«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду ўз мамлакати термасидаги фаолияти давомида тўпурарлик салоҳиятини намойиш этган энг яхши голеадорлар ўнлигидан ўрин эгаллади. Хўш, миллий жамоага фойда келтириши бўйича португалиялик юлдуз устунми ёки Лионель Месси? Soccer.ru қуйидаги мақола орқали ушбу мавзудаги тортишувларга чек қўйишни мақсад қилди.
Кимда ўртача сермаҳсуллик юқори?
Термадаги голлар бўйича солиштириш нисбатан осонроқ, зеро замонамизнинг энг кучли футболчилари ёшлик чоғлари миллий жамоада бир хил позиция - қанот ярим ҳимоясида тўп суришган. Ҳозирги пайтда эса икковлон эркинликка эга - ўзлари хоҳлаган нуқтада ўйнашлари мумкин. Ўз навбатида, голеадорлик бўйича ҳам юқори кўрсаткичга эгалар.
Роналдунинг ёши каттароқ экани, шу боис кўпроқ ўйин ўтказганини инобатга олсак, умумий натижалар эмас, балки бир учрашувда урилган ўртача голлар миқдорини ҳисоблаш адолатдан бўлади. Португалиялик юлдузнинг ҳисобидаги 71та гол уни Клозега яқинлаштириб, термалар тўпурарлари ўнлигига киришига замин яратди.
Месси эса ҳозирча термадаги рақиблари дарвозасини «атиги» 58 марта ишғол қилган ва захирасида ҳали вақт етарли. Табиийки, ҳар икки футболчи ўз миллий жамоаларида тўп киритиш бобида рекордчи ҳисобланишади. Аммо Лионелнинг жамғармасида 70та гол йўқ, бундай шарафли маррага эса жаҳоннинг 14 футболчиси етиб борган, холос.
Роналду эса шундай кўрсаткич билан мақтана олади, бинобарин, у аргентиналик ҳамкасбидан 21та кўп ўйин ўтказган. Ўз навбатида, ўртоқлик баҳсларини назардан четда қолдириш ҳам адолат мезонига тўлиқ мос тушади. Чунки бундай учрашувларда урилган голлар турнир нуқтаи назаридан ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди.
Расмий ўйинлар бўйича эса ҳисоб 56:31, Криштиану фойдасига. Месси томонидан киритилган тўпларнинг ярми ўртоқлик учрашувларига тўғри келади. Роналдуда эса бундай голлар 20 фоизни ташкил қилади, афтидан, унинг беҳуда голларга иштиёқи йўқ.
Рақамли хулоса: Роналдунинг ғалабаси. Гарчи умумий ҳисобда деярли тенглик кузатилсада (бир ўйинда урилган голлар сони: 0,514га 0,496), расмий учрашувлар бўйича Криштианудаги самарадорлик юқори (0,595га 0,407).
Ким муҳим баҳсларни кўпроқ бой берган?
Роналду учун термадаги старт португалияликлар Евро-2004га мезбонлик қилган даврга тўғри келиб, ўшанда «Реал» ҳужумчиси Греция термасидан икки марта аламли мағлубиятни қабул қилиб олган. Россияликларнинг 7:1 ҳисобида таслим этилиши ҳам кўпчиликнинг ёдида. Португаллар ЖЧ-2006 ярим финалида Франция, учинчи ўрин учун баҳсда эса Германия термасига енгилишди. Шунингдек, Евро-2008да олмонлардан, жаҳон чемпионатида испанлардан мағлубият қабул қилиб олинди.
Сўнгра саралашда данияликларга имконият бой берилди. Евро-2012да яна ўша «немис машинаси» устун келди, кейинроқ эса пенальтилар бўйича испанларга ютқазишди. Дарвоқе, Россия термасининг саралашда Роналду етакчилигидаги жамоани мағлубиятга учратиб, уларни «плей-офф»да шведларга рўбарў қилганини ҳам унутмайлик.
Ва албатта, Германия миллий жамоасининг португаллар устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳам ёдда қолган. Демак, жами 11та муҳим ўйин Криштиану учун омадсиз тарзда якунланган.
Мессининг ҳисобидаги мағлубиятлар эса нисбатан кўпроқ. Унинг термаси қатнашадиган саралашда кучли бешликдан чиқиб кетмаслик талаб этилади, у ерда ютқазмаслик жуда қийин. Лионель етакчилигида аргентиналиклар Америка кубогида Парагвай, Уругвай, Бразилия жамоаларига имкониятни бой беришган. Сўнгра Колумбия, Чили, Боливия, Эквадор ҳамда яна бир бор Бразилия ва Парагвайга ютқазишди.
Кейинчалик мундиалда Германия термаси устунроқ келди - 0:4. Бошқа сафар Уругвай пенальтилар бўйича ғалабани илиб кетди, Венесуэла Аргентина термасини очкосиз қолдирди. ЖЧ-2014 финалида яна «немис машинаси» 1:0 ҳисобида зафар қучди.
Ушбу рўйхатга Америка кубогининг иккита финалида Чили ва ўтган йили бразилияликлардан қабул қилиб олинган битта йирик ҳисобдаги мағлубиятни ҳам қўшамиз. Жами - 16та. Ўз навбатида, Лионелда 76та, Криштиануда эса 94та расмий ўйин бор. Бой берилган финаллар бўйича ҳам Месси «олдинда».
Рақамли хулоса: Роналдунинг ғалабаси. Муҳим ўйинларнинг бой берилиши бўйичаҳисоб11га 16, Криштиану фойдасига. Фоиз ҳисобида ҳам худди шундай кўринишга гувоҳ бўламиз. «Реал» юлдузида расмий учрашувлардаги мағлубиятлар 12 фоизни, Мессида эса 21 фоизни ташкил этади.
Грандлар дарвозасига ким кўпроқ гол урган?
Яна расмий учрашувларга мурожаат этамиз, зеро ўртоқлик баҳсларида рақиб кучига баҳо бериш мушкул - ўйинчи алмаштириш ҳолати кўп, экспериментал таркиблар танланади, мотивация кам. Муҳим учрашувлар ҳақида гап кетганда, Мессининг жамғармасида расмий ўйинларда Европа термалари дарвозасига йўлланган иккита гол борлигига гувоҳ бўламиз.
Гап Сербия ва Черногория ҳамда Босния ва Герцеговина жамоаларига бориб тақалади. Эътиборлиси, Лео иккита номли жамоалар киперларини ранжитган. Шунингдек, «Барса» юлдузининг ҳисобида Панамага қарши баҳсда қайд этилган битта «хет-трик» ҳам бор. Аргентиналик голеадор Уругвай термаси дарвозасини уч марта ишғол қилган, Бразилия миллий жамоасига эса ҳали гол уролмаган.
Роналду илк «дубл»ини россияликларга қарши баҳсда нишонлаган бўлса, шведлар билан ўтказилган иккита ўйинда тўртта тўп киритган. Голландия, Бельгия термаларини ранжитган, Арманистон, Шимолий Ирландия ҳамда Швеция жамоалари билан учрашувларда «хет-трик» қайд этган. Тўртта гол уриш эса фақат Андоррага қарши кечган баҳсда насиб этган, ушбу воқеа ўтган йили содир бўлганди.
Ўз навбатида, Роналдунинг Германия (4та ўйинда), Испания (3та ўйинда) ҳамда Бразилия (1та ўйинда) термалари дарвозасига йўл тополмаганини қўшимча қилиш даркор. Кўриб турганингиздек, Криштианунинг ҳисобидаги голларнинг аксарияти саралаш баҳсларида кучсиз ва ўртамиёна жамоалар дарвозасига урилган. Умуман олганда эса, Роналду ва Мессининг кучли рақибларга қарши баҳсларда тўпурарлик салоҳиятларини намойиш эта олмаётганликларини сезиш қийин эмас.
Рақамли хулоса: қанчалик ғалати эшитилмасин, ҳисоб дуранг - 0:0. Месси ва Роналду элит даражадаги жамоалар дарвозасига йўл тополмасликларидан, албатта, уялишлари аниқ.
Кимнинг голи миллий жамоа учун муҳимроқ?
Самарасиз голлар (масалан, 4:0 ҳисоби қайд этилган ўйинда киритилган учинчи тўп) ҳисобланмаса, Мессининг жамғармасида Венесуэла, Босния ва Герцеговина, Эрон, Нигерия, Уругвай (2 марта), Колумбия ҳамда Чили термалари дарвозасига урилган ғалаба голлари мавжуд. Жами 8та ютуқ. Бундан ташқари, Лео киритган тўплар Колумбия ва Парагвайга қарши кечган баҳсларда аргентиналикларга дуранг тақдим этган.
Бошқача айтганда, Месси иштирокидаги расмий учрашувларнинг 13 фоизи Аргентина термасига фойда келтирган. Шу ўринда яна бир рақамга эътиборингизни қаратмоқчимиз - Лионель саралаш ва финал босқичларида 24та самарали узатма муаллифига айланган. Умуман олганда, ёмон эмас.
Роналдунинг ҳолати қандай? Агар унинг номига аэропорт очиб, футболчининг ўзига ёқмаган бюст тайёрлашганини инобатга олмасак, Криштиануда ҳам мақташга арзигулик натижа бор. Португалиялик юлдузнинг саъй-ҳаракатлари эвазига Латвия, Эстония (2 марта), Гана, Шимолий Ирландия, Швеция (2 марта), Андорра ва Чехия (2 марта) мағлубиятга учратилган.
Ушбу рўйхатга Озарбайжон, Голландия, Кипр, Босния ва Герцеговина, Уэльс, Дания, Арманистон (2 марта) жамоаларини ҳам қўшамиз. Шунингдек, Польша, Венгрия ва Арманистон термаларига қарши баҳсда Роналду португалларни мағлубиятдан қутқариб қолган гол муаллифига айланган. Умумий ҳисобда 18та ғалаба, улардан 3таси жаҳон миқёсида қўлга киритилган. Бошқача айтганда, расмий учрашувларнинг 16 фоизида самарали ҳаракат қилган.
Рақамли хулоса: Роналдунинг ғалабаси. Урилган голлар ҳисоб эмас, натижага таъсир ўтказган вазиятлар бўйича ҳисоб 21га 10 - португалиялик юлдуз фойдасига. Мазкур ҳолатда Криштианунинг кўпроқ ўйнагани ҳеч нимани ўзгартирмайди - Роналду таъсир ўтказган ўйинлардаги самарали ҳаракатлар ва урилган голларнинг умумий ҳисоби фоиз бўйича барибир юқори.
Мухлислар фикри. Ким фойдалироқ?
Рақамлар Мессининг асосан ўртоқлик учрашувларида гол ургани, Европанинг кучли жамоаларига қарши кечган баҳсларда кам кўриниш бергани, финалларда Аргентина термасига ёрдам беролмаганини намоён этмоқда. Роналдуда ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин - Франциядаги финалда ғалаба қозонилганда, у майдонни тарк этиб улгурганди.
Аммо Евро-2016нинг аввалги босқичлари ҳамда саралаш турнирларида кўпинча Португалия термаси жонига ора кирган. Умуман, муҳим баҳслардаги мағлубиятлар ҳақида гапирилса, Мессининг омадсизроқ экани ойдинлашади.
Ғалаба ва дуранг олиб келинган баҳслар бўйича Месси 26 очко тўплаган. Роналдунинг эса бу борадаги кўрсаткич анча юқори - 57 очко. Ўтказилган ўйинлар ўртасидаги тафовутни инобатга олганда ҳам (Роналду 18та кўпроқ учрашувда майдонга тушган) Криштиану фоиз бўйича устунликка эга.
Гарчи Месси ЖЧ-2018 саралашида Аргентина термаси фойдасига ишлаётган бўлсада, умумий ҳисобда нафақат голлар сони, балки самарадорлик бўйича ҳам португалиялик ҳамкасбига имкониятни бой бермоқда.