Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Искандар Шойқулов: «Бабаяннинг ишончини оқламай, «Пахтакор»дан кетганман»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон чемпионати олий лигасида биринчи давра баҳслари якунига етиб бормоқда. Ҳозиргача ўтказилган ўйинларни таҳлил қиладиган бўлсак, мавсум олдидан билдирилган тахминлар ўзини оқламаганини кўрамиз. Бунга исбот тариқасида турнир жадвалининг юқори қисмидаги ҳолатни кўрсатиш мумкин. Демак, шиддатли учрашувлардан баҳра олиш ва воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз. Биз Муборакнинг «Машъал» клуби етакчиларидан бири Искандар Шойқуловни суҳбатга чорлаб, унинг фикрлари билан қизиқдик.

- Искандар, «Машъал» жорий мавсумни бироз нотекис ўтказаётгандек. Грандларни мағлуб этяпти, аммо нисбатан кучсиз клубларга очко улашяпти. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

- Ушбу саволга тўғридан-тўғри жавоб бериш мушкул. Лекин ўтган йил билан таққослаганда, жамоамизда ўсиш кузатилди. Натижаларнинг ижобий томонга ўзгариши мухлислар ташрифига ҳам ижобий таъсир ўтказди. Стадионга келаётган томошабинлар сони сезиларли даражада ортди.

- Бундан аввалги турда «Олмалиқ»ни мағлуб эта олмадинглар, пенальти кўкка совурилди. Хўш, рақиб кучлилик қилдими ёки омад етишмадими?

- Унутмаслик керакки, «Олмалиқ» кучли жамоа. Лекин таққосласак, меҳмонларга қараганда бизда голга тортадиган вазиятлар кўпроқ бўлди. Пенальтига келсак, бу лотерея. Омад чопмаса қийин экан. Гол урганда қаҳрамонсиз, акси ҳолда, ҳаммадан гап эшитганингиз қолади.

- Демак, ўша ўйинда 2 очко йўқотибсизларда?

- Худди шундай. Чунки ғалаба қозонган тақдиримизда турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олишимиз мумкин эди. Шу сабабли ҳам «Олмалиқ» билан ўйинда муҳим очколардан маҳрум бўлдик.

- «Пахтакор»га қарши ўйинда супергол муаллифига айландингиз. Муваффақиятни кимга бағишладингиз?

- Ўша вазият ҳамон ёдимда. Менимча, узоқ вақт эслаб қолсам керак. Голимни моможонимга бағишладим. Сабаби, ўйин куни эрталаб улардан дуо қилишларини сўрагандим.

- «Пахтакор» йирик ҳисобда (3:0) мағлуб этилди. Сизнингча, бу натижага ниманинг эвазига эришдинглар?

- «Пахтакор»га ортиқча таъриф бериши шарт эмас. Бундай кучли клубларга қарши кечадиган ўйинларга тайёргарлик ҳамиша бошқача бўлади. Рақибни жиддий тарзда ўргандик. Қолаверса, яхлит жамоа сифатида ягона мақсад сари интилганимиз ҳам фойда берди.

- Пойтахтликларнинг ўша пайтдаги тушкун ҳолатидан фойдаланиб қолдингларми ёки ҳақиқатан ҳам «Машъал» рақибидан кучлироқмиди?

- Ўша куни «Пахтакор»дан яхшироқ ўйин кўрсатдик. Қолаверса, биздаги ғалабага бўлган иштиёқ ҳам кучлироқ эди. Ўзбекистоннинг бир неча карра чемпионини ишончли тарзда мағлубиятга учратиш ҳамиша ёқимли.

- «Пахтакор» собиқ клубингиз эканини инобатга олсак, мазкур баҳс сиз учун ўзгача аҳамият касб этгандир?

- Албатта. «Пахтакор» ҳамиша фаолиятимда алоҳида ўринга эга бўлиб қолади. Асосийси, қайси жамоада тўп сурсам, ўша клуб шарафини астойдил ҳимоя қиламан. Футболчи профессионалликка интилиши керак. Акс ҳолда, бу касбга хиёнатдек қабул қилинади.

- «Пахтакор»ни нима сабабдан тарк этгандингиз?

- Бунда ҳеч кимни айбламайман, ҳаммасига ўзим сабабчиман. Ҳамиша айбни ўзимдан қидирганман ва хатоларимдан тўғри хулоса чиқарганман. Самвел Вячеславовичнинг ишончини оқлаёлмай, ўзим рухсат сўраб кетганман. Балки янги жамоам ўйин услубига мослашиб кета олмагандирман?!

- Сизнингча, кутилмаган натижалар иккинчи даврада ҳам қайд этиладими?

- Бу йилги чемпионат аввалгиларидан кескин фарқ қиляпти. Биринчи давра якунига етиб боряпти, лекин ҳозирча совринли ўринлар учун яққол фаворит ҳамда олий лигани тарк этишга номзод жамоалар кўринмаяпти. Шу боис мусобақага қизиқиш анча ортди. Менимча, кутилмаган натижалар ва кескин кураш иккинчи даврада ҳам сақланиб қолади.

- «Реал» ва «Ювентус»нинг Европа Чемпионлар Лигаси финалига етиб келишини кутганмидингиз? Ҳал қилувчи ўйинда қайси жамоанинг имкониятларини юқорироқ баҳолайсиз?

- Очиғини айтсам, бу жамоаларнинг мухлиси эмасман. Лекин Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнирини кузатиб боряпман. Албатта, мен учун бу кутилмаган финал. «Реал» мухлислари мени маъзур тутишсин-у, аммо финалда «Ювентус»нинг имкониятларини юқорироқ баҳолаяпман.

- Шахсан ўзингиз ушбу қарама-қаршиликда қайси жамоага мухлислик қиласиз?

- Шубҳасиз, «Ювентус»га. Чунки туринликлар тартибли ўйин намойиш этадилар.

- Тахмин қилинг-чи, финалда ҳисоб қандай кўриниш олади?

- Тўғриси, доимо тахмин қилишдан ўзимни тияман. Мазкур учрашувда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Ҳисобни айта олмайману, лекин ҳар иккала жамоанинг шу куни дарвозаларни камида бир мартадан ишғол қилишларига ишончим комил.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:23, 01.06.2017.
Ўқилди: 3969 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.