Ғузорнинг «Шўртан» клуби мавсум бошида 40 ёшга яқинлашиб қолган икки нафар футболчини сафга қўшиб олганди. Булар: Тожикистонда туғилган ва айни дамда Ўзбекистон фуқаролигига эга Акмал Холматов ҳамда украиналик Олександр Пишчур.
«Voha.uz» нашрининг хабар беришича, ғузорликлар ҳар икки футболчи билан хайрлашишга қарор қилган. Аввалроқ уларнинг шартномаси қанчага мўлжалланган бўлган, шартнома бекор қилиндими ёки биринчи давра сўнгида ниҳоясига етдими, аниқ маълумот берилмаган.
«Шўртан» учун 2017 йилнинг биринчи давраси анчагина қийин келди. Легионер футболчи билан боғлиқ масала сабаб ФИФА клубдан ўз қарзларини тўлаб беришни талаб қилди. Кейинроқ жамоа бош директори Шоди Намозов соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб ишдан бўшашга мажбур бўлди.
Ғузорликлар Урош Милославлевичга 46 минг доллар бергани ҳақида хабар чиқди. Шунга қарамай, сербиялик пеня ўрнида яна 13 минг талаб қилгани борасида гап-сўзлар пайдо бўлди.
Бунгача «Шўртан» мавсум бошидаги кетма-кет мағлубиятларга чидай олмай, катта йиғилиш ўтказди ва бош мураббий Александр Волковга қўшиб, икки футболчи — Руслан Вагапов ҳамда Жаҳонгир Жиямуродовни клубдан четлаштирди.
Шундай алфозда бўлса-да, «Шўртан» Тошкентнинг уч гранд клубини таслим қилишга эришди ва бу борада ягона жамоа бўлиб олди: «Бунёдкор»ни 1:0, «Локомотив»ни 2:0 ва «Пахтакор»ни 3:0.