Жамоанинг янги аъзосини клуб фуболкасида суратга олиб, мухлисларга тақдим этиш - сийқаси чиққан услуб.
Ижтимоий тармоқлардаги жадал тараққиёт ҳозирда ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Жумладан, «Твиттер» дунёга келганига эндигина бир йил тўлганда, самарали фаолиятини таъминлаш йўлида ҳатто Биг-Бен минорасидан фойдаланишгача бориб етди. Қисқа вақт ичида амалга оширилган техник инқилоблар орасида коммерциализациянинг салмоғи катта.
Сервис хизмати расмийликдан воз кечиб, ижодий ёндашувга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Тўғри-да, тоғнинг Сулаймонга яқинлашишини кутишдан, унга интилиш кўпроқ самара беради. Ижтимоий ҳаётдаги салмоғини тобора ошириб бораётган футболда бу яққол кўзга ташланмоқда - ҳозирда «Твиттер»да саҳифасини очмаган жамоа тўлақонли клуб бўлолмайди.
Ушбу ижтимоий тармоқ орқали барча учрашувлар ҳисоботи, фантастик голлар, таниқли юлдузлардан олинган қизиқарли интервьюлар мухлисларга тақдим этилмоқда. Улар истаган пайтда, уйда ёки иш жойида бўлишларидан қатъий назар, ўзлари учун керакли маълумотларни олишади. Бундан ташқари, турли маҳсулотларни реклама қилиш ҳам жамоаларга катта даромад келтирмоқда. Асосийси, мухлислар билан юзма-юз ошкора суҳбатлашиш мумкин.
Келинг, ана шундай ижодий ёндашувларнинг айримларини ёдга олайлик. Масалан, май ойида ЕЛ турнирининг финалчилари ўзаро баҳс орқали миллионлаб мухлислар эътиборини тортишди. Яъни Голландиянинг «Аякс» клуби вакиллари «МЮ» мазкур совринни ўз тарихида илк марта қўлга киритиш имкониятидан фойдалана олмаслиги голландияликлар учун айни муддао бўлишини таъкидлашганди.
Англияликлар эса бунга жавобан ўта мулойим, лекин кескин фикр билдиришди: «Жамоамизнинг совринлар сақлайдиган зали турли кубоклар билан тўлиб-тошган. Шунга қарамай, биз у ердан ЕЛ кубоги учун ҳам жой топамиз. Бу борада ташвишланманг». Рақибнинг ҳамиятига тегмайдиган ажойиб жавоб!
Мюнхеннинг «Бавария» клуби эса ўзининг тахминий турнир жадвалини эълон қилиб, қизғин баҳслар сабабчисига айланди - унда немис гранди «Реал»нинг ўрнини банд этганди. Оқибатда, 10 мингдан ортиқ мухлис томонидан фикр-мулоҳазалар изҳор этилди. Кузда «Вердер» жамоанинг янги аъзоси Серж Гнабрининг юксак натижаларини санаб ўтиб, «Арсенал»ни мураккаб вазиятга солиб қўйди. Айрим ҳолларда янги футболчиларнинг видеотақдимоти рекламалар фестивали даражасига кўтарилмоқда.
«Ливерпуль» баҳор фаслини Муҳаммад Салоҳни таркибга қўшиб олиш уринишлари билан ўтказди. Ниҳоят, июнь ойида «Рома» мисрлик ярим ҳимоячини қўйиб юборишга розилик билдирди. 21 июнь куни футболчи тиббий кўрикдан ўтган бўлсада, «қизиллар» унинг таркибга қўшилганини расман эълон қилишга шошилишмади. Тоқати тоқ бўлган мухлислардан мурожаатлар кела бошлади.
Шундан кейин намойиш этилган видеороликда номаълум шахснинг жўнатилган маълумотлар билан танишиб чиқаётгани акс этганди. Маълум бўлишича, у Муҳаммад Салоҳ экан.
«Бёрнли»даги ўйинлари орқали харидорларни ўзига қаратган «МЮ» тарбияланувчиси Майкл Кин якунда 28,5 млн. евро эвазига «Эвертон» аъзосига айланди. Эътиборлиси, «ирискалар» янги харидни мухлисларга тақдим этиш учун ўзига хос йўл танлашди: «Ўта оғир кунни бошдан кечирдик» деб номланган роликда чиндан ҳам машаққатли меҳнат тасвирланганди. Фақат унинг сўнгги қисмида Майкл тўсатдан пайдо бўлишини ҳисобга олмаганда, албатта.
«Ювентус»нинг услуби «Эвертон»никига ўхшаш. Туринликлар ҳимоячи Дуглас Костанинг келишини қуйидагича тасвирлашди: скрипканинг жалб этувчи садолари остида экранда «Ювентус Стэдиум» пайдо бўлди. Аста-секин камералар жамоанинг ечиниш хонасига қаратилди ва бўм-бўш шкаф «Бавария»дан ташриф буюрган Костага тегишли экани ойдинлашди.
«Бетис» сафидан жой олган Андрес Гуардадо ўз тақдимот маросимида боксчиларга хос ҳаракатлари билан Мексика ўғлони эканлигини кўрсатиб қўйди.
Таажжубки, йирик трансферларнинг аксарияти дабдабаларсиз, камтарона тарзда эълон қилинмоқда. Мисол учун, «Милан» Ҳоқон Чалханоглунинг тиббий кўрик жараёни ва шартномага имзо чекаётгани акс этган лавҳани кўрсатиш билан кифояланди. «Ман.Сити» эса ўз тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячиларидан бири - Кайл Уокерни жамоа футболкасидаги фотосурати билан тақдим этиб қўя қолди.
Лекин ҳатто ФИФАдагиларнинг кўпчилигига таниш бўлмаган «Йовил Таун» (Англия 4-дивизиони) ўтказган тақдимот барчани лол қолдирди - жамоа «Саутгемптон» ҳужумчиси Олуфела Оломалани шундоққина ўйин пайти сотиб олди! Маблағ оз бўлиши мумкин, аммо камера ҳаммада бор.
Дарвозабон Стюарт Тэйлорнинг янги шартнома остидаги имзосини махсус хизмат вакилларига топшириш орқали «авлиёлар» видеотақдимотларга танқидий кўз билан қарашни ҳам унутмадилар. Ахир 36 ёшли посбон ўтган йили келган бўлсада, бирор марта ҳам майдонга тушмаганди. Шунақа футболчиларга пул сарфлашни қандай тушуниш мумкин?
«Интер»ни 2016 йил ноябрда тарк этган Франк де Бур июнь ойида «Кристал Пэлас»ни қабул қилиб олди. Лондоннинг жанубий ҳудуди шарафини ҳимоя қилувчи бу жамоа воқеани ўзига хос тарзда тасвирлашга интилиб, нигоҳини... Ватиканга қаратди.
Мўъжазгина ресторан мўрисидан чиқаётган оқ тутун жамоа бошқарувида жиддий ўзгариш юз берганини англатарди. Мазкур келишув аввалдан маълум бўлгани боис, мухлислар эътиборини жалб этишга бошқа йўл қолмади.
«Рома» «Бешиктош»дан харид қилинган Ундер Женгизни АҚШдаги сафар чоғида мухлисларга «кўз-кўз» қилди. 13,4 млн. евролик турк футболчиси тақдимотидан олинадиган «Олтин малина»нинг қиймати қишда маълум бўлади. Хуллас, излаган имкон топади, изламаган эса баҳона!