Кириш Регистрация
19/12 01:30 Вильярреал 1-1 Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол 1-1 Валенсия

Ёш полвонларимиз Финляндиядаги жаҳон чемпионатини 3та медаль билан якунлашди

Баҳо:
+ | -

Финляндиянинг Тампере шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 13 нафар аъзоси ҳам иштирок этди. Эркин ва юнон-рум курашлари бўйича терма жамоамиз таркибига бештадан спортчи киритилган бўлса, аёллар курашида уч нафар қизимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишди.

Эркин кураш бўйича ўтказилган беллашувларда -74 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан Иса Шапиев ўз вазн тоифасида барча рақибларини сезиларли устунлик билан мағлубиятга учратган ҳолда финал йўлланмасини қўлга киритди. Ярим финалда япониялик рақибини ортиқча қийинчиликсиз енгган - 2017 йилги Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби Иса Шапиев ҳал қилувчи баҳсда жаҳоннинг амалдаги чемпиони америкалик Майк Жон Холл II га қарши кураш олиб борди. Кескин ва муросасиз руҳда кечган баҳсда тажриба ўз сўзини айтди ва АҚШлик спортчи қаторасига иккинчи марта ўз вазн тоифасида жаҳоннинг тенгсиз полвони эканлигнини амалда исботлай олди. Иса Шапиев эса бу сафар кумуш медаль билан кифояланди.

Юнон-рум кураши бўйича ўтказилган баҳсларда вазни 50 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида Илҳом Баҳромов мусобақа давомида туркиялик Жемал Мутлу, қозоғистонлик Алпомиш Достонбекни мағлубиятга учратиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритганди. Аввалги жаҳон чемпионатида кумуш медалига сазовор бўлган Илҳом афсуски бу сафар финал йўлланмаси тақдири ҳал бўлган беллашувда амалдаги жаҳон чемпиони - эронлик Поя Сулат Дадмарзга кичик ҳисобда ютқазди. Шунга қарамай бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолган Баҳромов хитойлик Хай Фенг Ченгни енгиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди.

Терма жамоамизга Финляндиядаги жаҳон чемпионатида сўнгги медални юнон-рум кураши бўйича 55 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан Тўрабек Тиркашев тақдим этди. Тўрабек илк баҳсда АҚШ вакили Рандон Дрю Мирандани 6:5 ҳисобида мағлуб этган бўлса, чорак финалда хитойлик Лигуо Саодан 9:1 ҳисобида устун келди. Бироқ, ҳамюртимиз ярим финалда туркиялик Керем Камалга имкониятни бой бериб қўйди.

Бронза медали тақдири ҳал бўлган баҳсда эса 2015 йилги Осиё чемпиони Тўрабек Тиркашев молдовалик Сергей Жепанга ҳеч қанда имконият қолдирмади ва жангни 8:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилиб, бронза медалига сазовор бўлди. Демак бу сафарги жаҳон чемпионатида ўзбек полвонлари 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга чиқишди.

Спорт крашлари бўйича терма жамоамизни олдинда яна бир жиддий синов кутиб турибди. 21-26 август кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида катталар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси йилнинг энг муҳим ва асосий мусобақасига қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. Яқин кунларда терма жамоамиз мураббийлар штаби Париж ареналарида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар номини эълон қилишади. Биз эса ўзбек полвонларига бўлажак муҳим беллашувларда ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Манба: olympic.uz
Киритилди: 10:43, 07.08.2017.
Ўқилди: 2861 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.