Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Никита Рибкин: «Ҳозир юрагимга «Қўқон-1912» яқинроқ»

Баҳо:
+ | -

«Қўқон-1912» дарвозабони Никита Рибкин Интерфутбол нашрига интервью берди.

- Никита, тайёргарлик жараёнидан кўнглингиз тўляптими? Маш­ғулотларда нимага кўпроқ эътибор қаратилмоқда?

- Ўқув-машғулотлар йиғинини режа асосида давом эттиряпмиз. Кунига икки маҳал ташкиллаштирилаётган машғулотларда аввало, жисмоний тайёргарликни маромига етказиш устида ишлаяпмиз. Йиғин доирасида ўртоқлик учрашувларида ҳам майдонга тушяпмиз, албатта.

- Машғулотларда қатнашаётган янги футболчилар хусусида нима дея оласиз?

- «Обод»нинг 3 нафар вакили кўрикка келганди ва улардан Дониёр Ҳасанов билан шартнома тузилди. Лекин таркибни янада кучайтириш талаб этилади. Зеро, иккинчи давра баҳслари янада шиддатли кечишини тахмин қилиш қийин эмас. Етакчи жамоалардаги катта ўзгаришларга эътибор бериш кифоя... Кўпчилик «Қўқон-1912»ни биринчи давра кашфиёти сифатида таърифлаяпти. Ҳа, дарҳақиқат, чакки таассурот қолдирмадик. Танаффусга 2-ўринда чиққанимиз кўп нарсадан далолат. Бу биз учун ажойиб натижа. Агар баъзи ўйин­ларда кутилмаган йўқотишларга учрамаганимиздами, ҳозир «Локо»га очко бўйича ҳам анча яқин турардик. Масалан, Муборакда «Машъал»га қарши кечган ўйиннинг сўнгги дақиқасида гол қўйиб юбордик. Кейин кетма-кет 3та учрашувда дурангга рози бўлдик.

- Ўзи биринчи давра шундай кутилмаган натижаларга бой бўлишини кутганмидингиз?

- Ҳа, чемпионатда «сюрпризлар» кети узилмаяпти. Демак, иккинчи даврада ҳам шундай ноодатий ҳолатларга тайёр туришимиз керак. Очиғи, мавсум бошида бунақасини ўйлаб ҳам кўрган эмасдим.  «Бунёдкор» ва «Пахтакор» жамоаларига қаранг - улар биринчи давранинг ўзида авваллари бутун мавсум давомида бой берадиганларидан ҳам кўпроқ очко йўқотишди. Фақат грандлар эмас, совринли ўринларга даъвогар жамоаларда ҳам шу ҳолат. Лекин чемпионатимиз айнан шуниси билан кучли қизиқиш уйғотмоқда.

- Хўш, шахсан ўзингиз «Қўқон-1912»ни бош кашфиёт сифатида кўрсата оласизми?

- Хулоса чиқаришга ҳали эрта. Турнир жадвалига эътибор қаратсангиз, жамоалар жойлашуви жуда зич. Яъни иштирокчиларни бир ёки икки очко ажратиб турибди. Демакки, битта тур натижалари турнир жадвалини кескин ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Бордию, бирор клуб кетма-кет 2та ўйинда очко ололмасами, жадвалдаги мавқесини бой беради-қўяди.

- «Қўқон-1912»нинг муваффақиятли иштирокини аввало, қайси асос билан изоҳлайсиз?

- Такрор айтаман, айни ҳолатда қандайдир муваффақият ҳақида гапиришга эрта. Ҳозирги натижаларимизга келсак, шунчаки, мураббийлар кўрсатмаларини сифатли бажаряпмиз.

- Бош мураббийнинг асосий талаби нима - ҳужумкор футболми?

- Худди шундай. Лекин ҳар доим ҳам ҳужумкорликка таяниш тўғри келмайди. Нўъмон Ҳасанов футболчилик даврида ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида тўп сурган ва биздан ҳам шундай ўйнашни сўрамоқда. Лекин тактика рақибга қараб танланади, албатта. Мураббий кўрсатмаларини бехато бажараётганимиз исботи шуки, биринчи даврада фақат «Олмалиқ» дарвозасини ишғол қилолмадик. Қолган барча ўйинларда камида 1та гол урдик.

- Мавсум бошланиши олдидан жамоа олдига қўйилган вазифа ўзгармадими? Ҳарқалай, ҳозирги ҳолатда совриндорлар сафида қолиш учун яхшигина имкониятга эгасизлар...

- Ҳа, шундай. Хуллас, энг олий мақсадлар сари интилишимиз аниқ.

- Бу мақсад ОЧЛ йўлланмасини ютишми ёки...?

- Ҳар бир жамоа халқаро аренага чиқишни хоҳлайди, шу жумладан, биз ҳам.

- Фаолиятингизнинг каттагина қисми «Пахтакор»да ўтди ва бу клуб юрагингизга анча яқин бўлса керак. Қачонлардир «уй»га қайтиш режангиз борми?

- Охирги ойларда «Пахтакор» катта ислоҳотларни амалга оширди. Аниқроғи, клубда  деярли ҳамма нарса ўзгарди. «Қўқон-1912» эса фаолиятимдаги учинчи клуб ҳисобланади ва қарийб бир йилдан буён унинг шарафини ҳимоя қиляпман. Очиғи, айни пайт менга «Пахтакор»дан кўра, «Қўқон-1912» яқинроқ.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:06, 05.08.2017.
Ўқилди: 2814 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.