Бугун Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Таиланд термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. «Бунёдкор» стадионида соат 20:00да бошланувчи «ўртоқлик» ҳар икки томон учун ЖЧ-2018 саралаши учинчи босқичидан ўрин олган 8-тур учрашувига тайёргарлик вазифасини ўтайди. Милован Раевац бош мураббийлигидаги Таиланд терма жамоаси кеча Қозоғистоннинг Алмати шаҳри орқали пойтахтимизга етиб келди. Бугун рақиблар бўлажак муҳим ўйинлар олдидан ўзига хос репетиция қилиб олишади. Бир ҳафтадан сўнг эса ҳақиқий имтиҳон топширишади.
Имтиҳон таиландликлардан кўра, биз учун қийин бўлиши ҳозирданоқ маълум. Боиси, жамоамиз Шарқий осиёликлардан фарқли равишда, мундиал йўлланмаси учун курашни давом эттиряпти. Таиланд термасида ҳеч қандай босим йўқ ва меҳмонлар бугунги ўйинда эркин ҳаракатлансалар керак. Самвел Бабаян эса учрашувда форсларга қарши кечадиган баҳсда қўлланиши кутилаётган турли тактик схемаларни амалда синаб кўриш имкониятига эга.
Терма жамоамиз деярли бир ҳафтаки, Тошкентда ўқув-машғулотлар йиғинини давом эттиряпти. Машғулотлар асосан «Жар» стадионида олиб борилди. Жамоамиз бош мураббийи кеча ниҳоят, тўлиқ таркиб билан машғулот ўтказди. Йиғинга таклиф этилганлардан охирги бўлиб, Япония J-лигасида тўп сураётган Фозил Мусаев етиб келди. Унинг жамоаси - «Жубило Ивата» якшанба куни ўз майдонида машҳур «Гамба Осака»ни 3:0 ҳисобида енгди. Ярим ҳимоячимиз мазкур ўйинда ҳам майдонда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди. Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов эса терма жамоа сафига якшанба куни тушдан сўнг қўшилди ва кеча илк машғулотда иштирок этди. Аҳмедовнинг жамоаси ҳам Хитой супер-лигаси навбатдаги турида ишончли ғалабага эришди. Демак, Одилнинг кайфияти чакки эмас. Эрон термаси билан ўйинда айнан шундай кўтаринкилик жуда муҳим.
Терма жамоадаги йўқотишлар ҳақида газетамизнинг аввалги сонида ҳам ёзган эдик. Асосий ҳимоячилар - Виталий Денисов ва Ислом Тўхтахўжаев жароҳат сабаб, бўлажак баҳсларда жамоамизга ёрдам беролмайдилар. Денисов куни кеча Германияда жарроҳлик столига ётишга ҳам улгурди. Тўғри, унинг йўқлиги - катта йўқотиш. Лекин ЖЧ йўлланмаси учун курашаётган жамоа бундай йўқотишларга ҳамиша тайёр туриши лозим. Ўз навбатида, захира футболчилари юзага келган имкониятдан фойдаланиб, ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишлари шарт.
Биз якшанба кунги машғулотдан сўнг жамоа дарвозабони Александр Лобановдан қисқача интервью олдик. Шуни айтиш керак, йиғин чоғи терма жамоа футболчилари билан суҳбатлашишнинг ўзи мушкул. Улар интервью учун розилик беравермайдилар ва кўпчиликдан бир хил жавоб эшитасиз: «Яхшиси, ўйиндан кейин гаплашайлик». Саша эса бу борада профессионал.
- Тайёргарлик режа асосида кетяпти,-дея сўз бошлади терма жамоамиз посбони. - Ҳали ҳам тўлиқ таркибда машғулот ўтказмадик. Легионерларимиз секин-аста сафга қўшилишяпти. Мана бугун (4 июнь кунги суҳбат) Одил ҳам Тошкентга етиб келди. Лекин машғулотга эртадан қўшилади. Шунга қарамай, йиғинга чақирилган бошқа футболчилар билан кучайтирилган тартибда шуғулландик.
- Олдинда Эрон термасига қарши кечадиган муҳим учрашув турибди. Рақиб жамоа ўйинини қай тарзда ўрганяпсизлар?
- Ҳа, барчамиз бизни қандай ўйин кутиб турганини жуда яхши тушуниб турибмиз. Ўта масъулиятли ва шу билан бирга муҳим ўйинда майдонга тушамиз. Учрашувнинг осон кечмаслиги аниқ. Шундай бўлсада, худди финалда майдонга тушгандек ҳаракат қиламиз. Эрон термаси кучли эканлигини кимгадир исботлаш шарт эмас. Форслар бежиз гуруҳда пешқадамлик қилишмаяпти. Уларнинг сўнгги ўйинлари видеоёзувини томоша қилиш орқали пухта тайёргарлик кўряпмиз. дейлик, алоҳида футболчиларни ҳам ўрганяпмиз.
- Хўш, Эрон термасини ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин?
- Келинг, ҳозирча бу савол жавобини кадр ортида олиб қолайлик. Фақат айтишим керак, рақибнинг майда-чуйда жиҳатларини ҳам ўрганяпмиз.
- Эронликлар ортда қолган 7та ўйинда ўз дарвозаларидан ҳали гол қўйиб юбормадилар.
- Ҳар қандай серия бир кун келиб узилади. Умид қиламанки, Эрон термаси дарвозабонининг қуруқ серияси 12 июнь куни Теҳронда тугайди.
- Сиз олдин ҳам «Озоди» стадионида ўйнагансиз.
- Ҳа, у ердаги муҳит бир томондан бизга ёрдам бериши мумкин. Шунча мухлис кўз ўнгида тўп суриш ҳамиша ёқимли.
- Эътиборлиси, эронликлар ўз майдонларида ҳам ҳимоявий тактика асосида ўйнашади...
- Тўғрику-я, лекин ана шу тактика уларга ғалаба келтиряпти. Эронлик ҳимоячилар ўз вазифаларини аъло даражада бажаришмоқда. Ҳимояда ўта тартибли ҳаракатланишади. Начора, шу «қўрғон»ни ёриб ўтиш йўлини топишимиз шарт.