Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ўтган мавсумнинг энг яхши мураббийлари

Баҳо:
+ | -

Клублар таркибни кучайтиришга астойдил киришаётган паллада якунига етган мавсумни сарҳисоб қилишда давом этамиз. Бу гал мавзу мураббийларга бориб тақалади. Аниқроғи, кучли бешлик чемпионатларида қўл остидаги жамоа билан муваффақият қозонган мутахассислар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

АНГЛИЯ ПРЕМЬЕР-ЛИГАСИ

1. Антонио Конте (47 ёш, «Челси»)

2016 йилнинг ёзида Лондон клубида иш бошлаган италиялик мутахассис илк мавсумдаёқ жамоасини чемпионлик сари етаклади. Дастлаб ишлар кўнгилдагидек кечмади: «кўклар» аввал «Ливерпул»га, кейин эса «Арсенал»га ютқазишди.

Кўп ўтмай Конте схемага ўзгартириш киритиб, уч ҳимоячи тактикасига ўтди ва бу қарор самара келтирди: «Челси» 13та ўйинда мағлубият нималигини билмади. Умуман, «аристократлар» миллий биринчилик дои-расидаги 38та баҳсдан атиги 5тасида имкониятни бой беришди. Бу эса ажойиб кўрсаткич.

2. Маурисио Почеттино (45 ёш, «Тоттенхэм»)

Контенинг чемпионлик йўлидаги асосий рақобатчиси ҳам кучли жамоа шакллантирди. Ҳозирги «Тоттенхэм» - чемпионатнинг энг ёш клубларидан бири. Шунга қарамай, «шпорлар»нинг аксарият ўйинчилари Испания, Германия ва Франциянинг топ-клублари қизиқишига сабаб бўлишмоқда.

Экспертлар Почеттинонинг кучли жиҳатларини алоҳида кўрсатишмоқда, улардан энг асосийси - ёшлар билан ишлаш салоҳияти. Қолаверса, аргентиналик мутахассис ўз жамоасига қайси футболчини таклиф этишни яхши билади. Мисол учун, ўтган мавсум ҳеч кимга таниш бўлмаган Виктор Ваньяма «Тоттенхэм» кашфиётларидан бирига айланиб, турли нашрлар талқинига кўра, АПЛ рамзий термасидан жой олди.

3. Хосеп Гвардиола (46 ёш, «Манчестер Сити»)

Испаниялик машҳур мутахассис ўтган ёзда Англия чемпионатини забт этишга киришганди. Дастлаб Гвардиоланинг ишлари бинойидек кечди - унинг жамоаси турнир жадвалида иккинчи ўринда борди, аммо кейинчалик жароҳатлар ўз сўзини айтди.

Қолаверса, Гвардиола тактик нуқтаи назардан қўпол хатоларга йўл қўйиб, буни ўзи ҳам тан олди. Хосепнинг фаолиятини якунлаш ҳақида фикр билдиргани ҳамон ёдимизда. Ҳар қандай вазиятда ҳам, мутахассис жамоасини юқори учликка қайтаришни уддалаб, «шаҳарликлар»нинг ЕЧЛдаги иштирокини таъминлади.

ИСПАНИЯ ПРИМЕРАСИ

1. Зайниддин Зидан (44 ёш, «Реал»)

«Бланкос» устози Европа футболи чўққисини эгаллашда давом этмоқда. Ўтган мавсум унинг учун «Реал» бошқарувидаги дастлабкиси бўлган ва у ЕЧЛда ғолиб чиққанди. Жорий йилда эса француз сўнгги беш йил ичида илк марта жамоасини мамлакат чемпионлиги сари етаклади.

«Реал»нинг ўйини кўзни қувонтиради. Кўриниб турибдики, мадридликларнинг собиқ ярим ҳимоячиси қўл остидаги футболчилар билан муносабатларни тўғри йўлга қўйган, жамоасида эса ўзига хос услуб бор. Ўз навбатида, «Реал», худди «Челси» каби, бутун мавсумни деярли бир хил таркибда ўтказди. Зидан, кўриб турибмизки, ротацияга иштиёқманд эмас. Чемпионат аутсайдерига қарши баҳсда истисно қилмаса, албатта.

Бир-икки йил аввал «Реал» ёшларига устозлик қилган мутахассиснинг қисқа муддатда Европанинг энг кучли мураббийлари сафидан ўрин эгаллашини ким ҳам ўйлаб дейсиз?!

2. Луис Энрике (44 ёш, «Барселона»)

Ўтган мавсум испаниялик мутахассис учун Каталония клубидаги охиргиси бўлди. Энрике ўз жамоасини шакллантириб, Чемпионлар Лигаси ва бошқа мусобақаларда ғолиб чиқишга улгурди.

Сўнгги мавсумда эса мураббий етакчилар билан муаммоларга йўлиқди. Кўпчиликка мураббийлар штабининг қарори ёқмади, ЕЧЛни тарк этиш эса ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Ҳар қандай вазиятда ҳам, бу мураббийга ҳаммаси учун ташаккур билдириш лозим. Айниқса, «ПСЖ»га қарши кечган баҳсдаги «камбэк» учун. Ишқибозлар «Камп Ноу»да бўлиб ўтган бу ўйинни ҳали узоқ вақт эслаб юришади.

3. Диего Симеоне (47 ёш, «Атлетико»)

Аргентиналик мураббий ўйлаб кўрадиган вақт келди. ОАВда Симеоненинг «Интер»дан таклиф олгани, миланликлар унга йилига 15 млн. евро тўлашга тайёр эканликлари ҳақида ёзилди. Диего қўл остидаги жамоа ЕЧЛ ғолиблиги сари астойдил қадам ташлаганди, аммо бу сафар ҳам унинг йўлига «Реал» тўғаноқ бўлди. Албатта, бундай вазиятда ҳар қандай кишида барчасини ташлаб, бошқа чемпионатга ўтиб кетиш фикри туғилиши табиий. Аммо Симеонедан мазкур масалада бирор ҳаракат кузатилмади.

«Атлетико» примерада учинчи ўринни эгаллади ва кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида қатнашади. Бу сафар курашга Диего билан киришадими ёки бошқа мутахассис жалб этадими, вақт ўтгач билиб оламиз.

ИТАЛИЯ «А» СЕРИЯСИ

1. Массимилиано Аллегри (49 ёш, «Ювентус»)

Ҳеч қандай сенсация йўқ. Италиялик мутахассис Турин клуби билан ички мусобақаларнинг деярли барчасида зафар қучди. Аммо Аллегрига ЕЧЛ финалида Зиданни ранжитиш насиб қилмади. Ваҳоланки, икки йил аввал «Ювентус» «Реал»ни Чемпионлар Лигаси ярим финалида тўхтатишни уддалаганди. Тўғри, у пайтлари мадридликларни Карло Анчелотти бошқарганини унутмаслик лозим.

2. Лучано Спаллетти (58 ёш, «Рома»)

Яқиндагина «Интер» билан шартнома имзолаган мутахассис «А» сериянинг ўтган мавсумида «Рома»ни ёмон бошқармади. Римликлар чемпионлик йўлида «Ювентус»га рақобат туғдиришди. Спаллетти Миланга йўл олишдан аввал «Рома»га ЕЧЛ йўлланмасини тақдим этишга улгурди.

3. Винченцо Монтелла (42 ёш, «Милан»)

«Россонери»нинг ҳозирги таркиби билан соврин ютиб, жамоани Европа Лигасига олиб чиқишни тасаввур қилинг. Гўёки, молиявий муаммолар туфайли «Милан»да беқарорлик авж олгандек эди. Аммо Монтелла ўтган мавсум «Ювентус»ни икки марта мағлубиятга учратди. Биринчи марта - чепионатда, иккинчисида эса - Италия суперкубоги учун ўтган баҳсда. Айтишларича, яхши мураббий ҳар қандай таркиб билан муваффақият қозона оларкан. Ушбу гаплар бевосита Монтеллага тегишли.

ФРАНЦИЯ 1 ЛИГАСИ

1. Леонарду Жардим (42 ёш, «Монако»)

Португалиялик мураббий ўз ғоялари ва ёшлар билан ишлаш хусусияти туфайли аллақачон Европа топ-клублари эътиборини тортиб улгурди. Айнан Жардимнинг меҳнатлари самараси ўлароқ, «Реал», «Манчестер Юнайтед» ва «кўҳна қитъа»нинг бош-қа етакчи клублари 18 ёшли форвард Килиан Мбаппени қўлга киритиш учун курашишмоқда. Грандлар ҳозирча катта маблағ таклиф этиб ҳам рад жавобини олишмоқда. Умуман, ушбу рўйхатда Мбаппе ёлғиз эмас.

Ўз навбатида, «Монако»нинг Франция чемпионлигини қўлга киритганини таъкидлаш жоиз. «ПСЖ»нинг трансферларга қанча пул сарфлаганини кўряпмиз, аммо парижликлар соврин учун курашда енгилдилар. Жардим футболда катта сарф-харажат ҳар доим ҳам керакли натижани келтирмаслигини исботлади.

2. Люсьен Фавр (59 ёш, «Ницца»)

Бу мураббийнинг ҳурматга лойиқ натижалари бисёр. Лига 1да учинчи ўринни олишдан ташқари, машҳур тўполончи Марио Балотеллини таркибга жалб этди. Италиялик ҳужумчи эса жамоа муваффақиятига ҳисса қўшди. ОАВда Фаврнинг «Боруссия» Дортмунд клубини бошқариши ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо Германия жамоаси якунда бошқа номзодни танлади.

3. Унаи Эмери (45 ёш, «ПСЖ»)

Бу мутахассис учун мавсум турлича кечди. Биринчидан, унинг жамоаси ички чемпионатда ғолибликни бой берди. Иккинчидан, Эмери ЕЧЛда раҳбарият ишончини оқлай билмади. Учинчидан, испаниялик мураббий ва етакчи футболчилар ўртасида низо чиқди. Бошқа томондан, «Барселона»га қарши кечган баҳс бўйича қандай эътироз бўлиши мумкин? Кўпчиликнинг фикрича, ўшанда ҳакамнинг қўпол хатолари ўйин натижасига таъсир кўрсатган.

Ўз навбатида, тўртта тўп фарқи билан олдинда бора туриб ютқазилганда, ҳамма айбни бир кишига ағдариш тўғри бўлмайди. Афтидан, «ПСЖ» мутасаддилари буни тўғри тушуниб, Эмерига яна бир имконият беришга қарор қилишган.

ГЕРМАНИЯ БУНДЕСЛИГАСИ

1. Томас Тухель (43 ёш, «Боруссия» Дортмунд)

Германиялик мутахассис Дортмундга ўтган йилнинг ёзида «Майнц»­дан келганди. Ўшанда ҳеч ким бу инсоннинг нақадар талабчанлигини билмаган. Тухель майда деталларни ҳам назардан четда қолдирмайди, қаттиққўл, дадил, ақлли, ҳамиша жамоа муаммоларини ҳал қилишга интилади. У янгича «Боруссия»ни шакллантирди. Юрген Клопп жамоасидан асар ҳам қолмади, ваҳоланки, ўтган йилнинг ёзида ёш мураббийнинг иқтидорига кўпчилик шубҳа билан қараганди.

Тухелни бемалол Почеттино ва Жардим билан солиштириш мумкин. Бу мутахассисларни нима боғлайди? Улар ёшлар билан ишлашни қойиллатишади. Фарқи, Тухель миж-ғовлиги билан ҳамкасбларидан ажралиб туради. Бу ҳақда «Боруссия» Д. футболчилари ҳам таъкидлашган, баъзан раҳбарият ҳам шунга шаъма қилди.

Ҳар қандай вазиятда ҳам, «қовоғарилар» янги мураббий қўл остида мавсумни ёмон ўтказишмади - жамоа ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритди, мамлакат кубоги финалида «Айнтрахт»ни мағлубиятга учратди. Ушбу турнир ярим финалида Мюнхеннинг «Бавария»сини чиқариб юборгани диққатга сазовор. Шунга қарамай, дортмундликлар Тухелнинг ўрнига бошқа мураббий жалб этишга қарор қилишди.

2. Ральф Хазенхюттль (49 ёш, «РБ Лейпциг»)

2016 йил якунигача австриялик мутахассис қўл остидаги жамоа «Лестер»ни эслатиб юборди. Кейинчалик эса, «Лейпциг»да пасайиш кузатилди, аммо бу омил клубнинг бундеслигада иккинчи ўринни қўлга киритишига тўсқинлик қилмади.

Умумий ҳисобда, жамоа мавсумни кўнгилдагидек ўтказди: «Боруссия», «Вольфсбург», «Байер» ва Германия чемпионатининг бошқа вакиллари мағлубиятга учратилди. Қизиқ, «буқалар» ЕЧЛда қандай қатнашишар экан?

3. Юлиан Нагельсман (29 ёш, «Хоффенхайм»)

Бу инсонни бемалол мавсум кашфиёти сифатида кўрсатиш мумкин. Тасаввур қиляпсизми, Нагельсманнинг ёши 29да, у эса ўзининг юқори даражали мураббий эканини кўрсатиб улгурди. Сабаб? Чунки унинг қўл остидаги жамоа ички чемпионатда тўртинчи ўринни эгаллаб, Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:20, 27.06.2017.
Ўқилди: 6804 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.