Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Бунёдкор” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россиянинг “Ростов” аъзосига айланди.
Ўзбекистонлик футболчи Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида илк таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Ассолому алайкум қадрли дўстлар, азиз устоз ва мураббийлар, севимли мухлисларим! Кейинги тақдиримни Россия Премьер-лигасининг “Ростов” клуби билан боғладим. Бундан бахтиёрман. Чунки ўзимни Премьер-лигада синаб кўришни жуда-жуда истагандим.
“Машъал”дан “Бунёдкор”га йўл олиб адашмадим, аксинча, катта ўсишга эришдим. Умуман, футболнинг илк сабоқларини ўрганишимда хизматларини аямаган ва мен учун трамплин бўлган “Машъал” клуби раҳбарлари, мураббийлари ва барча ишчи ходимларига катта раҳмат дейман. Энди Тошкент клубидан “Ростов”га ўтдим. Ўйлайманки, бу қарорим ҳам ҳар томонлама фойдали бўлади.
Россия Премьер-лигасига йўл олишимда ўз ёрдамларини аямаган барча инсонларга раҳмат дейман. Алоҳида ташаккурларимни “Бунёдкор” ФК бош директори Мурод Алиевга, бош мураббий Миржалол Қосимовга билдирмоқчиман. Чунки бу инсонлар мени тўғри тушунишиб, кучли чемпионатда тўп тепиш истагимни маъқуллашди ва қароримни қўллаб-қувватлашди. Кучли чемпионатдан таклиф келса клуб раҳбарияти футболчининг хоҳиш ва истакларини биринчи ўринга қўяди. Менга оқ фотиҳа тилаб, Россия клубига ўтишимда кўмак берганлари учун уларга яна бир-бор миннатдорчилик билдираман.
Қадрли дўстларим, сизлар билан ажойиб дарвларни бирга ўтказдик. Ёрқин ғалабалар, аламли мағлубиятларда бирга бўлдик. Бундай онлар ҳаётим зарварақларида унутилмас бўлиб қолади. Ҳаммаси учун раҳмат.
Азиз мухлислар, сизларнинг кўмагингиз ва далдангиз ҳозирги пайтда мен учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Чунки ҳаётимда янги саҳифа очилаётган палла. Дуоларингиз, далдангиз мени янада кучлироқ қилади. “Ростов”даги рақобатда ижобий ҳислатларимни намойиш этиб, юртимиз шаънини руслар диёрида муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.
Ҳозирча Россия майдонларида “Ростов” либосида ўйнайман. Ишонаманки, 2018 йилда руслар заминида Ўзбекистон миллий терма жамоаси либосида ҳам албатта тўп тепиш насиб қилади”, - деди Элдор Шомуродов.