«Fourfourtwo.com» осиёлик футболчиларнинг ТОП-50 рейтингини тузиб чиқди.
Бунда қитъанинг энг кўзга кўринган футболчилари акс этган бўлиб, улар орасида фақатгина икки нафар ўзбекистонлик футболчи бор.
Нашр талқинига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Пахтакор» ҳужумчиси Игорь Сергеевга 28-ўрин насиб қилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг «Шанхай СИПГ» сафида ҳаракат қилаётган сардори Одил Аҳмедов ТОП-50 рейтингнинг 21-ўрнидан жой олди.
Ўзбекистон терма жамоасининг етакчилари ҳисобланган Сервер Жепаров, Виталий Денисов каби футболчилар рўйхатдан жой олмаган.
Рейтингнинг бешдан бир қисми австралиялик футболчиларга тегишли бўлди — 10 та. Бу борада яшил қитъа термаси яққол пешқадам. Япониянинг эса 9 нафар футболчисига эътибор қаратилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан ЖЧ—2018 йўлида рақобат олиб бораётган термалардан Жанубий Кореянинг 6 нафар, Эроннинг 5 ҳамда Хитойнинг 4 нафар футболчиси энг яхшилар қаторида эътироф этилди.
6 июнь куни Ўзбекистонга рақиб бўладиган Таиланд термасининг ҳам тўрт вакили танлаб олинди. Ваҳоланки таиландликлар саралашнинг ҳал қилувчи босқичида бирорта ўйинни ўз фойдасига ҳал қила олмаганди.
Саудия ҳамда БААнинг учтадан футболчисига эътибор тушди. Бу борада Амирлик термасининг кўрсаткичлари чакки эмас. Ўзбекистон термасига қарши ўйинларда тинимсиз гол урадиган Аҳмад Ҳалил рейтингда 8-ўринга лойиқ кўрилди. Ўзбекистон клублари «кушандаси» Умар Абдулраҳмон эса 50 та футболчи орасида карвонбоши бўлди.
Топ-10 қуйидагича:
1. Умар Абдураҳмон (БАА)
2. Сон Ҳён Мин (Жанубий Корея)
3. Шинжи Оказаки (Япония)
4. Сардор Азмун (Эрон)
5. Аарон Муй (Австралия)
6. Генки Ҳарагучи (Япония)
7. Ризо Ғучаннажод (Эрон)
8. Аҳмад Халил (БАА)
9. У Лей (Хитой)
10. Ки Сунг Юнг (Жанубий Корея)