«Ювентус»нинг асосий ҳимоячиларидан бири Леонардо Бонуччи Туринни тарк этиб, «Милан» сафига қўшилгач, ҳимоячи «Юве» кийиниш хонасида бўлиб ўтган маш-маша ҳақида гапириб берди.
Чемпионлар лигасининг «Реал»га қарши кечган финал ўйинида футболчилар ўртасида можаро келиб чиққан. Танаффус вақтида Дани Алвес жамоадоши Пауло Дибаладан ғазабланган ва уни жон куйдириб ўйнамаётганликда, сариқ карточкадан сўнг ўйинни ташлаб юборганликда айблаган.
Бу вақтда хонага бош мураббий Массимилиано Аллегри кириб келиб, Дибалани ҳимоя қилади ва Алвесдан ўзини босиб олишни сўрайди. Леонардо Бонуччи ҳам Алвеснинг фикрига қўшилди. Дибала эса кулимсираб, ўзини эътирозларга бееътибордек тутди. Бонуччи бу қилиқдан ғазабланиб, Дибаланинг томоғидан олади ва уни бурчак итариб юборади.
Шунда Андреа Барзальи аралашиб, Алвес ҳамда Бонуччига тинчланиши кераклигини айтади. Бонуччига Дибала биринчи бўлимда Марселони бир неча маротаба ўтказиб юборгани ёқмаганди. Ўз навбатида Барзальи ҳам жим турмади ва биринчи гол Бонуччининг хатосидан келиб чиққанини унинг юзига солди. Аллегри бир амаллаб муштлашув олдини олди.
«Бу жамоа билан бошқа ўйнамайман. Энди менсиз давом этади». Бу Бонуччининг иккинчи бўлимга чиқиш олдидаги фикрлари эди. «Ювентус» кейин ҳеч нарса қила олмади ва «Реал» рақиб дарвозасини бир неча маротаба ишғол қилиб, турнир ғолибига айланди.