Халқаро Олимпия қўмитаси 2024 ва 2028 йиллардаги Олимпиадалар ўтказиладиган номзод шаҳарлар Париж ва Лос-Анжелес бўлиши бўйича якуний қарорга келди.
Бу қарор Халқаро Олимпия қўмитасининг Лозаннада ўтган навбатдан ташқари сессиясида қабул қилинди. Икки шаҳар бўйича овоз бериш сентябр ойида бўлиб ўтади.
Бунда, режага кўра, 2024 йилги Олимпиядани ўтказиш ҳуқуқини бой берган шаҳар, автоматик равишда 2028 йилгисини ўтказиш ҳуқуқини олади.
Мазкур шаҳарлар ўзаро келишиб олишса, унда сентябр ойида бўлиб ўтадиган сўровнома шунчаки расмиятчиликка айланади. Агар бундай бўлмаса, унда 13 сентябр куни Лим шаҳрида жонли овоз бериш жараёнида 2024 йилги Олимпияда мезбони номи аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Олимпияда мезбонлигига Гамбург (Германия), Будапешт (Венгрия), Харков (Украина), Бостон (АҚШ) сингари шаҳарлар ҳам даъвогарлик қилишган эди. Бироқ турли сабабларга кўра, улар ўз аризаларини қайтариб олишди.
Навбатдаги Олимпия ўйинлари қачон ва қаерда бўлиб ўтади:
Қишки Олимпия ўйинлари-2018 - Корея, Пхенчхан
Ёзги Олимпия ўйинлари-2020 - Япония, Токио
Қишки Олимпия ўйинлари-2022 - Хитой, Пекин
Ёзги Олимпия ўйинлари-2024 - Париж ёки Лос-Анжелес
Қишки Олимпия ўйинлари-2026 - сайлов - 2019 йил ёзда бўлиб ўтади.
Ёзги Олимпия ўйинлари-2028 - Париж ёки Лос-Анжелес