Тошкентнинг «Локомотив» футбол клубининг австралиялик мураббийи Мирко Йеличич мураббийларнинг "B" лицензияси учун ўқишни бошлади.
Тошкентда ўтаётган ўқув курсларига Ислом Аҳмедов бошчилик қилаётгани ЎФФнинг Twitter’даги саҳифасида акс этган. Қизиқ томони шундаки, "B" лицензияси учун Мирко Йеличичнинг шогирдлари ҳисобланган Сервер Жепаров ҳамда Тимур Кападзе ҳам бир вақтда таҳсил олмоқда.
Маълумот учун, болаларга устозлик қилиш учун мураббийлар аввалига "C" лицензияси учун таҳсил олади. Кейинги поғона "B", ундан кейингиси эса "А" лицензияси.
Олий лига клубларига устозлик қилиш учун мураббийларда фақатгина "Про" лицензияси бўлиши шарт. Мирко Йеличичда бундай лицензия йўқ, шунинг учун ҳам у «Локомотив» клуби бош мураббийи ҳисобланмайди. Бу вазифа Андрей Микляевга тегишли.