Фаолиятини Амирликларнинг «Ал-Жазира» клубида давом эттиришга қарор қилган ва икки йиллик шартномага имзо чеккан Сардор Рашидов «Интерфутбол» газетасига интервью берди.
Рашидовнинг олдида Қатар ва Амирликларнинг бошқа клубларидан ҳам таклифлар бор бўлса-да, футболчи мамлакатнинг амалдаги чемпиони сафида ўйнашни афзал билди. Журналист Камолиддин Алимовнинг биринчи саволи нега айнан «Ал-Жазира» деб бошланди.
«Шахсан клуб президенти ва бош мураббий мени жамоа сафида кўришни истади. Бу биринчи муҳим омил бўлди. «Ал-Жазира»нинг клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қатнашиши бир тўхтамга келишимни осонлаштирди. Салоҳиятимни дунёнинг гранд клубларига қарши ўйинларда синаб кўриш хоҳиши кучлилик қилди. «Ал-Жазира» мавсум якунига кўра БАА чемпиони ҳам бўлганди. Ҳаммаси бир бўлиб, шу таклифни қабул қилдим. Бундан хурсандман» - деди Сардор Рашидов.
Рашидов нима сабабдан Қатарда қолишни истамагани борасида ҳам тушунтириш берган. Шунингдек, у тўп сурган «Ал-Жаиш» клубининг «Лаҳвия» билан қўшиб юборилишини танқид остига олган.
«Қатарда қолишни истамадим. Фаолиятимда бурилиш ясашни хоҳладим. Агар Юлдузлар лигасида қолганимда, ҳозирги имкониятга эга бўлмасдим. Ўзимни бошқа чемпионатда синаб кўриш истаги баландроқ эди. Қатарнинг икки етакчи клубини бирлаштириш ғояси мамлакат футбол федерациясидан чиққани аниқ. Менимча бу унчалик тўғри қарор бўлмади. Бирлашишда маъно кўрмаяпман.
«Ал-Жаиш» Чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этадиган клублардан бири эди. Федерациянинг қарори билан чемпионатдаги рақобатга ҳам маълум даражада путур етади. Ахир «Жаиш» чемпионлик учун курашадиган 3—4 жамоа қаторида гавдаланаётганди. Энди эса фақатгина «Ас-Садд» ва янги тузилган жамоа қолди. Хулосам шу — бу қарор Юлдузлар лигасида савия пасайишига олиб келади. Шу боис Қатарда қолиш вариантига ижобий қарамадим» - деди Сардор Рашидов.
Аввалроқ Сардор «Ал-Айн» етакчиси, Осиёнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси Умар Абдулраҳмон икки марта қўнғироқ қилиб, жамоадош бўлишни таклиф қилгани борасида айтганди. Шунга қарамай, ўзбекистонлик футболчи бу таклифни қаноатлантирмади.
«Билишимча, Умар Абдулраҳмон клуб раҳбарларига мени харид қилишни тавсия этган ва улар номзодимга қизиқиб қарашган. Лекин «Ал-Айн» келаси мавсум Чемпионлар лигасида қатнашмайди. Клуб БАА чемпионатини бор-йўғи 4-ўринда якунлади» - деди Сардор Рашидов.
Футболчининг тан олиб айтишича, молиявий томондан олиб қараганда «Ал-Жазира»нинг таклифи «Ал-Жаиш»никидан яхшироқ. Шу боисдан ҳам Рашидов янги шартномага имзо чекишни ортиқ пайсалга солиб ўтирмаган.
Рашидов «Ал-Жазира»да 10-рақамни қўлга кирита олмади. Бу рақам Одил Аҳмедовнинг «Анжи»даги жамоадоши Мубарак Буссуфага тегишли. 14 июль куни Сардор «Ал-Жазира» сафига етиб боради. У билан биргаликда клуб машғулотларига машҳур Лассана Диарра ҳам қўшилади.
«Ал-Жазира» базаси масаласида қандайдир шубҳага ўрин йўқ. «Манчестер Сити»да қандай шароит яратилган бўлса, «Жазира»да ҳам худди шундай. Чунки клуб айнан «Манчестер Сити» хўжайинига тегишли» - деди Сардор Рашидов.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси «Ал-Жазира» бош мураббийи билан гаплашиб улгурмаган. Ҳар икки томон таътилдан қайтишгач, Дубайда бу иш амалга ошади. Шунингдек, Сардор Рашидовга Амирликлардан уй берилиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Интервью якунида Рашидов Криштиану Роналду «Реал»дан кетмаслигини исташи ҳақида айтиб ўтган. Чунки португалиялик клубида қолса, Жаҳон чемпионатида унга қарши ўйнаш учун имконият бўлиши мумкин.