Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Давралар оралиғида Олий лига клублари ҳақидаги маълумотлар

Баҳо:
+ | -

«Локомотив»

Биринчи давра пешқадами айни пайт Беларусь пойтахти - Минскда ўқув-машғулотлар йиғинини давом эттирмоқда. Кунига икки маҳал олиб борилаётган маш­ғулотлар жараёнида жами 24 нафар футболчи қатнашмоқда.

«Темирйўлчилар» 21 июлга қадар Минскда шуғулланишади ва йиғин давомида 3та назорат беллашуви ташкиллаш кўзда тутилган. «Локомотив» режага мувофиқ, 14 июль куни Могилёв шаҳрининг «Днепр» жамоасига қарши майдонга тушди.

Иккинчи назорат ўйи­ни эса 16-санада «Гомел»га қарши кечди. Сўнг­ги «ўртоқлик» 18 июлга белгиланган. Яъни бугун «Слуцк» клуби рақиб вазифасини бажариши керак. Таъкидлаш жоиз, спарринг-рақиб сифатида танланган 3та клуб ҳам Беларусь юқори лигаси иштирокчиси саналади. Мисол учун, «Слуцк» мамлакат чемпионатида 4-поғонани эгаллаб турибди.

Энди натижаларга келсак, «Локо» дастлабки учрашувда «Днепр»ни йирик ҳисобда енгди - 4:1. Жамоа голларига Олабиран Муйива (2та), Азизбек Омонов ва Сардор Мирзаев муаллифлик қилишди.

«Локомотив»: Игнатий Нестеров, Салим Мустафоев, Олег Зотеев, Кахи Махарадзе, Шерзод Файзиев, Темур Кападзе, Икром Алибоев, Сардор Мирзаев, Жалолиддин Машарипов, Азизбек Омонов, Блессинг Олабиран Муйива.

Захирадан майдонга тушганлар: Маъмур Икромов, Саламат Қутибоев, Мурод Бобожонов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Марат Бикмаев, Сергей Прохоров, Диёр Туропов, Фаррух Иброҳимов.

«Темирйўлчилар»га иккинчи назорат баҳсида «Гомель» рақиблик қилди. Ўйиннинг 40-дақиқасида Игнатий Нес­теров ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. «Локо»нинг кетма-кет ҳужумлари эса учрашув тугашига 20 дақиқача қолган вақтдагина самара берди. Захирадан майдонга тушган Мурод Бобожонов томонидан мувозанат тиклангач ҳам, «темирйўлчилар ҳужумларни сусайтиришмади, аммо 1:1 натижаси ўйин якунигача ўзгармади.

«Локомотив» (бошланғич таркиб): Игнатий Нестеров, Муҳаммад Коне, Шерзод Файзиев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Олег Зотеев, Садриддин Абдуллаев, Темур Кападзе, Икром Алибоев, Жалолиддин Машарипов, Сардор Мирзаев, Азизбек Омонов.

«ҚўҚон-1912»

Қўқонликлар ҳал қилувчи баҳсларга Чирчиқ шаҳрида тайёргарлик кўрмоқдалар. Кунига 2 маҳал машғулот олиб бориляпти. Жараёнда «Пахтакор»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Темур Толипов ҳам иштирок этмоқда. У мавсумнинг биринчи ярмида «Навбаҳор» таркибида эди. Мураббийлар шунингдек, «Пахтакор» тарбияланувчиси, асли қўқонлик Азамат Мамажоновни ҳам амалда синаб кўрмоқдалар. Жавоҳир Сиддиқов ва Андрей Сидоров Ўзбекистон U-22 терма жамоаси ихтиёрида бўлиб турибди. Сербиялик легионерлар - Дарко Гожкович ҳамда Филипп Райевац жамоа ихтиёрига 18 июль (бугун) куни қайтишади. Тажрибали ҳимоячи Александр Мерзляков жароҳатдан сўнг асосий гуруҳ машғулотларида иштирок эта бошлади.

«Қўқон-1912» футболчилари аввалги ҳафта иккига бўлиниб, назорат ўйини ўтказишди. «Кўклар» жамоасида асосий таркиб вакиллари ҳаракатланган бўлсалар, ёшлар «Қизиллар» таркибидан жой олишди. 3:1 ҳисобида «Кўклар» фойдасига ҳал бўлган ўйинда Носир Отақўзиев, Суҳроб Бердиев, Собир Ҳамидов ва Темур Толипов гол уришди.

«Кўклар»: Никита Рибкин, Азамат Мамажонов, Акмал Холмуродов, Мурод Холмуҳаммедов, Жалил Кимсанов, Баҳодир Акрамов, Қувондиқ Рўзиев, Собир Ҳамидов, Жамшид Ҳасанов,Суҳроб Бердиев, Носир Отақўзиев.

«Қизиллар»: Азиз Ашуров, Исмоил Охунжонов, Аваз Маматхўжаев, Ойбек Рустамов, Дониёр Тўлашев, Иқбол Маликжонов, Шоҳруҳ Эргашев, Иброҳим Раҳимов, Муҳаммаданас Ҳасанов, Темур Толипов, Достон Мелиқўзиев. Қўқонликлар якшанба куни «Қизилқум» билан куч синашиб кўрдилар. Бу учрашувда ҳисобни навоийликлар очишди. Нўъмон Ҳасанов шогирдлари эса  64-дақиқада Муҳаммаданас Ҳасанов голи эвазига мувозанатни тиклашди ва 1:1  натижаси финал ҳуштаги янграшига қадар ўзгармай қолди.

«Насаф»

Ғузорда «Шўртан»га қарши кечган назорат учрашувида қаршиликларнинг асосан ўринбосарлари ва фарм-клуб таркибида майдонга тушаётган ўйинчилар ҳаракатланишди. Қизиқарли курашлар остида кечган ўйин «Шўртан»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. «Насаф»нинг ягона голи Ислом Кенжабоев номига ёзилди.

«Насаф»: 44. Музаффар Шарипов (35. Абдувоҳид Неъматов, 78), 5. Ғолиб Ғайбуллаев, 6. Акмал Мозговой (14. Дадажон Маматқулов, 78), 7. Дилшод Саитов, 10. Ислом Рашидхонов (16. Худоёрхон Саъдуллаев, 62), 18. Сирожиддин Қўзиев (4. Отабек Комилжонов, 70), 28. Сардор Саъдуллаев (15. Наврўз Иззатиллаев, 57), 32. Ислом Кенжабоев (22. Ойбек Бозоров, 65), 34. Илҳомжон Алижонов, 38. Шерзод Насруллаев, 45. Дилшод Хушбаков (33. Шоҳмалик Комилов, 78).

Мазкур баҳсда «Насаф» таркибида бунгача «Сўғдиёна»да ўйнаган Дадажон Маматқулов ҳам майдонга тушди. У аслида «Насаф» мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. «Насаф» ўринбосарлар жамоаси таркибида ҳам тўп сурган Маматқулов ҳозирча кўрикда бўлиб турибди. Мураббийлар тайёргарлик жараёни баробарида селекция ишларини ҳам унутишмаяяпти.

Айтиш жоиз, чап қанот ҳимоячиси Сайдулло Раҳматов «аждарлар» сафини тарк этиши мумкин. Маълумотларга кўра, унинг хизматларига «Нефтчи» қизиқиш билдирмоқда. Сайдуллонинг ўзи биринчи даврада майдонга нисбатан кам тушгани сабаб, жамоа ўзгартиришни ўйламоқда. Демакки, унинг иккинчи даврани «Нефтчи»да бошлаши эҳтимоли йўқ эмас.

«Олмалиқ»

Олмалиқликлар Минск йиғини доирасида Беларусь олий лигаси вакили - «Нафтан» жамоасига қарши назорат ўйини ўтказишди. Жамоа бош мураббийи Виктор Кумиков мазкур баҳсда машғулотларда иштирок этаётган барча футболчиларга имконият берди. Ўйиннинг ўзи анча қизиқарли ва шиддатли тус олиб, якунда «Олмалиқ» Зафар Полвонов ва Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров урган голлар эвазига 2:0 ҳисобида зафар қучди.

«Олмалиқ»: Хуршид Хўжаев, Раҳматулло Бердимуродов, Шавкат Муллажонов, Владислав Косминин, Ислом Иномов, Шоҳназар Норбеков, Игорь Йелич, Дилшод Жўраев, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Камолиддин Мурзоев, Зафар Полвонов.

Захирадан майдонга тушганлар: Акбар Тўраев, Низомиддин Зиёвуддинов, Вусал Магерамов, Азиз Суюнов, Хуршид Мухторов, Шаҳбоз Умаров, Лутфулла Тўраев, Фарҳод Мусабеков, Шота Григалашвили, Ғуломҳайдар Ғуломов, Санжар Рихсибоев, Виктор Клишин, Фарҳод Тожиев, Муҳаммад Исаев.

«Олмалиқ» навбатдаги ўйинда «Неман» (Гродно) жамоаси билан куч синашди.

Таркибдаги ўзгаришлар ҳақида гапирсак, 3 нафар футболчи (Дониёр Усмонов, Забиҳилло Ўринбоев ва Алибобо Раҳматуллаев) жамоа билан хайрлашди. Улар ўрнига Вусал Магерамов, Зафар Полвонов, Санжар Рихсибоев, Фарҳод Тожиев ва Лутфулла Тўраев таклиф этилди. Таркибда юзага келган рақобат сабаб, жамоа раҳбарияти яна 2 нафар футболчини ижара келишуви бўйича бошқа жамоаларга юборди. Хуллас, Мурод Ражабов иккинчи даврани «Навбаҳор» таркибида ўтказса, Муҳаммад Исаев Самарқанд «Динамо»си шарафини ҳимоя қилади.

«Пахтакор»

«Шерлар» аввалги ҳафта иккинчи даврага тайёргарлик доирасида ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишди - 13 июль куни «Локомотив-БФК» ва 15 июлда «NBU-Осиё»га қарши. Шота Арвеладзе бошқарувидаги жамоа энди тайёргарликни маромига етказиш мақсадида хорижга йўл олади. Бош мураббий «Пахтакор» марказий стадионида «Локомотив-БФК» билан ташкиллаштирган ўйиннинг икки бўлимида мутлақо бошқа-бошқа таркибни майдонга туширди.

Яъни танаффусдан кейин асосан ёш футболчиларга имконият берди. Биринчи 45 дақиқаликда тажриба ўз сўзини айтиб, асосий таркиб футболчилари ёш «темирйўлчилар» дарвозасига жавобсиз 4та гол йўллашди. Эътиборлиси, иккинчи бўлимда ёшартирилган таркиб ҳам «Локомотив-БФК» дарвозасини 4 бора ишғол этди. Голларга Игорь Сергеев, Гиди Канюк, Азим Аҳмедов, Суҳроб Нуруллаев, Жасур Ҳакимов (3та) ва Достон Иброҳимов муаллифлик қилишди.

«Пахтакор» (1-бўлим): Александр Лобанов, Марко Симич, Шерзод Аъзамов, Даврон Ҳошимов, Владимир Козак, Азим Аҳмедов, Гиди Канюк, Шерзод Каримов, Суҳроб Нуруллаев, Тиаго Безерра, Игорь Сергеев.

«Пахтакор» (2-бўлим): Элдорбек Суюнов, Иброҳим Йўлдошев, Жасур Эрмаматов, Камолиддин Тожиев, Хушнуд Авилов, Акбар Исматуллаев, Роман Жўраев, Жамшид Юсупов, Достон Иброҳимов, Беҳруз Содиллаев, Жасур Ҳакимов.

«Пахтакорчилар» иккинчи назорат ўйинида эса дуранг билан чекланишди. Аслида бу учрашув ҳам Шота Арвеладзе шогирдлари учун яхши бошланди. Яъни 20-дақиқада Гиди Канюк жарима зарбаси орқали «NBU-Осиё» дарвозасини нишонга олди. Шунингдек, «шерлар» бўлим охирига қадар яна бир қатор қулай вазиятлар яратишди, аммо рақиб посбони маҳорат кўрсатди.

Танаффусдан кейин эса мураббийлар яна ёшлардан иборат таркибга имкон беришди. Лекин ёшлар аввалги учрашувдаги шижоатни такрорлай олишмади ва «банкчилар» 50-дақиқада мувозанатни тиклашди -1:1. Умуман, «пахтакорчилар» шундан сўнг ҳам ғалабани бемалол ўз томонларига оғдиришлари мумкин эди, бироқ футболчиларга ҳужумларнинг якуний палласида аниқлик етишмади.

«Пахтакор» (1-бўлим): Александр Лобанов, Жамшид Юсупов, Марко Симич, Камолиддин Тожиев, Даврон Ҳошимов, Азим Аҳмедов, Гиди Канюк, Тиаго Безерра, Суҳроб Нуруллаев, Достон Иброҳимов, Игорь Сергеев.

«Пахтакор» (2-бўлим): Элдор Суюнов, Иброҳим Йўлдошев, Жасур Эрмаматов, Шерзод Аъзамов, Хушнуд Авилов, Жамшид Юсупов (Жамшид Искандеров, 60), Акбар Исматуллаев, Роман Жўраев, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, Беҳруз Содиллаев, Жасур Ҳакимов.

«Бухоро»

Улуғбек Бақоев шогирдлари Тошкент вилояти Чимён тоғ ҳудудида жойлашган шинам «Парадайс грин» масканида шуғулланишмоқда. «Бухоро»нинг хорватиялик ярим ҳимоячиси Ивор Вейцер ўтган ҳафта таътилдан қайтди ва айни пайт машғулотларда тўлақонли ишламоқда.

«Бунёдкор»

Биринчи даврани «Бухоро»да ўтказган ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Гадоев «қалдир­ғочлар» сафига қайтди. Бу ҳақда «Бунёдкор» клубининг «Инстаграм»даги саҳифасида хабар берилди. Шоҳруҳ аввалги мавсумнинг давралар оралиғида «Бунёдкор»га қўшилганди. Жорий чемпионат бошида эса Сергей Лушан унинг хизматларидан фойдаланмасликка қарор қилгач, «Бухоро»га  йўл олганди. Мана, Миржалол Қосимов тезкор футболчини яна «Бунёдкор»га қайтарди. Гадоев айни пайт «қалдир­ғочлар» билан бирга шуғулланмоқда.

«Машъал»

Муборакликлар ҳам иккинчи даврага қаратилган тайёргарлик жараёнини давом эттиришмоқда. Машғулотлар Тошкент вилояти Чимён тоғ зонасидаги «Чорвоқ» (Пирамида) оромгоҳида олиб борилди. Ҳозирга келиб, тожикистонлик Умеджон Шарипов ва Аббос Омонов жамоа билан расман хайрлашишди. Таркиб эса 3 нафар янги футболчи ҳисобига тўлдирилди.

Булар - Никита Павленко («Нефтчи»), Умиджон Матмусаев («Цементчи») ва Жавлон Мирабдуллаев («Бунёдкор»). Ушбу футболчилар айни вақт «Машъал» машғулотларида иштирок этишмоқда ва яқин кунларда клуб билан шартнома тузишади. Жамоа 16 июлга қадар машғулотларни «Пирамида»да давом эттирди. Кеча эса футболчилар тиббий кўрикдан ўтишди. Бугундан йиғин яна Муборакка кўчади.

«Қизилқум»

Навоий жамоаси 14 июль куни Тошкент йиғинини бошлади. Ой бошида тиббий кўрикдан ўтган футболчилар бир ҳафтадан кўп вақт давомида Навоийда шуғулланишди ва бу давр мобайнида жисмоний тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилди. Кичик таътилдан кейин жамоа аъзолари пойтахтда тўпланиб, дарҳол кучайтирилган машғулотларга киришишди.

«Қизилқум» 2 ҳафталик йиғин доирасида 6та назорат учрашуви ташкиллашни режалаштирган. Улардан биринчиси «Қўқон-1912»га қарши кечиб, 1:1 ҳисобида якунланди. Навоий жамоаси голига 29-дақиқада Самандар Шодмонов муаллифлик қилди. Айтиш жоиз, Азизбек Усмонов жамоадан кетди. У давралар оралиғида озод агентга айланди.

«Динамо»

Самарқанд жамоаси 11 июль куни Чимён тоғли ҳудудида ўқув-машғулотлар йиғинига киришганди. Мураббийлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш устида алоҳида ишлар олиб боришмоқда. Биринчи даврада ижара келишуви бўйича ўйнашган Абдужамол Исроилов («Нефтчи»), Дамир Низанов («Нефтчи»), Жавоҳир Қаҳрамонов («Бунёдкор») ҳозир «Динамо» ихтиёрида эмаслар. «Сурхон»га айнан ижара асосида юборилган Жонибек Кўчимов эса ортга қайтарилди. Шунингдек, «Динамо» таркибига «Олмалиқ»дан Муҳаммад Исаев, «Металлург»дан Дониёр Исмоилов каби ёш ярим ҳимоячилар қўшилишди. Эслатма, «Динамо» 20 июлдан Тошкентда назорат баҳсларига киришади. Дастлабки учрашув шу куни «Навбаҳор» жамоасига қарши кечади.

«Навбаҳор»

Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби вакиллари ҳамда футболчилар 13 июль куни Наманган вилояти ҳокими қабулида бўлишди. Вилоят ҳокимлиги кичик мажлислар залида ташкил этилган маросимда жамоа аъзоларидан ташқари, ҳомий ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этишди. Тадбир аввалида сўз олган Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Хайрулла Ҳайитбоевич Бозоров йиғилишдан кўзланган мақсад «Навбаҳор» клубига янги президент тайинлаш ва иккинчи давра ўйинларини муносиб тарзда ўтказишни таъминлаш учун чора-тадбирлар белгилаш эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг яқинда Наманган шаҳар ҳокими сифатида иш бошлаган Шавкатжон Шокиржонович Абдураззоқов клуб президенти сифатида таништирилди. Вилоят ҳокими шунингдек, клуб президентига фаолияти муваффақиятли чиқишини тилади. Шавкатжон Абдураззақов ўз навбатида «Навбаҳор»ни юксак ўринларга олиб чиқишдан умидворлигини билдирди. У ўз сўзида миллионлар ўйи­нига бефарқ эмаслиги, ёшлигида футбол билан шуғулланганлигини айтиб, жамоа равнақи ва мухлисларни хурсанд қилиш йўлида ҳамжиҳатликда иш олиб борилишини таъкидлади.

Шундан сўнг бош мураббий Илҳом Мўминжонов жамоанинг биринчи даврадаги иштироки ва ҳал қилувчи босқичга олиб борилаётган тайёргарлик жараёни ҳақида ахборот берди. Мўминжонов иккинчи даврани муносиб ўтказиб,  мухлисларни қувонтириш асосий мақсад эканлигини таъкидлаб, шу мақсадда таркибга жалб этилган Аббос Махсталиев, Дониёр Усмонов, Мурод Ражабов ва Мирзоҳид Маматхановни расман таништирди.

Ўз навбатида, мураббий таркибга янги ўйинчиларни чақириш бўйича музокаралар давом этаётганини қўшимча қилди. Якунда вилоят ҳокими жамоага маҳоратли ҳужумчи жалб этиш кераклигини уқтирди. Мураббий бунга жавобан ушбу масалада ҳам музокара олиб борилаётгани ва биринчи даврада жароҳат туфайли тўлиқ ўйнолмаган Рўзимбой Аҳмедов сафга қайтганини билдирди.

Йиғилиш охирида футболчилар номидан Дилшод Жабборов сўз олиб, яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва юксак ишонч учун миннатдорчилик билдирди ҳамда иккинчи даврада раҳбарият, мухлислар ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилишга ваъда берди.

«Навбаҳор» машғулотларига келсак, биринчи лига вакили - «УзДонгЖу» билан ўртоқлик учрашуви ташкиллаштирилди. Намангандаги «Марказий» стадионида  ўтказилган ўйинда мезбонлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Жамоа голларига Мирзоҳид Ғофуров, Равшан Хурсанов ва  Рўзимбой Аҳмедов (2та) муаллифлик қилишди.

«Навбаҳор»: 30. Асилбек Омонов, 4. Дониёр Усмонов, 5. Ғиёс Комилов, 8. Равшан Хурсанов, 9. Дилшод Жабборов, 10. Аббос Махсталиев, 19. Мирзоҳид Ғофуров, 21. Аъзам Алиев, 32. Жаҳонгир Меҳмонов, 33. Мурод Ражабов, 77. Азизбек Турғунбоев.

Захирадан майдонга тушганлар: 1. Мирзоҳид Маматхонов, 7. Ойбек Қиличев, 11. Сардор Расулов, 17. Илҳом Бойдедаев, 20. Алишер Мирзаев, 22. Рўзимбой Аҳмедов.

«УзДонгЖу»га қарши учрашувдан сўнг жамоа Тошкентга йўл олди ва тайёргарлик жараёнини пойтахтда давом эттиради. Бу йиғин доирасида ҳам назорат учрашувлари ташкиллаштирилади, албатта. Наманганликлар кеча «Насаф» клубига қарши майдонга тушган бўлсалар, 20 июль санаси  Самарқанд «Динамо»си билан куч синашишади. 23 июлга белгиланган ўйинда эса «Бухоро» спарринг-рақиб бўлади.

«СўҒдиёна»

Жиззах клуби иккинчи даврага қаратилган тайёргарлик ишларини 3 июлдан Зомин тоғ ён бағрида бошлаганди. Футболчилар ёрдамчи мураббий Диёр Файзиев бошчилигида кунига икки маҳал шуғулланишди ва машғулотларда асосан жисмоний ҳолатни яхшилашга эътибор қаратилди. Зомин йиғини ўтган ҳафта якунланди ва футболчилар 16 июль куни «Сўғдиёна» қароргоҳига йиғилишди.

Тайёргарликнинг иккинчи босқичи давомида бир қатор ўртоқлик учрашувлари уюштириш режалаштирилган.

«Шўртан»

Иккинчи даврага тайёргарликни давом эттираётган ғузорликлар ўз майдонларида «Насаф»га қарши назорат учрашуви ўтказиб, 2:1 ҳисобида зафар қучишди. «Шўртан» голларига Игорь Таран ва Элдор Бойматов муаллифлик қилишди.

«Шўртан»: 1. Элдор Тожибоев, 4. Нурали Падаров, 3. Мирмуҳсин Сатторов, 10. Ҳасанбой Эргашев, 29. Акром Баҳромов, 22. Шамсиддин Саъдуллаев, 7. Олим Каримов, 23. Юсуф Бўриев, 20. Шаҳзод Хурсанов, 17. Ғулом Раҳмонов, 11. Жасур Холтўраев.

Захирадан майдонга тушганлар: 93. Алибек Туробов, 27. Евгений Кочнев, 15. Обид Жўрабоев, 14. Умар Эшмуродов, 18. Элдор Бойматов, 77. Отабек Нарзуллаев, 2. Суннатилла Мамадалиев, 19. Маъруфхон Муродов, 12. Достон Абдураҳмонов, 88. Аббос Омонов, 9. Игорь Таран.

Ўзгаришларга келсак, «Шўртан» футбол мактаби тарбияланувчиси, жамоада ўз ўрнига эга бўлган ҳимоячи Умар Эшмуродов «Насаф» таркибига қўшилади.

Биринчи давра якунида «аждарлар» мураббийлар штаби ушбу футболчи юзасидан «Шўртан» раҳбариятига мурожаат қилганди. Олиб борилган музокаралардан сўнг томонлар келишувга эришишди ва Умарбек энди фаолиятини «Насаф»да давом эттиради. Ғузорликлар сафига эса «Насаф» мактаби тарбияланувчиси Дилшод Хушбаковнинг қўшилиши кутилмоқда.

«Нефтчи»

Фарғона жамоаси 13 июль куни биринчи лига иштирокчиси «Норин»ни қабул қилди. Қиргулида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви «Нефтчи»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. Жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов давралар оралиғидаги йиғиннинг илк қисмига бир қатор янги футболчиларни ҳам таклиф қилган ва уларни синовдан ўтказмоқда.

Дейлик, Вадим Карленович «Норин» билан баҳсда икки хил таркибдан фойдаланди. Биринчи 45 дақиқаликда нисбатан тажрибали ўйинчилар ҳаракатланган бўлсалар, танаффусдан кейин кўрикдаги футболчилар ва ёшларга имконият берилди. Орадан 2 кун ўтиб, «Нефт­чи» энди «Ёзёвон-Лочинлари» билан куч синашиб, 4:2 ҳисобида зафар қучди. Ўйин ғоят қизиқарли курашлар остида кечди.

Вадим Карленович бу сафар ҳам ўз анънасига содиқ қолган ҳолда, икки хил таркибга таянди. Ҳисобни ўйин бошидаёқ Мўйдин Мамазулунов очган бўлса, кўп ўтмай, Бахтиёр Ёқубов устунликни мустаҳкамлади. Кейин худди «Норин» билан учрашувда бўлгани сингари автогол қайд этилди. Иккинчи бўлимда меҳмонлар кетма-кет жавоб голлари уришди.

Бу ҳолат ва ўйин суръатидан қониқмаган «Нефтчи» вакиллари яна катта куч билан ҳужумга ташланишди. Марказда ҳаракатланган Жавоҳир Расулов, Музаффар Музаффаров, Карен Абрамов ҳамда Аброр Исмоилов фаолликлари билан яққол ажралиб туришди. Шунингдек, Темур Ҳакимов ва Абдураҳмон Абдулҳақов қанотлар орқа­ли хавфли юришларни амалга оширишди.

Тандем сифатида ҳаракатланишган ҳужумчилар - Алишер Шоғуломов ва Отабек Ҳайдаров шу куни кўплаб имкониятларга эга бўлишди, аммо уларга гол уриш насиб қилмади. Якунда захирадан майдонга тушган Темур Ҳакимов «Нефтчи»нинг 4-голини уриб, ҳисобга нуқта қўйди - 4:2.

 

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 15:57, 17.07.2017.
Ўқилди: 10136 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.