Россиялик таниқли хонанда Нюша 2018 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг элчиси ҳисобланади. Конфедерациялар кубогидан сўнг россиялик журналистлар қўшиқчи билан суҳбат уюштиришди.
- Қандай қилиб ЖЧ-2018 элчисига айландингиз?
- Менга ташкилий қўмита таклиф билан чиқди. Вазифаларимни тушунтиришганида, мен учун қизиқ туюлди ва рози бўлдим.
- Элчининг иши нималардан иборат?
- Ўз мухлисларимни жаҳон чемпионати тайёргарликлари борасида хабардор қилиб тураман. Конфедерациялар кубогидаги таассуротларим билан ўртоқлашаман, волонтёрлар билан учрашаман ва футбол дарсларини бераман.
- Сиз Москвада туғилган бўлсангизда, Қозон шаҳри элчиси ҳисобланасиз. Нима учун?
- Менимча, қайси шаҳардан элчи бўлишингиз аҳамиятли эмас. Муҳими, унинг фаол ишлашида. Бундан ташқари, Қозонда Универсиада-2013нинг ёпилиш маросимида иштирок этганман, сув спорти бўйича жаҳон чемпионати элчиси бўлганман. Шундай экан, Қозон билан мени кўп нарса боғлаб туради.
- Интервьюларингизнинг бирида, элчининг иши «ЖЧ-2018да ҳаммаси яхши бўлади», деб туриш дегандингиз. Конфедерациялар кубоги қанчалик яхши ўтди?
- Россия-Янги Зеландия ўйинида илк бора футболга ташриф буюрдим. Мухлисларимиз терма жамоамизни қай тарзда қўллашгани менга маъқул келди. Ҳаммаси ёрқин ва чиройли бўлди. Турнирнинг очилиш маросими кўнгилдагидек ўтди. Чет эллик меҳмонлар ҳам қониқиш ҳосил қилишди.
- Уларнинг қай бири таассуротлари билан ўртоқлашди?
- Меҳмонлар билан мулоқот қилишга улгурмадим. Аввалига очилиш маросимида иштирок этдим. Кейин эса ўйинга берилиб кетдим. Германия-Чили учрашувидан сўнг Man of the match совринини Алексис Санчесга топширдим.
- 2016 йили футбол қоидаларини ўрганишингиз кераклигини айтгандингиз. Ҳозир «офсайд» нималигини биласизми?
- Ҳа, ўқияпман ва «офсайд» нималигини биламан. Ҳали айрим терминларни ўрганишим керак. Аммо футбол ўйинларини шарҳлашга тайёрман.
- Қоидаларни сизга ким ва қандай тушунтиради?
- Ўйинларни қаллиғим билан томоша қилдим. У менга кўп нарсаларни ўргатди. Конфедерациялар кубогининг очилиш маросимида Сергей Лазарев ва DJ Smash билан гаплашдим. Улар ҳам кўп нарсадан бохабар қилишди.
- Сизнингча, энг ёқимтой футболчи ким?
- Бу ҳақда ўйламайман ҳам. Роналду ёки Бекхэмни айтишим мумкин. Мен учун футболчилар яхши кўринишлари эмас, яхши ўйнашлари муҳимроқ.
- Россия терма жамоаси ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Жамоанинг Янги Зеландияга қарши ўйинини томоша қилдим. Вакилларимиз ёмон ҳаракат қилишмади. Бундай ўйинга биринчи бор ташриф буюрганим учун йигитлар яхши кўринишди.
- Спортдаги уриниш ҳақида синглингиз - Олимпия чемпиони Мария Шурочкинадан билиб олдингизми?
- У Рио-де-Жанейрода олтин медални қўлга киритганида ёнида эдим. Тақдирлашдан кейин трибунага тушдим ва бирга суратга тушдик. У эҳтиросга роса берилганди ва «Шундай лаҳзалар йиллар давомидаги машғу-лотларни эсдан чиқаради»,деганди.
- Синхрон сузишда Россия XXI асрда етакчига айланиб олган. Ваҳоланки, бу спорт турига футболга нисбатан анча кам пул сарфланади. Бироқ Россия футбол соҳасида ҳали ҳеч нима ютолмади. Бу сизга ғалати туюлмаяптими?
- Албатта, футболда ҳам юқори марраларни забт этишларини истаймиз. Менимча, бунинг учун болалар спортига кўпроқ аҳамият бериш керак. Ҳақиқатан ҳам синхрон сузишга футболга нисбатан эътибор жуда кам.
- Сиз Конфедерациялар кубоги очилиш маросимида қатнашдингиз. Стадион атиги 15 фоизга тўлгани ажаблантирмадими?
- Афтидан, мухлисларни яхши хабардор қилишмаган. Одамлар кеч келганларидан шундай хулосага бордим.
- Очилиш маросимида Алсунинг йиқилгани яхшиликкадир?! Унинг аҳволи яхшими?
- Нимадир кўнгилдагидек бўлмади. Хайриятки, жиддий жароҳат олмади.
- Россия-Португалия учрашувидан сўнг Владимир Путин билан учрашдингизми?
- Ҳа. У мендан футболга қизиқишим ҳақида сўради. Бу спорт турини қўллаб-қувватлашимни айтдим. Шунингдек, мамлакат президенти билан суратга тушиш имкониятига эга бўлдим. Балки бу ҳаётимдаги ягона имкониятдир. Шу боис ҳам Путиндан бирга суратга тушишни сўрадим. Президент рад жавобини бермади. Олдин синглимда шундай сурат бор эди. Энди менда ҳам бор.