АПЛнинг ўтган мавсуми Сон Ҳён Мин учун анча муваффақиятли кечиб, «Тоттенҳэм»нинг барча турнирларда 20тадан ортиқ гол урган уч футболчисидан бирига айланди.
Bombardir.ru бундеслига ва Англия премьер-лигасида ўз ўрнига эга бўлиб, маҳаллий мухлислар ёқимтойига айланган осиёлик ярим ҳимоячи ҳақида сўз юритади. ЖЧ-2018 саралашида Ж.Корея термасининг Ўзбекистон миллий жамоасига рақиб экани инобатга олинса, бу футболчи ҳақидаги маълумот мамлакатимиздаги мухлисларни бефарқ қолдирмаслиги тайин.
Ҳа, туманли ўлкада навбатдаги Жанубий кореялик юлдуз пайдо бўлди. Пак Жи Сун кетгач, унинг жойи узоқ вақт бўш турмади - «МЮ» легионерининг ўрнини Сон Ҳён Мин эгаллаб, «шпорлар»нинг ўтган мавсумдаги энг яхши тўпурарларидан бирига айланди.
Дастлаб унинг ишлари унчалик қовушмади, аммо жароҳат олган Харри Кейннинг позициясини эгаллагач, мураббий ишончини тўлиқ оқлади.
Корейсларга хос бўлмаган баланд бўйга эга Сон ўсмирлик чоғларидаёқ кўпчиликнинг ёдида қоладиган ўйин намойиш этиб, Ж.Корея футбол федерациясининг махсус дастурида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Режага кўра, маҳаллий футболчилардан уч нафари бундеслига клубларида кўрикдан ўтиш имкониятига эга бўлишарди. Синовдан эса мазкур трио ичидаги энг яхшиси - Ҳён Мин муваффақиятли ўтди. Шу тариқа у «Гамбург» академиясига қабул қилинди.
Кореялик иқтидор эгаси бу воқеани ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида нишонлаб, ўз термасининг энг яхши тўпурарига айланди. «Гамбург»га қайтганидан сўнг Сон рақиб жамоа футболчиларини бирин-кетин алдаб, дарвозани ишғол қилди. Бироқ Германия муҳитига кўникишда қийналди. «Европага 16 ёшимда кўчиб ўтдим.
Албатта, аввалига қўрқдим. Шу ёшда бу ерга қандай мослаша олганимни ўзим ҳам тушунолмайман. Лекин чин кўнгилдан орзумни рўёбга чиқаришни хоҳлардим. Афтидан, буни олмон юртига мен билан бирга ташриф буюрган икки ҳамюртимдан кўра кўпроқ истадим, шекилли, натижада Германияда қолдим».
Асосий жамоадаги дебют ўзини кўп куттирмади. Ўша пайтлари «динозаврлар»га устозлик қилган Армин Фе жароҳатлар кўпайиб кетгани боис, 18 ёшли корейсни таркибга киритди.
Мавсумолди йиғинларда голлар урди, аммо «Челси»га қарши кечган баҳсда шикастланиб, икки ойга сафдан чиқди. Жароҳатдан тиклангач эса «Кёльн» дарвозасини қойилмақом тарзда иш-ғол қилиб, афсонавий Манфред Кальцнинг рекордини янгилади: энг ёш гол муаллифига айланди.
«Иқтидор», «Янги Ча Бум Кун», «кореялик Мюллер» - матбуотда йигитчага шу каби тахаллуслар қўйилди. Сон жамоасига нафақат ўз голлари, балки молиявий жиҳатдан ҳам фойда келтирарди.
Аниқроғи, Жанубий Кореянинг Kumho Tyres ҳамда Hanwha компаниялари иқтисодий қийинчиликларга учраган «Гамбург»га ҳомийлик қилиб, уни жар ёқасидан олиб чиқишди. Клуб ҳисобига ўтказилган миллионлаб евролар жуда асқотди.
Сон Германия футболидан ҳузурланарди: «Ж.Кореядаги футболдан зерикканман, бу ерда эса ўсишга эришишим мумкин. Ўз юртимда кунига 3-4 соат шуғулланардим, талабчанлик юқори эди.
Олмон юртида эса ҳаммаси бошқача: индивидуал ва жамоавий машғулотлар, фитнес-тестлар. Эркинлик биринчи планга чиқади. Германияда футболга нисбатан кучлироқ эътибор қаратишади. Умуман, бу ерда ҳамма нарса яхши. Умрбод бундеслигада қолишга қарши бўлмасдим».
Ҳён Миннинг ўйинлари «Байер»га ёқиб қолди. У Европанинг топ-4 чемпионатларида 10тадан ортиқ гол урган осиёлик тўртинчи футболчига айланганди. 2013 йили «доришунослар» кореяликни ўз сафларига қўшиб олишди. Сон ҳужумда Штефан Кисслинг билан ажойиб тандем ҳосил қилиб, нафақат Германия, балки бутун жаҳон ҳамжамиятини «кўҳна қитъа»га узоқ вақт ва муваффақиятли фаолият юритиш мақсадида келганига ишонтира бошлади.
Болалигида отаси бошчилигида ўтказган машғулотлари ҳам асқотди: «Агар отам бўлмаганида, ҳозирги даражамга чиқолмасдим. У ҳар куни мен билан икки маҳал шуғулланиб, машғулотларни ўтказиб юбормаслигимни таъминларди. Осон эмасди, қийналдим, лекин отам футбол ҳақида кўп нарса билгани ҳолда, билимини менга ўтказишга интиларди.
Тўпни қабул қилиш ва бошқа базавий жиҳатларни ўзлаштиришим лозимлигини уқтириб, шу йўналишда кўпроқ ишларди. Бусиз буюк футболчига айланиб бўлмаслигини биларди».
Гарчи Сон улфатчиликни ёқтирсада, бефойда кўча кезгандан кўра, яхшиси, уйда ёлғиз қолиб, корейс фильмларини томоша қилишни маъқул кўрарди. Леверкузенни яхши билмасди, аммо базадан стадионгача бўлган йўналишни билса, кифоя эди. Ҳозир Ҳён Мин Лондонда яшамоқда, тез-тез пиёда юради.
Апрелда Сон лиганинг энг яхши ўйинчиси номига муносиб кўрилди, чемпионат якунида эса Ча Бум Куннинг узоқ йиллик рекордини янгилади: Европада бир мавсум давомида 21та гол урди.
Осиёнинг XX асрдаги энг яхши футболчиси Сонда ўзининг ёшлигини кўраётганини билдирди: «Унинг ажойиб дриблингини кузатарканман, ўз ўйинларим ёдимга тушади», дейди Ча Бум Кун. Ҳён Миннинг ўзи ҳам афсонавий ҳамюртининг даражасига чиқиш ниятида эканини яширмайди. Англияда Сон янги жамоага тезда мослашди, ҳозир ҳам унинг трансфери учун тўланган 30 миллион ҳақида кўпчилик унутган.
Виммерга берган интервьюси, кореялик ишқибози билан учрашуви - Ҳён Мин ОАВда анча таниқли шахс, демак ўз юртидаги инвесторларни тез орада «Тоттенҳэм»га ҳам жалб этса, асло ажабланмаймиз. Ҳозирча эса Сон янги мавсум бошланишини кутмоқда - уни янада яхшироқ ўтказиш ниятида.