Кириш Регистрация

«Аякс» футболчисининг даҳшатли жароҳати барчани ҳайрон қолдирди

Баҳо:
+ | -

«Аякс» қайғуда. Клубнинг ёш ёқимтойи - Абдулҳақ Нурий сал қолса, футбол майдонида ҳаётдан кўз юмарди... Энг ачинарлиси, бош мия шикастланиши оқибатида иқтидорли йигитнинг тўлақонли ҳаётга қайтиши сўроқ остида қолмоқда. Bombardir.ru сайтининг қуйидаги мақоласи айни шу фожиа ва унга муносабат хусусида.

«Аякс» клуби ва Голландия ёшлар термасининг 20 ёшли умиди. Амстердам суперклубидаги дебютини ўтган йилнинг сентябрида нишонлаган Нурий еврокубок баҳсларида ҳам қатнашишдан ташқари, Голландиянинг U-19 термаси таркибида 2та ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ўйнади. «Аякс» ихтиёридаги аксарият йигитлар каби жуда истиқболли футболчидек таассурот уйғотаётганди.

Нурий аввалги мавсум Голландия кубоги доирасида «Виллем»га қарши кечган баҳсда жарима зарбасидан гол урди ва уни бармоқлари билан ўйинчилик рақами - «34»ни кўрсатганча нишонлади. Футболчи бу билан «Аякс»нинг навбатдаги чемпионлик унвонига ишора қилган экан. Ҳозирда клуб ҳисобида 33та олтин медаль бор.

«Аякс»нинг янги бош мураббийи Марсель Кейзер сўзларидан иқтибос: «Бу йигитча ҳамманинг ёқимтойи». Зеро, Нурий хушчақчақ ва қувноқ футболчи. «Аякс» афсонаси Шак Сварт шундай дейди: «Абдулҳақ ҳаммага дўстона муносабатда бўлади. Дейлик, мен билан доимо қучоқлашиб кўришади. Қойилмақом йигит ва ажойиб футболчи». Нурийнинг майдондаги позиция бўйича рақобатчиси Ҳаким Зиеш ҳам уни ўз укасидек кўради. Дейлик, ёш амплуадошининг «Виллем» дарвозасига тўп киритганидан беҳад қувонганди.

«Аякс» 8 июль куни «Вердер» билан ўртоқлик ўйини ўтказди. Бошланғич таркибда майдонга тушган Нурий биринчи бўлим ўрталарида ўзини нохуш сезиб, қўққисдан майсага қулади ва ҳушини йўқотди. Шифокорлар тахминан 15 дақиқа ёрдам кўрсатишди ва шундан сўнг футболчини вертолётда шифохонага олиб кетишди. Кечаси жонлантириш бўлимидан йигитчанинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаётгани ҳақида хабар берилди.

Хушхабарни тезда даҳшатлиси «ювиб» юборди: ташхисга асосан, Нурийнинг бош мияси жиддий шикастланган ва унинг тикланиши гумон. Аниқланишича, юрак тўхтаган пайт мияга кислород етиб бормаган ва у тузалмас даражада шикастланган. Айтганча, клуб баёнотига кўра, голланднинг юрагида қандайдир муаммо йўқ. У юрак аритмияси сабаб, ҳушини йўқотган. Аммо бу ёмон оқибатларга олиб келди. «Шифокорларнинг айтишларича, унинг ҳолати оғир. Яъни Нурий ўзига келгач, гаплашолмаслиги, юролмаслиги, мустақил овқатланолмаслиги ва ҳаттоки, ҳеч кимни таниёлмаслиги хавфи бор экан. Нима бўлган тақдирда ҳам, биз умидни йўқотмаймиз»,-деди футболчининг акаси Абдурраҳим.

«Бу эҳтимоли бор ёмон хабарларнинг энг аянчлиси. Шунчаки, даҳшат», - деб баёнот берди «Аякс» бош директори Эдвин ван дер Сар. «Нурийнинг оила аъзоларига ҳамдардмиз. Уларнинг ҳозирги ҳолатларини тасаввур қилиш ҳам оғир». Умуман, клубда ҳалигача ҳамма оғриқли «шок»да. Хусусан, ҳар йили фанатлар билан бўладиган учрашув қолдирилди. Мухлислар Нурий билан рўй берган бахтсизлик ҳақида гапирар эканлар, кўзлари ёшланмоқда. Фожиа хусусан, Голландия Соғлиқни сақлаш вазири Эдит Схипперс эътиборидан ҳам четда қолмади: «Нурий ва унинг оиласи учун мислсиз зарба. Уларга ушбу даҳшатни енгиб ўтиш учун куч ва сабр тилайман».

Кўплаб клублар «Аякс» ва Нурий оиласини қўллаб-қувватлашга уринмоқда. Мисол учун, «Барселона» биринчилардан бўлиб, чуқур қайғуда эканлигини баён этиб, махсус мактуб йўллади. Футболчилар ҳам якка тартибда муносабат билдирмоқдалар. Хусусан, Луис Суарес ижтимоий тармоққа Клаас-Ян Хунтелар ва ёш Нурий билан тушган суратини жойлаштирди.

Ҳаммаси жуда аламли. Врачларнинг айтишларича, Абдулҳақ яшайди, бироқ миянинг бундай шикастланишидан сўнг тўлақонли ҳаётга қайтиш имконияти йўқ, ҳисоби. Бу ҳолатда битта савол очиқ қоляпти: тиббиёт ривожланган ва клубларда доимий жиддий текширувлар олиб бориладиган ҳозирги кунда нега бу қадар аянчли фожиа юз берди? Афсуски, энди Нурий учун бу савол ҳам аҳамиятсиз, чоғи...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:53, 22.07.2017.
Ўқилди: 8277 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.