Тажрибали ҳужумчи Баҳодир Насимов фаолиятини Жанубий Кореянинг Challenge League чемпионатида давом эттирмоқда. Аввал хабар берганимиздек, футболчи ушбу мамлакат биринчи дивизиони иштирокчиси ҳисобланган «Ансан Гринерс» клуби билан шартнома тузганди. Томонлар ўртасида имзоланган келишув 2 йилга мўлжалланган. Ўтган вақт мобайнида ҳамюртимиз мазкур жамоа сафида 9та расмий учрашувда майдонга тушиб, 3та гол уришга муваффақ бўлди. Қолган 4та ўйинда жароҳати сабаб жамоадошларига ёрдам бера олмади. Айтиш мумкинки, ҳозирча «Ансан»нинг чемпионатдаги ишлари юришмаяпти. Клуб ортда қолган 13та турдан сўнг 10та жамоа орасида турнир жадвалида 11 очко билан 8-ўринни эгаллаб турибди. «Ансан Гринерс» ўтказилган баҳсларнинг 2тасида ғалаба қозонган. Иккита учрашувда дуранг ўйнаб, 8тасида мағлубият аламини тотиб кўрган. Биз легионеримиз билан боғланиб, ундан интервью олдик.
- Баҳодир, сиз билан Жанубий Кореяда чемпионат бошланиши олдидан суҳбатлашгандик. Умуман, янги муҳит, янги лига ва жамоага мослашиб кетиш жараёни мураккаблик туғдирмадими?
- Бошида бироз қийин бўлди. Бир томондан, сиз айтгандек, янги мамлакат, янги муҳит. Иккинчидан, «Ансан Гринерс» клуби янгитдан ташкил этилган эди. Лекин вақт ўтиши билан ҳаммасига мослашдим. Бундай ҳолат бошқа футболчилар, хусусан, легионерларда ҳам кузатилди. Қолаверса, менинг бир хислатим борки, буни ҳам айтмасам бўлмайди. Қайси клубда ўйнамай, у хориж жамоаси бўладими ёки ўзимизники, жуда тезда мослашиб ва киришиб кетаман. Футболчилар ва мураббийлар билан тил топишишим ҳам осон кечади. Ҳозир ўзимни худди шу клубда 3-4 йилдан бери ўйнаётгандек ҳис қиляпман.
- Бундан аввал ўйнаган хориж клубларингизда ҳам шундай ҳолат кузатилганми? Умуман, тезда чиқишиб кетишингизнинг сири нимада?
- Табиатан хушчақчақ ва ҳазилкаш бўлганим учунми, жуда тез киришиб кетаман. Эроннинг «Падидеҳ», Озарбайжоннинг «Нефтчи», Россиянинг «Рубин» клубларида ўйнаган пайтимда ҳам худди шундай бўлган. «Бунёдкор» ва «Динамо»да эса бу борада умуман муаммога дуч келмаганман. Менимча, мазкур ҳолат табиатим билан боғлиқ бўлса керак. Жамоа - бу бир оила. Нонушта, тушлик, кечки овқатни бирга қиламиз. Машғулотларда биргамиз. Оила иноқ бўлса, унда хотиржамлик ҳукм суради. Жамоада ҳам худди шундай ҳолат кузатилади.
- Сиз тўп сураётган Ж. Корея чемпионатининг савияси ҳақида нима дея оласиз? Олий лигамиз билан таққослаш мумкинми?
- Ж. Корея биринчи лигаси бизнинг олий лигадан кучлироқ. Бу сўзни ҳеч иккиланишсиз айта оламан. К-лига ҳамда Challenge league орасида деярли тафовут кўзга ташланмайди. Лекин ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистон чемпионати олий ва биринчи лигалари ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Бунга кубок баҳсларида ҳам гувоҳ бўлдим. Қуйи дивизион жамоалари элита клубларини мусобақадан чиқариб юборишди. Бизда ундай эмаску, тўғрими? Бу чемпионат савиясидан дарак беради. Олдиндан натижа қандай бўлишини ҳеч ким айтолмайди. Аутсайдерларнинг етакчилардан очко тортиб олиши оддий ҳолатга айланган. Аммо шуни айтишим керакки, Ж.Кореяда футбол биринчи рақамли спорт тури эмас. Бу ерда милионлар ўйинидан кўра бейсболни кўпроқ яхши кўришади. Шу ҳолатида ҳам корейсларнинг футболда эришаётган ютуқлари улкан. 2002 йили бу мамлакат жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. Бир неча маротаба Осиё ўйинлари ўтказилган. Ж.Кореяда 3та профессионал лигадан ташқари университет жамоаларининг алоҳида чемпионати ҳам бор. Оммавийликка алоҳида эътибор берилади.
- Ўтган давр мобайнида Ж.Кореяда сизга нима маъқул келмади ёки ёқмади?
- Ҳаммаси маъқул. Фақат бошида маҳаллий аччиқ таомларини ейишга қийналдим. Аммо ҳар нарсанинг давоси вақт, деганларидек, секин-аста бунга ҳам кўникдим.
- Миллий ошхонамизни соғингандирсиз? Ўзбек таомлари тайёрлайдиган ресторанлар борми?
- Бизнинг таомларга бутун дунёда тан беришган. Шу жумладан, Ж.Кореяда ҳам. Клубимиз жойлашган шаҳарда 3-4та ўзбек тамаддихоналари бор. Samarkand деб номланган ресторан ишлаб турибди. Ҳар замонда кириб тураман, лекин тез-тез эмас. Биласиз, миллий таомларимизни тановвул қилганингиздан ке-йин вазнингиз беихтиёр ортади. Шу сабабли, жуда кам ҳолатларда бу ошхона ёки ресторанга бораман. Бизда ҳар куни футболчиларнинг вазнини ўлчашади. Бу нарсага жуда жиддий эътибор қаратишган. Тартиб-интизом биринчи ўринда туради. Шу боис ҳам нафсимизни ти-йишга мажбурмиз (кулади).
- Назаримда жамоангизнинг иштироки қониқарли бўлмаяпти. Шу кунгача ўтказилган ўйинлардан клуб раҳбарияти ва мураббийнинг кўнгли тўлдими?
- Ҳар қандай жамоа мағлубиятга учраганида ёки очко йўқотганида бундан ҳеч ким хурсанд бўлмаган. Айниқса, клуб раҳбарлари ва жамоа мухлислари. Бизда ҳам худди шундай. «Ансан» клуби ўтган йили ҳам чемпионатда 1-ўринни эгаллаган экан. Лекин жамоа «Ansan Police» деб аталгани боис К-лигада ўйнашига рухсат берилмаган. Шу боис ҳам ўтган йили ташкил топганининг 20 йиллигини нишонлаган клуб номи «Ансан Гринерс»га ўзгартирилди. Балки жамоамиз янгитдан шаклланаётгани учунми, ҳозирча клуб раҳбарлари жиддий эътироз билдиришмаяпти. Келаси мавсумни кутишаётган бўлса керак. Барибир, ҳар қандай ҳолатда ҳам янги жамоанинг натижа кўрсатиши учун озгина вақт керак бўлади. Футболда ўйинчиларнинг бир-бирини тушуниб ҳаракат қилиши муҳим. Бизда бу борада озгина муаммо бор. Лекин ҳали олдинда учрашувлар кўп. Ушбу ўйинларда ғалаба қозониб, вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Ўзимга келсак, жароҳатим сабаб сўнгги 4та баҳсда майдонга тушолмадим.
- Жароҳатни қайси учрашувда орттириб олдингиз? Ҳозир ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?
- «Сеонгнам» клубига қарши кечган ўйинда шикастлангандим. Бир ойга яқинроқ вақт мобайнида жамоамиз шифокорлари назоратида бўлиб турдим. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Югуришни бошладим, умумий гуруҳ машғулотларига қўшилдим. Ўйлайманки, навбатдаги тур учрашувида майдонга тушаман.
- Омадсизликларнинг сабаби фақат жамоа таркибининг янгитдан тузилгани билан боғлиқми ёки чемпионатда рақобат кучлими?
- Футболда эътибордан четда қоладиган нарсалар бўлмаслиги керак. Жанубий Кореянинг ҳатто биринчи ва иккинчи лигасидаги стадионларга ҳам ҳавас қиласиз. Футболчилар учун барча шароитлар яратилган. ОАВ жуда ривожланган, журналистлар стадионларда катта иштиёқ билан ишлашади. Қаерда эътибор кучайса, ривожланиш ҳам шунга яраша бўлади. Бу гапларни бежиз айтганим йўқ. Чемпионатимизда қатнашаётган клубларнинг барчасида шароитлар деярли бир хил. Рақобат жуда кучли. Футболчиларнинг савияси ҳам кундан-кунга ошиб боряпти. Турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоа пешқадамни мағлуб этяпти. Юқорида айтганимдек, биз ҳали ўйинимизни топиб оламиз ва ўз сўзимизни айтамиз.
- Голларингиз сони нечтага етди? Умуман, Ж.Корея чемпионатида тўп киритиш қийин эканми?
- Ҳужумчининг вазифаси рақиб дарвозасини ишғол қилишдан иборат. Бу ёзилмаган қоида ҳамма ерда амал қилади. Мураббийлар ҳам, мухлислар ҳам ҳужумчидан фақат гол кутишади. Айниқса, легионерлардаги масъулият кучли. Сиз билан жамоага фойдаси тегсин, деб шартнома имзолашади. Албатта, бунга муносиб бўлишга ҳаракат қиляпман. Афсуски, жароҳат бироз тўсқинлик қилди. Ҳозирча 9та учрашувда майдонга тушдим ва бу ўйинларда 3та гол уришга эришдим. Тўғри, бу ҳужумчи учун кам. Майдонга тушган ўйинларимда кўплаб вазиятларга эга бўлдим. Ҳисоблаб чиқсам, ҳозир голларим сони камида 6-7та бўлиши керак экан. Билмадим, балки жамоадаги умумий ҳолат менга таъсир қилгандир?! Мақсадим - бу йилги чемпионатда камида 14та тўп киритиш. Шунга астойдил интиламан.
- Рақиб дарвозасини ишғол қилишингиз учун ярим ҳимоячилардан ҳам кўп нарса талаб қилинади. Улар сизни ўз вақтида тўп билан таъминлашлари керак. Бу борада муаммо йўқми?
- Йўқ. Ярим ҳимоячилар имкон қадар ўз вақтида тўп узатишлари билан хавфли вазиятларни юзага келтиришяпти. Юқорида айтганимдек, ҳозирча бу имкониятлардан максимал даражада фойдалана олмаяпман. Камида 6-7та гол уришим керак эди.
- Шу кунларда Жанубий Кореяда ёшлар (U-20) ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказиляпти. Мамлакатда катта футбол байрами шукуҳи сезилиб турибдими?
- Мен яшаётган шаҳарда кичик мундиал ўйинлари ўтказилмаяпти. Шу боисми, Ансан кўчаларида жаҳон чемпионати билан боғлиқ афишаларга кўзим тушмади. Балки ўша ўйинлар ўтказилаётган шаҳарларда буни кўриш мумкиндир. Бир-иккита учрашувларни телевизор орқали кузатишга муваффақ бўлдим. Мухлислар асосан Жанубий Корея ёшлар терма жамоаси иштирокидаги ўйинларни томоша қилиш учун стадионга келишяпти. Қолган баҳсларда бундай муҳитни деярли кўрмайсиз. Ҳатто Жанубий Корея ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2018 саралаш учрашувида ҳам кўпчилик кутган аншлаг кузатилмаганди. Барибир, Ж.Кореяда футбол биринчи рақамли спорт тури эмас. Бу ҳам таъсир қилса керак, деб ўйлайман.
- Миллий терма жамоанинг ЖЧ-2018 саралаш босқичидаги иштирокига қизиқиш борми? Кўча-кўйда муҳокамалар бўладими?
- Кореяликлар ўз жамоаларининг ЖЧ финал босқичига чиқишига умид боғлашяпти. Шахсан мен бунга ишонмаяпман. Мазкур масалада улар билан гаров ҳам боғладим. Жанубий кореялик жамоадошларим жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқамиз, де-йишяпти. Мен эса гуруҳда 3-ўрин билан кифоялансизлар, дедим. Билмадим, лекин шу кунгача ҳамиша ўйлаган нарсаларим амалга ошиб келган. Ич-ичимдан миллий термамизнинг Россиядаги мундиалга боришига ишоняпман. Бош жамоамиз ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олади.
- Миллий термамизнинг Ж.Кореяга қарши ўтказадиган гуруҳнинг энг сўнгги тур учрашувини кўриш учун Тошкентга келиш истагингиз борми?
- Агар мураббийлар ўйин учун эълон қилган таркибдан жой олсам, албатта, бораман. Акс ҳолда, бунинг имкони топилмайди. Чунки Ж.Кореяда чемпионат октябрь ойида якунланади. Қаерда бўлсам ҳам, бу баҳсни томоша қиламан ва жамоамизни қўллаб-қувватлайман.
- Эрон чемпионатида ҳам тўп сургансиз. Ушбу мамлакат термаси деярли ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиб бўлди. Жамоанинг кучайиб кетгани нима билан боғлиқ?
- Биринчи галда Эронда футбол биринчи рақамли спорт тури. Иккинчидан, чемпионати жуда кучли. Сир эмаски, кучли чемпионат негизида кучли терма жамоа шаклланади. Бир неча йилдан бери ОЧЛда Эроннинг 4та клуби муваффақиятли иштирок этиб келяпти. Айниқса, жамоаларининг бу йилги иштироки анча омадли бўлмоқда. Қолаверса, эътибор берсангиз, термаси ҳам, клублари ҳам ҳимояда мустаҳкам ўйнайдилар. Миллий жамоаси ҳали ЖЧ-2018 3-саралаш босқич ўйинларида ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормади. Ҳимоявий тактика асосида ҳаракат қилади. Вазиятнинг юзага келишини кутади. Улар барибир, ўйин давомида шундай имконият юзага келишини билишади. Кучли термаларга қарши ўйинларда ҳеч бўлмаса битта вазиятдан унумли фойдаланиб, ғалаба қозонишади. Буни терма жамоамизга қарши кечган ўйинлар ҳам тасдиқлайди. ЖЧ-2014 ва ЖЧ-2018 доирасидаги айнан Эронга қарши Тошкентда ўтказилган саралаш ўйинлари фикримга исбот бўла олади.
- 12 июнь куни Теҳронда айнан Эрон термасига қарши майдонга тушамиз. Сиз «Озоди» стадионида ўйнагансиз, унда қандай муҳит ҳукмрон бўлишини биласиз. Ана шу баҳсдан нима кутяпсиз ва ниманинг эвазига Эрондан ижобий натижа билан қайтиш мумкин?
- «Озоди» стадиони ўз бағрига 100 000 томошабинни сиғдира олади. Менга ҳам бу арена майдонида ўйнаш насиб қилган. Биласизми, мухлисларнинг тинмай олқишлаши, қўшиқ куйлаши натижасида мураббийларнинг футболчиларга бераётган кўрсатмалари ҳам эшитилмайди. Бундай муҳитда ўйнаш айниқса, меҳмон жамоаларга қийин. Ғалаба қозониш учун барча футболчилар майдонда 200 фоиз куч билан ҳаракат қилишлари шарт. Акс ҳолда, ижобий натижа ҳақида ўйлаш мушкул масала. Билмадим, нега, лекин мен бўлажак ўйинда кичик ҳисобда ғалаба қозонишимизга ишоняпман.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди