Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Шерзод Аъзамов: «Арвеладзе фақат ғалаба ҳақида ўйлаяпти»

Баҳо:
+ | -

Шу кунларда олий лига жамоалари иккинчи давра баҳсларига тайёргарликни давом эттиряпти. Ҳозирдан тахмин қилиш мумкинки, иккинчи давра биринчисига қараганда, анча шиддатли ўтади.

Буни совринли ўринлар учун курашаётган жамоалардаги ўзгаришлар билан боғлаш мумкин. Кўпчилик биринчи галда, «Пахтакор»га алоҳида эътибор қаратяпти.

Бошқарув Шодиевлар қўлига ўтгач, шонли жамоанинг аввалги шаъни тикланишига ишонч туғилди. Хусусан, бош мураббий лавозимига Шота Арвеладзе олиб келинди. У ўз навбатида, мураббийлар штабига кучли мутахассисларни жалб қилди.

Таркиб ҳам сезиларли тарзда кучайтирилди. Хуллас, жамоа мухлислари ўзгаришлар иккинчи даврада ўз самарасини беришига шубҳа қилишмаяпти. Машғулотларни кузатиш асносида шунга амин бўлдик-ки, Арвеладзе ўйин ва ёндашув масаласида ҳам янгиликка қўл урмоқда.

Айни пайт асосан жисмоний тайёргарликка урғу берилмоқда. Машғулотлар ранг-баранг тарзда олиб бориляпти. Биз «Пахтакор»нинг янги аъзоси Шерзод Аъзамовдан ихчам интервью олдик.

- Шерзод, «Пахтакор»даги илк таассуротларингиз қандай? Шароитлар, ички муҳит, муносабат...

- Шароитлар ва ички муҳит аъло даражада. «Пахтакор» кўз ўнгимизда кундан-кунга чинакам профессионал клуб қиёфасига кирмоқда.

- Қизиқ, жамоа таклифига розилик беришингизда айнан нима асосий омил бўлиб хизмат қилди?

- Узоқ тарих ва шонли ўтмишга эга жамоага чорлашганидан хурсанд­ман, албатта. Бу мен учун янги имконият ва синов. Анчадан буён салоҳиятимни янги жамоада синаб кўриш ҳақида ўйлаб юргандим. Шу сабабли, «Пахтакор» таклифини қабул қилишда сира иккиланмадим.

- Бу масалада кимлар билан маслаҳатлашдингиз?

- Очиғи, ҳар доим мустақил қарор қабул қилишга ўрганганман.

- «Насаф»да бир неча йил тўп сурдингиз, қолаверса, жамоа сардори эдингиз. Шуларни эътиборга олсак, кетиш осон бўлмагандир...

- Табиийки, шундай. Очиғини айт­сам, жуда кўп нарсалар ҳақида ўйлашимга тўғри келди. «Насаф» бизга кўп имкониятлар берди. Фурсатдан фойдаланиб, Қарши жамоаси раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар, умуман, клубга алоқадор барчага миннатдорчилик билдирмоқчиман.

- Жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев кетишингизга қаршилик қилмадими?

- Йўқ, у билан бу масалада алоҳида гаплашдим. Рўзиқул ака имконият юзага келганидан фойдаланиб, ўзимни кўрсатишим зарурлигини уқтирди.

- Дўстингиз Элдор Суюнов ҳам «Пахтакор» сафига қўшилди. Таклиф тушгач, ўзаро маслаҳатлашдинг­ларми?

- Бу ҳақда Элдорнинг ўзидан сўраганингиз маъқул. Албатта, «Пахтакор»­га ўтишимизни алоҳида муҳокама қилдик. Муҳими, фикримиз бир жойдан чиқди.

- «Насаф» жамоавий ўйин бобида кучли, таркиби жуда барқарор. Лекин жамоага шу кунгача чемпионлик насиб этмади. Бу нима билан боғлиқ? «Насаф»да чемпионлик руҳияти йўқми?

- Бундай эмас, жамоада ҳаммаси яхши. Балки барқарор ўйнаш хислати етишмаётгандир. Лекин қачондир чемпионлик учун яхши имконият юзага келади ва футболчилар бундан унумли фойдаланишади. Ҳаммаси олдинда.

- «Насаф»даги фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?

- Бу жамоада тўп суриш имконияти ҳаммага ҳам берилавермайди. Айниқса, иноқликни алоҳида таъкидлайман - ғалаба онларида ҳам, мағлубият вақти ҳам бирга бўлдик. Хуллас, «Насаф»даги фаолиятимдан хурсандман. Баҳони эса бошқалар беришгани маъқул.

- «Пахтакор»га ўтишингизни яқинларингиз қандай қабул қилишди?

- Хурсанд бўлишди, қароримни тўла қўллаб-қувватлашди.

- Мана, Шота Арвеладзе қўл остида шуғулланяпсиз. Грузиялик мутахассисга қандай таъриф бера оласиз?

- Ўта талабчан мураббий. Менга айнан шу хислати маъқул келди. Унинг ишга ёндашуви ва услуби ҳам ёқди. Менимча, мураббий тайинлаган вазифаларни тўғри бажарсак, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.

- Унинг футбол фалсафаси нимага асосланган экан?

- Ғалабага. Ҳар ҳолда, фақат ғалаба ҳақида ўйлаши яққол сезилиб турибди.

- Хўш, айни пайт нимани кўпроқ талаб қиляпти?

- Бор эътибори жамоавий ўйинни шакллантиришга қаратилган.

- Янги жамоада 70-рақамни танладингиз. Бу ҳимоячига унча хос эмас. Ўзи рақамга алоҳида эътибор қаратасизми ёки...?

- Йўқ, йўқ, бунга мутлақо бепарвоман. Ахир рақам майдонда ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Энди танловимга келсак, «70» шунчаки, маъқул келди.

- Клуб уй бердими?

- Бу жамоа билан ўртамиздаги сир бўлиб қолсин. Узр, бундай маълумотларни ошкор қилолмайман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:32, 29.07.2017.
Ўқилди: 5401 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.