Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри маъмурияти ўзбекистонлик бокс усталари иштирокидаги катта бокс томошасини бекор қилди. Аввал хабар берганимиздек, Мақсуд Жумаев, Алишер Ҳабибуллаев, Ҳумоюн Рустамов иштирокидаги катта спорт шоуси шаҳарнинг "Аҳорун" амфитеатрида 29 июлда бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.
Тожикистон профессионал бокс федерациясининг маълум қилишича, ташкилот томошани ўтказишга рухсат ололмаган. Душанбе ижроия ҳокимияти мактубида қайд этилишча, «Аҳорун» маданий-кўнгилочар давлат корхонаси спорт мусобақаларини ўтказишга мўлжалланмаган. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Тожикистон профессионал чарм қўлқоп усталарининг жангларини спорт залларида ўтказиш тавсия этилган.
Шунга кўра, Душанбедаги «Аҳорун» амфитеатридаги бокс кечаси бўлиб ўтмайди. Айни вақтда Тожикистон профессионал бокс федерацияси жангларни бошқа майдонда ўтказиш чораларини кўрмоқда.