Бугун — 3 июнь куни Тошкент вақти билан 23:45 да Европа Чемпионлар лигаси ғолибини аниқлаб бериш учун Мадриднинг «Реал» ҳамда Туриннинг «Ювентус» клублари майдонга чиқиб келади.
Учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Зайниддин Зидан иштирок этди.
«Биз бу мавсум катта ҳажмда иш бажардик: Ла Лигада ғолиб чиқдик, Чемпионлар лигасида финалгача келдик. Биз босим нима эканини яхши биламиз. Чунки ҳар доим фаворит ҳисобланганмиз. Ваҳоланки финалда фаворит бўлмайди. Битта ўйиндан иборат финалда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Биз кўплаб беллашувларни бой бердик. Демак, мағлубият нима эканини яхши биламиз. Бу «Ювентус»га ҳам тегишли. Бугун бизга қарши ажойиб жамоа тўп тепса-да, ўз ўйинимизни кўрсатишга уринамиз.
Миланда ўтган финалдан кейин биз энди Кардиффдаги «жанг» учун тайёрмиз. Футбол учун майдонга чиқдингми, борингни беришинг шарт!
Мен Туринда, «Ювентус»да ўйнаганман ва катеначчо нималигидан яхши хабардорман.
Албатта, ярим ҳимоя энг муҳим жиҳат. Аммо энг қийини — тўп ўтказмаслик. 80-90 дақиқа яхши ўйнаб турасан-у, ўйин охирида рақибинг гол уриб кетса, барчаси якунланади. Айнан шу нарса ҳужумчилардан талаб этилади. Ўзим футбол ўйнаганим учун ҳам яхши биламан — бу жуда қийин нарса. Кўп бўлмаса-да, менга бир неча бор муҳим голларни уриш насиб қилган» - деди Зидан.
Зиданнинг «Реал» тепасига келиши муваффақиятли бўлди. У биринчи мавсумидаёқ Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди ҳамда биринчи тўлақонли мавсумида Ла лига чемпионлигини қўлга киритди. Энди эса Чемпионлар лигасида кетма-кет икки бор зафар қучган илк мураббий бўлишга ва мана шундай биринчи жамоани шакллантирган шахс сифатида тарихда қолишга яқин турибди.
«Ҳозирги ҳолатим? Болалигимда кимдир менга вақти келиб шундай ҳолатларни бошдан кечиришим ҳақида айтса, ишонмаган бўлардим. Аммо ҳозир яхши даврни бошдан ўтказаяпман ва бундан завқ олмоқдаман. Биз билан бўлаётган ҳар бир воқеа менга манзур бўлмоқда. Мен оддий бир мураббийман, жамоанинг ҳар бир аъзоси сингари…» - деди Зидан.
Зидан мураббийлиги вақтида Криштиану Роналду шахсий рекордларини янгилаш ёки иложи борича кўпроқ гол уриш билан эмас, балки жамоаси учун ўйнашга киришиб кетди. Натижа ёмон эмас, португалиялик ҳужумчи йил давомидаги ротациялар сабаб мавсум якунига юқори формада етиб келди. Ярим финалда «Атлетико» дарвозасига учта гол ургани, «Бавария» постини икки беллашувда жами беш марта нишонга олгани ҳам унинг қандай формада эканини кўрсатади.
«Криштиану яхши инсон, у бошқалар учун ҳам қайғуради, ғалабалардан чарчамайди, ғалаба унга доим камлик қилади. Ҳатто машғулотларда ҳам ғолиб чиқишни истайди. Чунки табиатан етакчи, айниқса майдонда. Бу унга қон билан кирган.
Агар биз бирга тўп тепганимизда ҳам, Криштиану юлдузлигича қоларди. Чунки кўп гол уради. Бу эса муҳим» - деди Зидан.