ. Унга аллақачон бир нечта жамоалар харидор бўлиб улгуришди. Бироқ...
ХАТОНИНГ БОШЛАНИШИ
Аслида, ана шу “бироқ” бизни 2015 йилда қийнаганди. Ўшанда ажойиб ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган Сардор Рашидов ўзига билдирилган таклифлар орасидан “Ал-Жаиш”ни танлаганди (ёки уни шу вариант тўғри эканлигига ишонтиришган). Ўшанда ишқибозларнинг ҳафсаласи пир бўлгани бор гап. Сабаби биз Сардорни ҳеч бўлмаганда Францийа чемпионатида кўришни орзу қилгандик (адашмасам, қайсидир француз клуби Сардорга қизиқиш билдирганди ҳам). Чунки Сардор дунёнинг энг кучли бешта чемпионатидан бирида ўйнашга муносиб эди, бунга имконияти ҳам, иқтидори ҳам етарди. Ахир ҳозирда ҳам Европанинг кучли жамоаларида имконияти Сардорникидан ортиқ бўлмаган футболчилар ҳам ўйнаб юришибди-ку. Шу боис биз буни жуда истагандик, бироқ...
КЎККА СОВУРИЛГАН ВАҚТ
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Сардор Қатар чемпионатига ўтиб, ютдими? Бизнинг чемпионатга нисбатан олиб қараганда, ҳа. Аммо ўзининг иқтидоридан келиб чиқиб қараганда йўқ. Сардор “Ал Жаиш”да мақташга арзигулик, кўзга кўринарли натижага эриша олмади. Йўқ, биз бу билан Сардор ҳеч нарсани қойиллата олмайди, демоқчи эмасмиз, асло. Шунчаки Қатар чемпионати кўп нарсани қойиллатадиган савияда эмас, Қатар чемпионатида зўр ўйнаб, Европа клубларининг эътиборига тушиш мушкул. Қатар чемпионати ҳам Осиёнинг бир чемпионати, холос. Шунданми, бизнинг Сардор Рашидов “Ал Жаиш”нинг юлдузига айланди, бироқ ўзи учун фойдали бўладиган, карьерасига таъсир қиладиган қадам ташлай олмади.
ХАТОНИНГ ТУГАЛЛАНИШИ
Энди футболчимиз хатосини тўғрилаши мумкин. Айни дамда унинг олдида беш-олтита вариантлар турибди — Қатарнинг “Ал ғарафа” жамоаси. Мазкур клубга ўтиш Сардорга ҳеч қандай фойда бермайди. Аксинча, яна битта хато қадам ташланишига сабаб бўлиши мумкин. “Ал-Айн” бизнингча, Сардорга таклиф билдирган жамоалар орасида тузукроғи шу, бироқ Сардор иложи борича юқорироқ дорга осилгани маъқул. “Ал-Аҳли”, “Ал-Васл” ва “Ал-Виҳдат” эса футболчимиз учун аллақачон эришиб бўлинган чўққи. Бизни қувонтиргани Италия чемпионати вакили “Кьево”нинг Сардор Рашидовни сотиб олмоқчи эканлигидир. Очиғи, бу таклиф Сардор учун жуда фойдали, биз учун жуда-жуда қимматли. “Кьево” кейинги мавсумда ҳам А церийада ўйнайди. Яна бир нарсани ишонч билан таъкидлайманки, Сардор бемалол “Кьево”нинг асосий таркибидан жой олади. Чунки италян клуби асосий таркибида ўйнайдиган футболчиларнинг Сардордан ортиқ жойи йўқ, буни “Рома”га қарши кечган ўйинда кўрдик.
Айни дамда “Ал Жаиш” “Кьево”дан каттароқ миқдорда пул сўраган Сардор Рашидов учун. “Кьево” эса ўз навбатида фикридан қайтмоқчи экан. Аммо биз жуда хоҳлардик италян клубининг кўзи очилишини-ю Қатар жамоасига Худо инсоф беришини. Ахир ўзбек футболининг “инжиқ” муҳитида ҳар доим ҳам Сардор Рашидовлар шаклланавермайди-ку, тўғрими? Чекка-чеккаларда шунчаки тўп тепиб юрган иқтидорли “Сардор Рашидовлар” ҳар доим ҳам эътиборга тушавермайди-ку. Шу боис бундай имкониятдан фойдаланиш керак.