Жанубий Корея термаси янги бош мураббийи Шин Тэ Йонг миллий терма жамоани ЖЧ-2018га олиб чиқишга ваъда берди.
"Терма жамоани қийин вақтда қабул қилиб олганимни биламан. Бу мен учун катта шараф. Менга берилган имконият учун Корея футбол ассоциацияси президенти, техник қўмита вакилларига миннатдорчилик билдираман. Терма жамоа кетма-кет тўққизинчи марта жаҳон чемпионатида иштирок этиши учун қўлдан келган барча ишни қилишга тайёрман".
Жанубий Корея "А" саралаш гуруҳида 13 очко билан 2-ўринни эгаллаб турган бўлса, Ўзбекистон улардан 1 очко ортда қолмоқда. Корейслар 31 август куни ўз майдонида Эронни қабул қилишса, 5 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон меҳмони бўлишади. Шин Тэ Йонг мазкур саралаш босқичи охиригача шартнома имзолади. Агар у терма жамоани ЖЧга олиб чиқа олса, у билан шартнома узайтирилади.
"Шартнома муддати муҳим аҳамиятга эга, аммо терма жамоанинг жаҳон чемпионатига бориши янада муҳимроқ. ЖЧга йўлланмасини қўлга киритсак, Корея футбол ассоциацияси яхшироқ шартнома таклиф қилса керак", - деди мураббий.
"Штилике билан ўйин услубимиз ва характерларимиз бошқача. Штилике терма жамоага чақирган барча футболчиларнинг хизматидан фойдаланаман деб айта олмайман. Мен танлайдиган футболчилар Эрон ва Ўзбекистонни мағлуб этишга ёрдам беради, деган умиддаман".