Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бобур Абдуҳолиқов: "Ҳозирги Ўзбекистон чемпион бўлишга қодир"

Баҳо:
+-1 | -

Келаси йилнинг январь ойида Хитойда ўтказиладиган ёшлар (U-22) ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал босқичида иштирок этадиган 16та жамоанинг номи маълум бўлди.

Хабарингиз бор, саралашнинг «D» гуруҳида баҳс олиб борган Ўзбекистон термаси ўз квартетида биринчи ўринни эгаллаб, қитъа биринчилиги финал босқичининг дастлабки қатнашчисига айланганди. Биз жамоамиз делегацияси Тошкентга қайтиб келгач, етакчи ҳужумчимиз Бобур Абдухолиқовдан интервью олдик.

- Аввало, Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмаси қўлга киритилгани билан табриклаймиз. Учта учрашувда ғалаба - ажойиб натижа. Суҳбатимиз аввалида саралашга олиб борилган тайёргарлик, ўтказилган ўйинлар ҳақида маълумот берсангиз.

- Табрик учун раҳмат. Осиё чемпионати саралаш босқичига аввалдан белгиланган режа асосида тайёргарлик кўрдик. Халқаро турнирларда қатнашдик, хориж йиғинлари ташкил этилди.

Бунинг маҳсули ўлароқ, ишончли ғалабаларга эришдик. Лекин жамоавий ўйинни шакллантириш бўйича ҳали яна ишлашимиз керак. Энг муҳими, олдимизга қўйилган дастлабки вазифа бажарилди.

Қитъанинг кўзга кўринган жамоаларидан бирини ўз майдонида мағлубиятга учратиб, Осиё чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Қизиғи, БАА термаси гуруҳда қолиб кетди.

- Амирликлар жамоасига қарши кечган муҳим учрашувда ниманинг ҳисобига муваффақият қозондинглар?

- Рақибни яхшигина ўрганиб чиққандик. Сўнгги тур олдидан бор эътиборни БАА термасининг кучсиз томонларига қаратиб, ўз ўйинимизни шу асосда ташкил қилдик. Воқеалар ривожи биз хоҳлагандек давом этди.

Яъни, рақибга қарамай, шунчаки, режа асосида тўп сурдик ва якунда чиройли ғалабага эришдик. Балки ўша учрашувда уч очко олишни биз кўпроқ хоҳлагандирмиз?! Мезбонларни дуранг ҳам гуруҳ ғолиби сифатида Осиё чемпионати финал босқичига олиб чиқарди. Менимча, улар шунга ишониб ҳаракат қилишди.

- БААнинг мезбонлиги уларга устунлик тақдим этиши мумкин эди. Бу ҳолат сизларни ўйиндан олдин хавотирга солмадими?

- Йўқ, асло. Лекин мезбон сифатида устунликка эга эканликларини билардик. «Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради», дейишади-ку.

- Осиё чемпионатига йўл олган барча термаларнинг номи маълум бўлди. Қайси жамоа билан бир гуруҳга тушмаслигимизни ёки аксинча, қайси бирига тўқнаш келишимизни хоҳлардингиз?

- Эрон, БАА каби қитъамизнинг кучли жамоалари Осиё чемпионатининг финал босқичига чиқа олишмади. Бу уларнинг кучсиз эканлигидан эмас, аксинча, бошқа мамлакатларда ҳам футбол ўсаётганидан далолат. Саралашда қайд этилган натижаларни таҳлил қилсангиз, шу пайтгача аутсайдер мақомида бўлиб келган жамоалар ҳам аввалгидек йирик ҳисобда ютқазишмаяпти.

Гарчи Хитой финал босқичи мезбони бўлсада, саралашда иштирок этди ва ўз уйида ўтадиган мусобақа ғолиблигига асосий даъвогарлардан бири эканлигини кўрсатиб қўйди. Улар Япониядан устун келишди (2:1). Жанубий Корея вьетнамлик футболчиларни базўр мағлубиятга учратди  (2:1). Шундан келиб чиқиб айтсам, қуръа натижаси унчалик катта аҳамиятга эга эмас.

Ҳозирги шаклланган таркибимиз Осиё чемпиони бўлишга қодир. Шахсан мен шундай деб ўйлайман. Футболчиларнинг бари олий лига жамоаларида мунтазам ўйин амалиётига эга. Қуръа бизга тақдим этган рақиблардан келиб чиқиб, федерациямиз мутасаддилари тайёргарлик режасини ишлаб чиқишади.

- Терма жамоамизда мураббийлар кўп алмашди. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

- Билмадим, ушбу масалада ҳеч қандай фикр билдиролмайман. ЎФФ шундай қарорга келаётган экан, демак бунинг учун етарлича асос бор. Нима бўлган тақдирда ҳам бу ўзгаришлар ўз самарасини берди.

- Равшан Ҳайдаровнинг асосий футбол фалсафаси нимадан иборат? Ҳужумкор ўйинми ёки ...?

- Равшан Акмалович жамоавий ўйинга эътибор қаратяптилар. Рақибга қараб тактика танланади. Керак вазиятда ҳужумга ўтилади. Шу билан бирга ҳимояни ҳам унутмасликни уқтирадилар. Замонавий футболда ҳеч нарса эътибордан четда қолмайди.

- Терма жамоамизнинг камчиликлари нималарда кўзга ташланди?

- Камчиликларни биламиз. Осиё чемпионатининг финал босқичига қадар етарлича вақт бор. Ана шу муддат мобайнида заиф нуқталарни бартараф этиб борамиз.

Ҳужумлар жуда кўп, улардан янада самаралироқ фойдаланишимиз шарт. Юқорида Равшан Ҳайдаровнинг асосий эътиборни жамоавий ўйинни шакллантиришга қаратаётганини айтгандим.

Ўйлайманки, финал босқичига тайёргарлик кўриш жараёнида ЎФФ кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинларини ташкил этиб беради.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 17:44, 13.08.2017.
Ўқилди: 5871 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.