Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Интервью. Давид Луис: «Футбол мени қутқарди»

Баҳо:
+ | -

Лондоннинг «Челси» клуби бош мураббийлигига Антонио Конте тайинлангач, унинг энг ақлли қарорларидан бири «ПСЖ»дан Давид Луисни қайтаргани бўлди. Бразилиялик қўнғирсоч «аристократлар»нинг аксарият ўйинларида ўзидан ёрқин таассурот қолдириб, италиялик мутахассиснинг ишончини оқлади. АПЛ чемпионлигини қўлга киритган тажрибали ҳимоячи яқинда Британиянинг нуфузли Daily Mail нашрига интервью берди.

- Болалигимдан машҳур бўлишни орзу қилардим, - дейди Луис. - Синглим билан футбол ўйнаётганимизда, менинг машҳур ўйинчи бўлишимни хоҳларди. Унга дастхат берганимда, қувончи ичига сиғмасди. Бир куни беихтиёр синглимни хафа қилиб қўйганимда, отам ёнига чақириб, шундай деганди: «Энг аввало, меҳрибонлик ва ростгўйликни ўрган. Шундагина етук футболчи бўлишинг мумкин». Айнан шу суҳбат атрофдагиларга нисбатан муносабатимни мутлақо ўзгартириб юборган. Энди мен машҳурман, мабодо мухлислар даст­хат олиш ёки суратга тушишни хоҳлашса, уларнинг эҳтиёжини қондиришга тўғри келади. Ўйлайманки, ҳар доим шундай қилиш керак. Чунки биз учун оддий туюлган бундай жиҳатлар кишилар қалбига қувонч улашиши тайин.

- Ота-онангиз - сиз учун ўрнакми?

- Албатта. Ҳаёт тарзим кескин ўзгариб кетди. Баъзида ота-онамга астойдил назар соламан - улар ҳамон ўша-ўша, менга доимо тўғри маслаҳат берадиган камтар одамлар. Отам ҳар доим футбол билан шуғулланган, унинг орзуси «Атлетико Минейро»да тўп суриш эди. Ҳаттоки, биринчи жамоа таркибига кирган, лекин клубда маош катта бўлмагани туфайли параллель равишда бошқа касбда ҳам ишлашига тўғри келган. Ўшанда у менга: «Футбол - сен учун, мен учун эмас», деганди.

- Футболчилик фаолиятингиз қандай бошланган?

- «Сан-Паулу» ёшлар жамоасида шуғулланардим. База биз яшайдиган ҳудуддан узоқроқда жойлашгани боис кўпинча уйга кеч қайтардим. Ўқишга умуман вақт топилмасди. Отам кечки пайт таълим олишим учун академия раҳбаридан рухсат олиб берганди. 20-25 ёшлилар билан бирга ўқишни тасаввур қилиб кўринг. Ҳаттоки, бир аёлнинг ёши 65да эди! Мен эса эндигина 12га тўлгандим. Ёши катталарнинг зарарли иллатларга ўралашишларини кўрдим, улар гиёҳвандлик ва қурол сақлашга муккасидан кетишарди. Аммо ҳеч қачон ўзим белгилаган чизиқни кесиб ўтмаганман. Футбол мени қутқарган.

- Оилангиз қийинчиликда яшаганми?

- Ҳамма қатори кун кўрардик. Лекин бир марта ҳақиқий очликни ҳис қилганман. 10 кун давомида кунига 2 марта консерваланган фасоль ейиш билан чекланганман. Ўшанда «Атлетико» сафига ўтмоқчи эдим, аммо улар таклиф этган шароитлар оиламни қониқтирмади. Ўша вақт эндигина 14 ёшга тўлгандим. Бойлик оиламизга бегона эди. Бир куни Сантьягодаги болалар танловига боришимизга тўғри келди. Онамдан самолётга чипта олишни сўрадим, акс ҳолда, автобусда 75 соат юришга тўғри келарди. Бормасликнинг иложи йўқ: чунки жамоамиз ҳозирги «Челси» сингари уч ҳимоячи билан ўйнарди.

- Хўш, бордингизми?

- Ҳа. Лекин мусобақа олдидан икки асосий ҳимоячимиз жароҳатланганди. Захирада бир нафар мудофаа вакили қолганди. Ўшанда мураббийга кўмаклашишни маъқул кўрдим. Ваҳоланки, авваллари бу чизиқда ўйнамагандим, аммо жамоа манфаати йўлида ҳаммасига рози эдим. Охир-оқибат мени мусобақанинг кучли ҳимоячиси, деб тан олишди. Уйга амплуасини ўзгартирган футболчи сифатида қайтдим. Таваккал қилишим мен ва оилам учун катта ўзгариш бўлди. Бир йилдан сўнг эса профессионалга айландим.

- Маълум муддатли танаффусдан сўнг «Челси»га қайтдингиз. Жамоа Антонио Конте бошчилигида қанчалик ўзгарган?

- Тактик интизомни ўргандик, танлаган тизимимиз менга ёқади. Мазкур ҳолат аксарият шерикларимга ёрдам берди. Эндиликда футбол ҳақида кўпроқ маълумотга эгаман. Конте мавсум давомида жамоани қайта тиклади. У барчасини тўғри амалга оширди. Тасаввур қилинг, дастлабки ўйинлардаёқ Виктор Мозесни ўнг қанотда ўйнатганида, атрофдагилар бунга қандай муносабат билдиришарди? «Ақлдан озибсан, Италияга қайт!», - дейишмасдими? Ҳозир эса ҳеч ким бу ҳақда оғиз очмайди. Чунки мавсумни ажо-йиб тарзда ўтказдик.

- Конте қўл остида ўйин услубингиз ўзгардими?

- Мени «Челси»га қайтарганида, уни танқид қилишди. Лекин мураббий нима хоҳлаётганини билардим. Эндиликда ҳужум бошлашдан кўра, жамоадошларимга кўпроқ ёрдам бериш кераклигини тушундим. Майдондаги ҳозирги ўрним унчалик қулай эмас, лекин ҳамма ҳужумчилар менга тўқнаш келишга мажбурлар. Бу қизиқ, албатта. Тўғри, агар олдинги чизиқдаги ишлар яхши кечмаса, рақиб жарима майдончасига яқинлашаман. Авваллари тўпсиз ўйнаш зерикарли, ёқимсиз, деб ўйлардим, аммо вақт ўтгач, ҳаммаси бошқача эканини англаб етдим. Устига-устак, ҳужумга қўшилиш ёки ўйинга таъсир ўтказиш йўлларини барибир, топаман. Бу анча улғайган, мутлақо бошқа Давид Луиснинг гаплари.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:46, 25.05.2017.
Ўқилди: 3944 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.