Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Санъат Шихов: «Бухоро»дан Нагаев, Филипосян, Пиримов терма жамоага муносиб»

Баҳо:
+-1 | -

Жорий мавсумни «Бухоро» клуби билан муваффақиятли ўтказаётган ҳужумкор яримҳимоячи Санъат Шихов Бухорода «Эрудит Спорт» газетаси мухбирига интервью бериб, клубидаги фаолияти ва терма жамоага доир саволларга жавоб қайтарди.

«ЭНГ ЧИРОЙЛИ ЎЙИНИМИЗ «БУНЁДКОР» БИЛАН, ОҒИРИ «ЛОКОМОТИВ»ГА ҚАРШИ БЎЛДИ»

– Санъат, якунига етган Олий Лиганинг биринчи даврасини «Бухоро» ва ўзингиз учун 10 баллик системада неча баллга баҳолардингиз?

– Ўзимга баҳо беришим тўғри бўлмас. Назаримда, «Бухоро»нинг кўрсаткичлари ёмон эмас. Шундай экан, ўзим ва «Бухоро»га 10 баллик системада 8 балл қўйилса ҳеч ким хафа бўлмас…

– «Бухоро» учун биринчи даврада энг оғир учрашув қайси бўлди? Энг яхшиси-чи?

– Жамоам учун энг оғир ўйин «Локомотив» билан бўлди. 1:2 ҳисобида аламли мағлуб бўлдик. Энг яхши ва чиройли ўйин «Бунёдкор» билан бўлиб ўтди. Ўшанда яхши ўйин намо-йиш этиб, 4:2 ҳисобида ютдик. Бу фикримга мухлислар ҳам қўшилса керак.

– «Бухоро»дан қайси футболчини миллий терма жамоада ўйнашга муносиб дея оласиз?

– Бундай футболчилар кўп. Масалан, Иван Нагаев, Артём Филипосян, Зоҳир Пиримов ва Шоҳруҳ Гадоевлар терма жамоамизда тўп суришга муносиб (Суҳбат Ш. Гадоев «Бунёдкор»га ўтмасдан аввал уюштирилган).

– Сиз-чи?

– Ўзимга баҳо беролмайман. Албатта, миллий терма жамоада ўйнаш ҳар қайси футболчи учун катта шараф.

«1-ДАВРАДА «ДИНАМО» МЕНИ ҲАЙРАТГА СОЛДИ»

– Биринчи давра давомида қайси жамоалар сизни ҳайратлантиришди?

– Самарқанднинг «Динамо» жамоаси мени ҳайратга солди. Ёш жамоа бўлгани учун ҳеч ким, жумладан, мен ҳам улардан бундай ўйинни кутмаган эдим. Менимча, биринчи даврада «Динамо» кўпчиликни ўз ўйини билан ижобий томондан ажаблантира олди.

– Ҳозир «Бухоро»дасиз. Унгача «Пахтакор», «Қизилқум», «Динамо», «Навбаҳор» клубларида тўп сургансиз. Қайси фаолиятингизни яхши таассуротлар билан ёдга оласиз?

– Ҳар бир жамоани, унда тўп сурган дамларни меҳр билан эслайман. Муҳими, ўша пайтларда биз бир жамоа бўлишни уддалай олган эдик. Тошкент, Навоий, Самарқанд, Намангандан яхши таассуротлар қолган.

«ТЕРМА ЖАМОАГА ДАЛДА БЎЛИШИМИЗ КЕРАК…»

– Терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 га чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

– Имконият ҳали ҳам бор. Фақат  мухлислар бундай пайтда танқид тошлари эмас, далда берганлари тўғрироқ бўларди, назаримда…

– Ишқибозлар мағлубият аламини кўтаришолмаяпти. Ҳойнаҳой, сиз ҳам терма жамоамиз ўйинини мутахассис сифатида кузатиб бораётгандирсиз…

– Миллий терма жамоамизнинг таркибида бўлмаганим учун ўйин ичида ва ташқарида нима бўлгани борасида аниқ бир фикрни айтолмайман. Аммо ҳозир бозордаги сотувчилардан тортиб санъаткорларгача мағлубиятли ўйинни муҳокама қилишяпти. Мени нотўғри тушунишмасин, аммо буларнинг барчасини кузата туриб, улар бир ўйин билан хулоса қилиб, келажакни олдиндан айтиб кулишаётгандек. Ишонинг, футбол бу шунчаки тўп суриш эмас. Унинг машаққатини ҳаётини бевосита футбол билан боғлаган инсонларгина билади. Тўғри, терма жамоамиз мағлуб бўлди. Аммо тан олайлик, Эроннинг таркиби кучли эди! Эҳтимол, ўйинчилар ўйиндан олдин руҳан мағлуб бўлишгандир. Аммо бундан кейинги ўйинларда ҳали имкониятларимиз бор-ку! Терма жамоамиз бор-йўғи иккита ўйинда ғалаба қозонса бўлгани! Бу пайтда ишқибозлар футболчиларни руҳан қўллаб-қувватлаши яхши натижа бермасмикан? Мен бош жамоамизга ҳар қандай шароитда мухлислик қиламан. Чунки бу Ватанимиз жамоаси!

«ФУТБОЛЧИЛАР МАЙДОНДА “ФОНОГРАММА”ДАН ФОЙДАЛАНАЁТГАНИ ЙЎҚ…»

– Аммо тан олайлик, танқидлар орасида ўринлиси ҳам бор…

– Танқидлар ўринсиз деган фиркда эмасман. Келинг, яхшиси сизга бошқачароқ тарзда ўз фикримни ифодалаб берсам. Сотувчини ишига биз аралашмаймиз, чунки бу соҳанинг паст-баландини яхши билмаймиз. Унга сотувчи ҳамкасби бирор таклиф ёки танқид айтса асосли гапни айтади. Санъаткорларга ҳам худди шу гап тааллуқли. Биз ҳам уларнинг концертига пул тўлаб тушамиз. Футболчи сифатида мен уларга нега фонограммадан фойдаланасиз, жонли куйланг, деб бутун оламга жар солмайман. Ваҳоланки, мен ҳам бошқа тингловчилар каби концертига пул тўлаб кирганман. Аммо биз футболчилар майдонда “фонограмма”дан фойдаланаётганимиз йўқ, жонли тўп сурамиз! Бизнинг маошимизни муҳокама қилиш ҳам энди ортиқча, назаримда…

– Икки йилдан буён Бухородасиз. Фаолиятингиздан қониқаяпсизми?

– Натижалар ёмон эмас. Улуғбек Бақоев бошчилигида якдил жамоага айланиб, ўйинларда ҳамжиҳатликда тўп суришни уддалай олдик.

– Улуғбек Бақоев келганида жамоани тарк этган футболчилар орасида сиз бўлмагансиз. Бунинг сабаби нимада?

– Улуғбек Бақоев билан бундан олдин ҳам ишлаганмиз. Мураббийликда илк одимларни қўяётган футболчини ўйинчи сифатида қўллаб-қувватлагим келди.

«АГАМУРОДОВ ВА БАҚОЕВНИНГ ИШ УСЛУБИ ФАРҚ ҚИЛАДИ»

– Олдинда Ўзбекистон Кубоги доирасида «Локомотив»га қарши чорак финал учрашуви кутиб турибди. «Бухоро» амалдаги кубок соҳиби тўсиғидан ўта оладими?

– Раҳбарият ва мураббийлар билан ўз олдимизга аниқ ва катта мақсадларни қўйганмиз. Насиб бўлса, жамоа билан елкама-елка туриб, ҳамжиҳатликда кўзлаган маррага, албатта, етамиз!

– Ўтган йил Тачмурод Агамуродов қўл остида тўп сурдингиз. Бу йил Улуғбек Бақоев қўл остидасиз. Бу мураббийлар иш услуби нимаси билан фарқ қилади?

– Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бўлади. Тачмурод Агамуродов билан Улуғбек Бақоевнинг иш услуби ҳам бир-биридан фарқ қилади. Улуғбек Бақоев аввал футболчи бўлгани учун жамоа ўйинчисини жуда яхши тушунади. Бундан аввал бир неча тренерлар билан ишлаганим учун яна бир гапни бемалол айтишим мумкин: Улуғбек Бақоев чет элда кўрган, ўрганган янги услубларни яхши қўллай олади. Шунинг учун ҳам унинг услубида янгилик ва ўзига хослик уфуриб туради.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 10:24, 21.07.2017.
Ўқилди: 4714 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.