Олий лиганинг 15-турида “Бунёдкор” – “Локомотив” ўйини ўтказилади.
Ўз вақтида “темирйўлчилар” жамоаси сафида мазмунли ўйин намойиш этиб, бир қатор дербиларда мухлислар олқишига сазовор бўлган собиқ футболчи Зайниддин Тожиев мазкур ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"“Бунёдкор” жамоаси эндиликда Миржалол Қосимов бошчилигида секин-аста янгича ўйинни шакллантириб бормоқда. Лекин бугунги баҳсда “Локомотив”ни рақибдан бироз устунроқ, деб ўйлайман. Ўзи аслида дербига тайёргарлик одатда бироз бошқачароқ бўлади. Мен футбол ўйнаган пайтда ҳам шундай эди. “Бунёдкор”га қарши кечган бир нечта дербиларда иштирок этганман.
Дербида жамоа ютадими ёки ютқазадими, барибир кураш сўнгги секундларга қадар кечади. “Бунёдкор” билан бўлган дербилардан ёдимда сақланиб қолгани – 2012 йилда ушбу жамоани 3:1 ҳисобида мағлуб этганимиз. Ўшанда Артурас Фоменко 2 та гол киритганди. Адашмасам, Артурас “Бунёдкор”га қарши деярли ҳар бир ўйинида гол киритишга муваффақ бўларди.
Умуман олганда, дербида ғалабага эришиш ҳар қачон ҳам муҳим бўлган. Шу сабабли бугун ҳам ўйин жуда шиддатли ва қизиқарли тарзда кечишига аминман", - деди Тожиев.
Таъкидлаш жоизки, Зайниддин Тожиев 2011—2013 мавсумларда “Локомотив” шарафини ҳимоя қилган.