«Зенит» Россия чемпиони «Спартак» билан бўлган баҳсда йирик ҳисобда (5:1) ғалаба қозонди. Ўйиндан сўнг питерликларнинг сербиялик ҳимоячиси Бранислав Иванович россиялик журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Ташқаридан қараганда, «Зенит» «Спартак»ни осонликча мағлуб этди...
- Бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўргандик. Аввалига осон бўлмаслигини билгандик. Биз яхши вазиятларни яратдик. «Спартак» эса бунга жавоб бера олмади. «Зенит» катта ташаббусга эга чиқди. Иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида темп бироз пасайди. Қолган вақтда эса устунлик биз томонда бўлди.
- Роберто Манчини жамоани қандай руҳлантирди?
- Ўйиндан олдин бундай баҳсларга футболчиларни ортиқча руҳлантириш шарт эмаслигини билдирди. Қўшимчасига, бу мавсумнинг энг муҳим учрашувларидан бири эканини таъкидлади.
- Ўйин пайтида мураббий Доменико Кришитога қоғоздаги ёзувлар орқали кўрсатма берди. Бундай ҳолат кўп кузатиладими?
- Олдимизда икки-учта вариант бор эди. Ҳисобга қараб жойлашишимиз талаб этиларди.
- Эмануэл Маммана иккингиз жуфтликда ўйнадингиз. У билан тил топишиб олдингларми?
- Ҳа. Маммана қийин ўйин ўтказди. Чунки бундай жамоага қарши биринчи марта тўп сурди. Ҳаракатлари ёмон чиқмади. Умуман олганда, мазкур баҳсда бутун жамоамиз яхши ўйнади.
- Сизнинг «Зенит»даги биринчи ўйинингиз яхши чиқмаганди. Хўш, Маммана ниманинг эвазига «Спартак»ка қарши кечган кечган биринчи учрашувидаёқ кўнгилдагидек тўп сурди?
- Қайтариб айтаман, биз яхлит жамоа сифатида яхши ўйнадик. Агар футболчилар мураббийнинг айтганларини бажарадиган кайфиятда бўлишса, ҳаммаси ўз-ўзидан ўнгланаверади. Бугун шундай ҳолат кузатилди.
- Россиялик ҳакамларни ҳамиша танқид қилишади. Сизнингча, Россия чемпионатидаги реферилар даражаси қандай?
- Бу саволга ҳамиша бир хил жавоб бераман: ҳакамларнинг ҳаракатига изоҳ бермайман. Барча қўлидан келганча ўз вазифасини яхши бажаришга уринмоқда. Футболчилар ва клублар ҳакамлар ишига баҳо бермасликлари керак. Улар ўз ишларини қилишмоқда.
- Айтайлик, савия ўртачами?
- Ҳа, футболчи сифатида буни ҳис қилдим.
- Ўйиндан олдин ёғиб ўтган дўлни биринчи марта кўришингизми?
- Ҳа, олдин ҳеч бундай ҳодисани кузатмагандик. Хайриятки, майдон ҳолати тезда яхшиланди.
- Луческу ва Манчини ўртасидаги фарқни сездингизми?
- Бир нима дейиш қийин. Мен ҳеч қачон мураббийлар ҳақида гапирмайман. Барчанинг ўз қараши бор. Манчини ва Луческу - икки хил мураббий. Бугунги кунда улар ўртасидаги фарқ - натижада. Ҳаммаси жойида бўлса, мураббий ҳақ. Борди-ю, тескари ҳолат кузатилса, биринчи ўринда мураббийни айблашади. Уларнинг иши оғир. Ҳозир жамоамиз яхши ўйнаяпти, бир-биримизга мослашяпмиз. Манчини футболчиларни кўп танқид қилиб, ҳар бир ўйинда юқори савияда ўйнашимиз кераклигини уқтиради. «Спартак»ка қарши кечган учрашувдан сўнг бу бошланиши эканлигини таъкидлади. Унинг биздан фарқли равишда, кўп нарсани ўз вақтида кўра олиши ёқади.