Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби – “Локомотив” бугун жорий йилги кубок беллашувлари яримфинал илк учрашувини ўтказади.
“Темирйўлчилар” яримфиналда Қаршининг “Насаф” жамоаси қаршилигини енгиб ўтишга уринишади.
Ўзбекистон Кубоги–2017
1/2 финал, дастлабки учрашув
2 август (чоршанба). «Локомотив» стадиони, соат 19.30
«Локомотив» (Тошкент) – «Насаф» (Қарши)
Бош ҳакам: Р. Эрматов (Тошкент)
Мазкур жамоаларнинг Тошкентда ўтадиган илк қарама-қаршилигини тажрибали ФИФА рефериси – Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради.
Қайд этиш жоизки, мазкур учрашувда синовдан ўтаётган янги тизим – дарвоза чизиғидаги ҳакамлар ҳам ишлайди. Дарвоза чизиғида бугун Валентин Коваленко ва Илгиз Танташев ҳаракат қилишади.
Ўзбекистоннинг икки гранд жамоалари – “Локомотив” ҳамда “Насаф” шу пайтга қадар мамлакат кубоги баҳслари доирасида 2 бор ўзаро тўқнаш келишган. Дастлаб, ушбу жамоаларнинг йўллари 2015 йилги кубок ўйинларининг ярим финалида кесишган. Ўшанда илк баҳсда “Насаф” 2:0 ҳисобида зафар қучган. Жавоб беллашувида эса “Локомотив” вакиллари 1:0 ҳисобида ғалабага эришишган. Шу тариқа, финалга Қарши жамоаси йўл олганди.
Ўтган йили эса мазкур жамоалар Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи – финал баҳсида ўзаро беллашишган. Самарқандда кечган ҳамда 8150 нафар ишқибоз гувоҳлигида ўтган матчда “Локомотив” 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб ўз тарихида иккинчи марта биллур совринга эга чиқди.
Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби – “Локомотив” ушбу мавсумда кубок ўйинларидаги иштирокини нимчорак финалдан бошлади. “Темирйўлчилар” 1/8 финалда Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси қаршилигини енгиб ўтишди.
Дастлаб Тошкентда ўтган баҳсда “Локо” футболчилари рақиб дарвозасини оз эмас, кўп эмас – жавобсиз нақд 5 марта ишғол этишди. Ўша беллашувда Марат Бикмаев бир марта, Жалолиддин Машарипов ҳамда Диёр Туропов икки мартадан ўз номини таблога ёздириб қўйишганди.
Жавоб ўйинида эса 1:1 ҳисоби қайд этилди. Тошкентликлар сафида Мурод Бобожонов муваффақият қозонди ва чиройли гол муаллифига айланди.
1/4 финалда эса жамоа “Бухоро” жамоасига рўбарў келди. Бухорода ўтган илк учрашув кескин курашларга бой тарзда кўриниш олди. Ҳар икки жамоа футболчилари ҳам бир қатор хавфли вазиятлар яратишди. Бироқ гол уриш ҳеч бир жамоага насиб этмади ва 0:0 ҳисоби қайд этилди. Тошкентда ўтган жавоб ўйинининг асосий вақти ҳам 0:0 ҳисобида якунланди. Белгиланган қўшимча бўлимларда эса “Локомотив” вакиллари ирода намойиш эта олишди ҳамда жавобсиз 3 та гол киритиб, яримфинал йўлланмасига эга чиқишди.