Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Хаби Алонсо: «Реал»дан қочмаганман» (интервью)

Баҳо:
+ | -

Мюнхеннинг «Бавария» клуби ярим ҳимоячиси Хаби Алонсо фаолиятини якунлади. 35 ёшли футболчи ҳозирга қадар «Ливерпуль», «Реал» ва «Бавария» каби грандлар шарафини ҳимоя қилди, кўплаб совринларни қўлга киритди. Яқинда Испаниянинг El Pais нашри футболчи билан суҳбат уюштирди.

- Ёшингиз ўтган сари нималарни ўзлаштирдингиз?

- 27 яшарлигимда 35га кирсам тезлигим пасаяди ва ҳеч кимга керагим бўлмай қолади, деб ўйлардим. Лекин барчаси бошқача тарзда кечди. Ёшим ўтгани сари ўйинни яхши тушунадиган, ҳис қиладиган бўлдим.

- «Реал»дан худди қочаётгандек кетгансиз...

- Кетишим ҳеч қачон қочишни эслатмаган. Шунчаки, Мадридда беш мавсум тўп сурдим, Чемпионлар Лигасида зафар қучдим. Аслида, барчаси қониқтираётганди. Лекин кучимни ўзга мамлакатда, Европанинг бошқа бир гранд клубида синаб кўришга қарор қилдим. Боз устига, Пеп Гвардиола унинг жамоасига ўтишимни жуда истаганди. Хуллас, шу тариқа «Бавария» таклифига дарҳол ижобий жавоб қайтардим. Бундай қарорга келишимга, юқорида айтиб ўтганимдек, ўз кучимни бошқа бир буюк клубда синаб кўриш иштиёқи сабаб бўлди. Бу қайсидир маънода мен учун янги чақирув эди. Жамоадан формам энг юқори чўққига етганда кетиш кераклигини ҳамиша таъкидлаб келганман. Айтишим мумкинки, «Реал»ни қийин аҳволда ташлаб кетмадим. Балки Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан клубни тарк этдим.

- Шундай қарорга келишингизга ЕЧЛдаги ғалабанинг таъсири бўлганми?

- Бу - клублар учун муҳим соврин. Чемпионатда, кубок баҳсларида ғолиб чиқиш мумкин, лекин айнан Чемпионлар Лигасидаги ғалаба кўпроқ тилга олинади. Мисол учун, «Реал» базасида ЕЧЛда ғолиб чиққан футболчиларнинг суратлари осиб қўйилган.

- «Реал»га ўтишингиздан олдин «Барселона» варианти ҳам бўлганми?

- «Ливерпуль» мени сотишга қарор қилганида, Рафаэль Бенитес ва Пеп Гвардиола келажагим борасида гаплашишган. Хосеп бу ҳақда «Бавария»га ўтганимдан кейин айтиб берди. Унга ўйиним ёқарди ва ўз жамоаси сафида кўришни истаган. Лекин ўшанда Серхио Бускетс ўзини кўрсатган. Натижада Пеп унга ишонч билдирган. Умуман олганда, мутахассис адашмаган экан.

- Фаолиятингиз давомида жиддий қўполлик ишлатган ҳолатларингиз бўлганми?

- Кўп эмас-у, лекин бўлган. Терма жамоамиз Исландияга қарши ўйнаётганди. Эҳтиросга берилиб, рақиб футболчисини уриб юборганман. Ўшанда аҳмоқлик қилганимни билганман. Рефери кўрмади, деб ўйлагандим. Аммо қанот ҳаками барчасини кузатиб турган экан. Натижада, 20-дақиқада исландлар 1:0 ҳисобида олдинда бораётган бир пайтда мени майдондан четлатишган. Фақатгина Андрес Иньеста ҳисобни тенглаштирганидан сўнг ўзимга келганман. Яна бир ҳолат ЖЧ-2010да юз берган. Парагвайга қарши учрашувда пенальтини амалга оширганман. Ҳакам эса уни қайта тепишимни буюрган. 11 метрли нуқтага икки марта яқинлашиш катта руҳий босим юклайди. Хуллас, гол уролмадим. Яхшиямки, Давид Вилья ўйин охирида тўп киритиб, ғалабамизни таъминлаган.

- Кўпинча қўпол ўйнардингиз...

- Майдонда сизга нималар дейишмайди?! Агар рақиб футболчиси қўполлик ишлатса, шундай жавоб қайтаришга мажбурсиз. Бу ҳам ўйиннинг бир қисми. Аммо мен бирор-бир ҳамкасбимни айбламаганман. Майдонда ўта қўпол кўрингани билан унинг ташқарисида ювош бўлган кўплаб футболчиларни биламан. «Класико» баҳс­ларидан сўнг «Барса»нинг 95 фоиз мухлиси мени ёмон кўрарди, ҳаттоки, «қассоб» деган лақаб ҳам қўйишган. Лекин мен шунчаки, ўз клубим шарафини ҳимоя қилганман.

- Хосеп Гвардиола ва Карло Анчелоттининг қай бири тактикага жиддий эътибор қаратади?

- Умуман олганда, Карло «Бавария»­да ҳам худди «Реал»даги каби очиқкўнгил. Ўз навбатида, турли тактик схемаларга кўпроқ эътибор қаратадиган бўлди. Балки ундан олдин Пеп Гвардиола айни тарзда ишлагани учун шу йўлни танлагандир?!

- Айтишларича, Анчелотти келгач, Тьяго Алькантара ва Роберт Левандовскининг ўйинида ўсиш кузатилган...

- Левандовски жаҳоннинг энг кучли марказий ҳужумчилари учлигига киради. Тьяго ҳам ҳақиқатан ўсди. У бразилча усулларни немис футболига олиб кирди, дейиш мумкин.

- Отангиз Перико Алонсо бир пайтлари Марадона билан бирга «Барселона»да ўйнаган...

- Ҳа, ўшанда Каталония грандини Сесар Луис Менотти бошқарган. Отам Марадонадек моҳир футболчини кўрмаганман, деб кўп таъкидлайди. «Барселона»га ўтганида жуда ёш бўлган. Аммо ўшандаёқ унинг даҳога айланиши сезилиб турган.

- Футболдаги «чўқинтирган отангиз» Жон Тошак эмасмиди?

- Умуман олганда, дебютим Хавьер Клементе қўл остида бўлган. Ўшанда 19 ёшда эдим. Бу мутахассис унчалик ишонч билдирмаган. Мавсум якунланганидан сўнг отамдан «Ўғлингни «Эйбар»га ижарага беришимизга қандай қарайсан?» деб сўраган. Отам бунга қаршилик қилмаган. Шу тариқа клубимни алмаштирганман. Кейинчалик Тошак Хосеба Льоренте ва мени «Реал Сосьедад»­га қайтарган. Умуман олганда, Жон қизиқ одам бўлган. У «Ливерпул»да афсонага айланган ва футболчилик даврини ҳеч унутмаган. Билл Шенкли вафот этганида, Тошак «Суонси»ни бошқарарди. Бу хабарни «Энфилд»да «Ливерпул»га қарши ўйин олдидан эшитган. Натижада жамоалар бир дақиқалик сукут сақлаш мақсадида майдон марказига тўпланишган. Ўшанда Тошак пиджагини ечиб, Шенкли даврида «Ливерпул»да кийган футболкасини эгнига илиб олган экан.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:25, 31.05.2017.
Ўқилди: 6928 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.