Машҳур футболчилар тез-тез қонунга хилоф ишлар қилиб туришади. Балки, бунга уларнинг юлдузлик касалига учрагани сабаб бўлар. Лекин улар камдан-кам ҳоллардагина панжара ортидан жой эгаллашади, чунки таниқли футболчилар ортида катта пул ва кучли адвокатлар туради-да. Аммо гоҳида пул ва яхши адвокатлар иш бермай қолган ҳолатлар ҳам кузатилади.
Максим Молокоедов
2010 йили Санкт-Петербургнинг «Динамо» жамоаси аъзоси Максим Молокоедов Чили пойтахти Сантягодаги аэропортда қўлга олинди. Полициячилар россиялик футболчининг юклари орасидан олти килограмм кокаин топишди. Футболчи заҳри қотилни болалар китоблари орасига яшириб қўйган экан. Гиёҳванд моддалар ташигани учун Сантяго суди Максимни уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилди ва у жазо муддатини Чилидаги қамоқхоналардан бирида ўтайдиган бўлди. 2012 йилнинг ёзида эса ўйинчи карерасини тиклашга эришди. Молокоедов Чили миллий чемпионатининг иккинчи дивизионида иштирок этадиган «Сантяго Морнинг» клуби билан шартнома имзолашга муваффақ бўлди.
Турган гапки, ўйинчини «Эл Русо» қамоқхонасидан қўйиб юборишмади, лекин у ўз агентига эга бўлди ва Максим ҳар куни «Сантяго Морнинг» машғулотларида қатнашиш имкониятини қўлга киритди. 2013 йилнинг 23 феврал куни Молокоэдов озодликка чиқди ва тезда ватанига қайтиб келди. Футболчи «Сантяго Морнинг» билан тузилган шартномани маоши жуда камлиги боис давом эттирмади: унга ойига минг доллар беришарди, холос.
Брено Боржес
2011 йили Германиянинг «Бавария» клубида тўп сурувчи бразилиялик Брено Боржес ўзи ижарада турадиган уйда ис газидан заҳарланиб шифохонага тушиб қолди. Клиникага футболчини маст ҳолатда олиб келишди. Кейинроқ маълум бўлишича, уйнинг ёниб кетишига бошқа биров эмас, айнан Бренонинг ўзи сабабчи бўлган экан. Судда футболчи йирик миқдорда суғурта пули олиш мақсадида ёнғинни ўзи уюштиргани исботлаб берилди.
Уйга етказилган зарар 1,5 миллион долларга тенг бўлиб, ижарачи 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди. Бироқ Бруно бу қадар узоқ йиллик жазодан қутулиб қолди ва панжара ортида бор-йўғи уч йил ўтирди. 2014 йилнинг 18 декабрида футболчи озодликка чиқди.
Гари Медин
Англиянинг «Шеффилд Уэнсдей» жамоаси ўйинчиси бўлмиш 25 ёшли Гари Медин ўз қадрдон клуби сафида 35 матчда майдонга тушган. Аммо икки марта мухлисларини калтаклагани боис 18 ойга озодликдан маҳрум этилган. Ҳар икки кўнгилсиз ҳолат ичкиликхона (паб) да юз берган. 2012 йилнинг февралида ҳужумчи ўз клубига ишқибозлик қилувчи мухлиснинг бурнини синдириб қўйган. Жабрдийданинг сўзларига кўра, Медин узоқ вақт унинг энг севимли футболчиси бўлган.
Орадан бир ой ўтиб британиялик ҳужумчи пабда яна бир киши билан муштлашиб қолган. Бу сафар футболчининг кучли зарбаси таъмини «Шеффилд Юнайтед»нинг азалий рақиби бўлмиш «Уэнсдей»га мухлислик қиладиган ишқибоз татиб кўрди. Синган бурунлар учун кам товон тўланмади: Медин 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва бундан ташқари, жарбдийдалардан бирининг ҳисоб рақамига 1,5 минг доллар ўтқазди. Устига устак, Гари суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.
Рене Игита
Дарвозабон Рене Игита 25 йил давомида 380 матчда иштирок этди ва 41 та пеналтини аниқ амалга оширди. Афсонавий футболчининг шахсий ҳаёти ҳам профессионал фаолияти каби ранг-баранг. 49 ёшга келиб спортчи реалити-шоуларда қатнашишга, пластик операция қилдириб, ташқи кўринишини тўлиқ ўзгартиришга, бир неча бор уйланишга ва икки марта қамалиб чиқишга улгурди.
1993 йили футболчи одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ билан ҳамкорлик қилишда айбланиб қамалган. Ўшанда Игита бола ўғирлашда иштирок этгани учун жазоланган эди. Тез орада колумбиялик ўйинчи яна судланди. Бу сафар у гиёҳванд моддалар сотиш билан шуғулланувчи наркобарон билан воситачилик қилгани учун етти ой муддатга панжара ортидан жой олди. Бироқ бу муаммолар Хосенинг футболдаги фаолиятига таъсир кўрсатмади. У, барибир, Колумбия клублари дарвозасини қўриқлашда давом этди. Рене Игита расмий равишда 2010 йилга келибгина футболдан кетди.
Бруно Соуза
2013 йили Бразилиянинг «Фламенго» клуби дарвозабони Бруно Соуза ўзининг собиқ маҳбубаси, 25 ёшли модел Элиза Самудиони ваҳшийларча ўлдиришга бош-қош бўлганликда айланиб ҳибсга олинди. Мазкур қотилликда ҳаммаси бўлиб етти киши иштирок этган ва уларнинг орасида дарвозабонинг рафиқаси ва унинг энг яқин дўсти — ҳуқуқ-тартибот идораси ходими ҳам бўлган. Бруно Соуза қилмишига яраша жазо олди — у 22 йилга озодликдан маҳрум этилди.