— Нима, қўлимдан келмайди? Бе, менга ақл ўргатма, тушундингми?! Мени Эшқўзи дейдилар. Тажрибам йўқ?! Агар билсанг, мактабда пизкилтурадан дарс берганман. Ўқувчиларим мактабда чемпион бўлишган, майлими?! Э, бор-э! Сен билан гап талашиб ўтиргандан кўра братаннинг олдига бир ўтиб келганим яхши.
Шу Очқўзи акам жа ҳотамтойда. Нима сўрасам, ҳеч қўлимни қайтармайди. Ҳа. Мана ҳозир бораманда законний гаплашиб қўяман, ҳаммаси ҳал. Э, ана, ўзлариям кеп қолдилар.
— Ассалому алаайййкууум! Яхшимиз, бола-чақалар яхшими? Ўзингиз қалайсиз?
Тиржайишини қаранг буни?! А энди мендек современный одам хушомад қилиб тургандан кейин тиржаяди-да! Аммо-лекин салом беришниям сайратвордим-да, чўзилганини қаранг, чўзилганини. Бунинг замирида-чи, каааттта маъно бор. Жуда кааттттааа. Шошманг, бу бир нима деяпти, шекилли. Нима дейсиз?! Бошқаришни биламанми?! Бе нима деяпсиз? Бошқариш бўйича чемпионман, братан, чемпион. Ишонмасангиз, ана қишлоқдошлардан сўранг. Мен бошқарган қўйлар қишлоқнинг олди, ҳар бири нақ сомон тиқилган қопнинг ўзгинаси. Нима, пидболчиларни бошқараман?! Буям ничево, братан, а так, палсапаси битта. Шу керагида ўнгга, чапга бошқариб турсам бўлди-да. Вапше хавотирланманг, ҳали кўрасиз, бу пидболчиларингиз ўйинниям қийворади. Ишонаверинг.
Хайрият, кўнди. Бу пидболам майдонда ўйналади, шекилли. Қўйлар ҳам майдонда боқилади. Ана, бир хил экан-ку! Братан эса булар бошқа-бошқа нарсалар дейди. Шу ўт-ўланнинг ўрнида коптокни тасаввур қилаверамиз-да. Бир-икки марта телевизорда кўргандай бўлувдим. Ничего, амаллаймиз. Зато мансабдормиз. Бош мураббий Эшқўзи, қалай, жарангли эшитиляптими?! Ҳа энди бизам чакана одаммасмиз! Салобатни қаранг, салобатни. Мураббий дегани мана бундоқ бўпти-да.
* * *
Бугун ўйинчилар билан танишаман. Хўш, бу қўйлар, э, пидболчилар қанақа экан?! Бир кўрайлик-чи?!
— Ҳорманглар энди, ҳойнаҳой, бу тажрибали мураббий ким экан деб ўйлаяпсизлар шекилли, а?! Мен ўша Тупойгузар қишлоғида донғи кетган бошқарувчиман. Хуллас, боплаб танишволсак-а! Ҳозир ҳаммамиз чойхонага борамиз. Кеча бир чойхонага борувдим, вей, ошни даҳшат пишираркан лекин. Кейин юзта-юзта оламиз. Зўр бўлади. Нима, машғулот?! Қўйсанг-чи, менга қара, сенга зарилми югуриб а?! Аввал иқтисод, кейин сиёсат, қоринни тўйдир, қолгани бир гап бўлар!
Чойхонанинг қара зўрлигини. Эй, сигаретинг борми?! Нима, чекмайсан? Вей, эркак киши чекади сигаретни! Нима, чексанг пидбол ўйнолмайсан?! Нега?! Югуролмайсан?! Ким айтди югур деб. Э, сени қара-ю! Жойингда тур, бўлди. Чексам майлими, дейсанми?! Албатта. Ё тепадагилар гапирадими?! Унда, менга қара, кел, яхшиси, бундай қиламиз. Сен менгаям бериб турсанг, чекишинг мумкин! Зўрми?
* * *
Уфф, бошим қаттиқ оғрияпти. Роса олибмиз-да ўзиям. Харажатиям зўр кетди лекин. Ҳа, энди, қўзилар зотидан бўлгандан кейин отамиз-да. Мана, Очқўзи акам ҳам роса сипқорарди. Бу харажатини қандай оқласам экан? Топдим, машғулотлар учун янги тўп олдик, дейман, тамом. Соат неччи бўлдийкан?! Во, тўққиз-ку! Машғулотга боришим керак эди-я. Э, абетга яқин бораман, ҳеч нарса қилмайди. Унгача болларнинг ўзи пидбол ўйнаб туради. Менга зарилми эрталабдан?!
Ана абетам бўлибди. Энди борсам бўлади. Хўш, боллага бир-икки бақириб қўйишим керак. Вей, буларнинг югуришини қаранг. Ўвв, ландовур, шунақаям лапашанг бўласанми? Нармалный ўйна. Иштирапниям шунақа тепадими одам?! Сал қаттиқроқ теп! Нима, тепиб кўрсатай?! Энди нима қиламан?! Эй, мен сенга тажриба қуёниманми? Бу ёшдан ўтганман, билдингми? Ўзинг тепиб ўрган. Бир ҳафтадан кейин мусобақа, нармалный ўйнашимиз керак, тушунарлими?!
Бу вақт дегани жуда тез ўтарканми?! Во, стадионни қара? Роса катта экан лекин. Мен қўй боққан майдонам бунчаликмас-а! Шундай жойда пидбол ўйнаб, аҳмоқ бўлган булар, ундан кўра қўй-қўзи боқмайсанми?!
***
Эй, менга қара, бугун ютишимиз керак, тушундингми?! Бунинг ажабланиб қарашини-чи?! Бўпти, давай, майдонга.
Эй, сен менга қара. Қўй боққанимдачи шеригим кўпинча ўрнимдан қўйларни қайтариб келарди. Сен эса пидболда ёрдам берасан. Тушундингми, мен бунақа паст ўйинларни бошқариб ўтирмайман. Тушундингми?!
Уфф, кун жуда исиб кетди-да. Ие, шошма, ҳисоб… Вой-вой, бу лапашанглар голь ўтказиб юборишибди-ку! А, ҳужумчи тушуриш керак. Шошма, кимни тушурсам экан-а?! Хўш?! Буларнинг қайси бири кўзимга иссиқ кўринаркин?! Ҳа, мана. Эй, сен, Мамақўзи, бизнинг аурадансан. Майдонга туш. Нима қиламан, дейсанми?! Гол урасан, ҳужумда ўйнайсан! Нима, сен қанот ҳимоячисисан?! Нима дегани у?! Менинг ишим йўқ, ҳужумда ўйнайсан, тамом! Қайтганимизда отангга мақтанасан ҳужумда ўйнадим деб. Аммо-лекин Эшқўзи амаким туширдилар, дейишни унутма. Бўптими?! Давай?! Кимни чиқараман?! Хўш, шошма-чи… Анави боланинг турқи сал ёқмай турибди. Эй, сен, чиқ ўйиндан. Менга-чи, олдин нечта гол урганингнинг фарқи йўқ, тушундингми?! Сен қўзиларданмассан, тамом!