Қатар ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги зиддият Ар-Риёдда бўлиб ўтган Форс кўрфази мамлакатлари ва АҚШ саммитидан кейин юзага келди. Ўшанда Қатар ахборот агентлиги мамлакат амири номидан нутқ эълон қилган, унда Эрон билан алоқаларни ўрнатиш ёқлаб чиқилганди. Кейинроқ Қатар ТИВ расмий вакили агентлик сайтига хакерлар ҳужум қилиб, нутқни улар жойлаштирганини маълум қилди. Аммо Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн бу раддияни ишончсиз, деб ҳисоблашди.
Душанба куни, яъни 5 июнда Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср давлатлари Қатарни террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Яқин Шарқдаги вазиятни беқарорлаштиришда айблаб, ушбу мамлакат билан дипломатик алоқаларни узишди. Кун давомида Ливия, Яман, Мальдив ва Маврикий ҳам ҳамкорликни тўхтатганлар сафидан жой олишди.
5 июнь куни Саудия Арабистони ҳукумати ўз ҳудудида Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканали офисини ёпиб қўйган. Телеканалнинг Форс кўрфази давлатлари коалициясига қарши ҳаракат қилаётган ҳусийчилар лашкарлари фаолиятини қўллаб-қувватлагани бунга сабаб қилиб кўрсатилган.
Қатарнинг катта қисми чўллардан иборат ва табиийки, бундай мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш қийин. Ушбу давлат учун вазиятнинг мураккаблашуви яна шундан иборатки, у қуруқликда фақат Саудия Арабистони билан чегарадош. У ердан ҳар куни юзлаб юк машиналари ўтади ва улар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ташишади. Қатарга келиб тушадиган шундай юкларнинг 40 фоизи айни йўналиш бўйича келтирилади. Энди эса Саудия Арабистони чегарани ёпишга қарор қилди, шундай экан, бундан буён Қатарга фақат денгиз ёки ҳаво орқали озиқ-овқат етказиш мумкин бўлади.
ЖЧ-2022 хавф остидами?
Маълумки, футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати Қатарда ўтказилади. Юзага келган дипломатик муаммо туфайли мусобақанинг ўтказилишига оид саволлар пайдо бўлди. Ҳозирча Қатар-2022 ташкилий қўмитаси мавжуд вазиятга расмий муносабат билдирмади.
Германия футбол иттифоқи президенти Райнхард Гриндел футбол жамоатчилиги бундай даражадаги улкан мусобақа терроризмни фаол қўллаб-қувватлаётган давлатда (муаллиф изоҳи - албатта, бу Гриделнинг шахсий фикри) ўтказилмаслиги керак, деган ғояни илгари сурган. Гриндель мазкур масалани Германия ҳукумати ва УЕФА билан муҳокама қилади.
Бугунги кунда Қатарда жаҳон чемпионати билан боғлиқ кенг кўламли қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда: хусусан, бу мамлакатда тиббий муассасалар комлекси, метро ва саккизта стадион барпо этилмоқда.
Асосий қурилиш материаллари денгиз орқали, қисман қуруқликдан - Саудия Арабистонидан олиб келинади. Саудия чегарасининг ёпилиши озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиши қаторида, қурилишларнинг тўхтаб қолиши ва нархларнинг ошишига олиб келади.
Қатардаги комплексларда бусиз ҳам қурилиш материаллари танқислиги мавжуд. Саудия йўналишининг ёпилиши эса мазкур муаммони янада чуқурлаштиради.
Агар ҳаво кенглиги ва қуруқликдаги чегаранинг ёпилиши узоқ давом этса, у ҳолда 2022 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик графиги бузилиши мумкин, дея хавфсирамоқда Америкадаги Бейкер институтининг Форс кўрфази мамлакатлари бўйича эксперти Кристиан Ульрихсен.
«Ал-Аҳли» ҳомийдан воз кечди
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи «Ал-Аҳли» футбол клуби ўзининг реклама ҳомийларидан бири билан шартномани бекор қилди. Бу ҳақда 5 июнь куни клуб расмий «твиттер»ида баёнот берилган.
Мазкур манбага кўра, клуб Қатарнинг Qatar Airways авиакомпанияси билан реклама ҳомийлик шартномасини бекор қилган. Бунга Саудия Арабистони ҳукуматининг Қатар билан дипломатик алоқаларни бутунлай тўхтатгани сабаб бўлган.
«Ал-Аҳли» Саудия Арабистони ҳукумати фармойишига асосан Qatar Airways билан тузган реклама шартномасини бекор қилади»,-дейилади клуб баёнотида.
«Ал-Аҳли» айни пайт ОЧЛ чорак финалига йўл олган. 22 август ва 12 сентябрь кунлари «Пирузи» билан иккита ўйин бор. Лекин айнан сиёсий муаммолар туфайли бу учрашувларнинг қаерда бўлиб ўтиши ҳозирча номаълум.
Вазият қандай тус олиши мумкин?
Сиёсат ёки дипломатия борасида турли тахминлар билдириш футбол журналистикасига хос эмас. Бу ҳақда ёзадиган бошқа нашрлар бор. Қатар билан юзага келган муаммоларга ўхшаш вазиятлар Европа футболида ҳам учраб туради. Арманистон ва Озарбайжон, Албания ва Сербия, Испания ва Гибралтар, Россия ва Украина терма жамоалари ва клублари еврокубоклар ва бошқа мусобақаларда бир гуруҳга тушишмайди. Ўз вақтида 1954-1974 йилларда ОФК аъзоси бўлган Исроил Осиёда араб жамоалари томонидан тан олинмагач, Европага ўтиб кетган эди.
Қатарнинг Ғарбий Осиё футбол федерациясидаги аъзолиги масаласи ҳам тез орада кўтарилиб қолса, ажабмас. ОЧЛ Қатар клублари учун жорий мавсум якунланганини инобатга олса керак, 2018 йил режалари ҳақида ҳозирча мулоҳаза юритиш бироз ноқулай. Агарда дипломатик муаммо ечилиши чўзилиб кетса, унда Саудия - Эрон муаммоси ёнига Қатар - бошқа араб давлатлари масаласи қўшилади.
Қатарнинг ЖЧ-2018 саралаши доирасида Жанубий Корея, Сурия ва Хитой билан ўйинлари бор. Форс кўрфазида ўтказилиши керак бўлган ўртоқлик баҳслари йўқ. Ишонамизки, Қатар билан боғлиқ дипломатик муаммо тез орада ҳал этилади. Шундоқ ҳам ОФК олдида турган муаммолар етарли.
Фактлар:
Айни пайт Қатар аҳолисининг 25 фоизини ҳиндлар ташкил этади.
Автомобиль ҳаракати ўнг қўл қоидасига асосланган.
Қатар армияси 11800 кишидан иборат. Уларнинг 8500 нафари ҳаракатдаги армия, 1800 нафари ҳаво кучлари вакилларидир.
Ўзаро ҳисоб-китоб
Саудия Арабистони ва Қатар терма жамоалари шу пайтга қадар ўзаро 41та баҳсда майдонга тушганлар. Унда 17 марта саудияликлар, 8 марта қатарликлар ғалаба қозонишган, 16та ўйинда эса дуранг қайд этилган.
Сўнгги баҳс.
2014 йил 26 ноябрь
Форс кўрфази миллатлар кубоги финали
Ар-Риёд. «Қирол Фаҳд» халқаро стадиони.
Саудия Арабистони - Қатар - 1:2
Голлар: Сауд Ҳарири (16) - Алмаҳди Али Мухтор (18), Буалем Кукхи (58).
Олдинда 2017 йил 22 декабрь - 2018 йил 8 январда Қатарда (!) бўлиб ўтадиган Форс кўрфази миллатлар кубоги турибди. Мусобақа қуръаси ҳали ўтказилмаган. Турнирнинг ташкиллаштирилиши борасида айни пайт ҳеч қандай маълумот йўқ.
Маълумот учун
Қатар - Жануби-Ғарбий Осиёдаги давлат. Майдони - 11.586 км.кв (жаҳонда 164-ўрин). Аҳолиси 2,675,522 киши (2016 й., жаҳонда 142-ўрин). Пойтахти - Доха шаҳри. Давлат бошқаруви: мутлақ монархия. Саудия Арабистони, Баҳрайн ва БАА билан чегарадош. 1971 йил 1 сентябрда ўз мустақиллигини эълон қилган. Расмий тил: араб тили. Пул бирлиги: Қатар риали. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ: 145894 АҚШ доллари. Маъмурий жиҳатдан 7та музофотга бўлинади. Давлат амири: Тамим Бин Ҳамад ал Тани. Телефон коди: +974. Табиий газ захиралари бўйича жаҳонда 3-ўринни банд этган.