«Динамо» жамоаси ва мухлислар ўртасида янада яқин алоқалар ўрнатиб, бевосита савол-жавоб ташкил этиш учун 15 август, сешанба куни «Динамо» стадионида мухлислар ва «Динамо» клуби ўртасида учрашув ташкил этилди.
«Динамо» клуби раҳбарияти, футболчилар ва мураббийлар штаби қатнашган ушбу тадбирда жамоанинг энг ашаддий ва жонкуяр мухлислари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан жамоа аъзоларига мурожаат этишди.
Хусусан, саволларга жамоа бош менежери Илҳом Шарипов жавоб берар экан, шундай деди:
- Авваламбор, ушбу учрашувда сиз азиз мухлисларимиз билан кўришиб турганимиздан хурсандмиз. Биласиз, футбол аввало мухлислар учун. Самарқандлик футбол ишқибозлари жамоамизнинг ҳар қандай натижасига қарамай, «Динамо»ни хоҳ уйда, хоҳ сафарда тинмай қўллаб-қувватлашмоқда. Бунинг учун улардан миннатдормиз. Чинданам, иккинчи давра ўйинларини омадсиз бошладик. Кубок ярим финалида «Бунёдкор» билан сафарда дуранг қайд этган бўлсакда, Олий Лиганинг сўнгги икки турида ўртамиёна жамоаларга қарши ўйнаб, мағлубиятга учрадик. Бу натижалар биз каби мухлисларимизни ҳам ранжитгани табиий. Кўпчиликда «Динамо» иккинчи даврага тайёр эмасмиди?» қабилидаги саволлар туғилган бўлиши мумкин. Бунга жавобан айтаман, биз давралар оралиғида жиддий тайёргарлик кўрдик. Таркибимиздан аксарият футболчилар бошқа жамоага ўтган бўлсаларда, уларнинг ўрнини Фарҳод Тожиев, Аднан Ораховац, Муҳаммад Исаев, Дониёр Исмоилов сингари яхши савиядаги футболчилар билан тўлдирдик. Сўнгги икки ўйиндаги қониқарсиз натижа омадсизлик билан боғлиқ. Йигитлар билан жиддий ишлашда давом этаяпмиз, умид қиламанки бу тез орада ўз самарасини беради.
Илҳом Шарипов мухлисларнинг «Пахтакор»га қарши ўйин борасидаги саволларига ҳам жавоб берди.
«Чинданам, биз биринчи даврада мағлуб этган «Пахтакор» билан бугунгиси ўртасида фарқ катта. «Нефтчи» билан ўйинда уларнинг кучини кўрдик. Аммо, «Динамо» - «Пахтакор» учрашувида ҳар икки томонга ҳам осон бўлмайди. Йигитларимиз ҳам ушбу баҳсга жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Биз Самарқандда мухлисларимиз қаршисида уларни хурсанд этиш учун бор куч ва ғайратимизни сарф этамиз. Мақсадимиз Олий Лига баҳсларида яхши натижалар кўрсатиш ва кубокда энг аввало финалга чиқишдир» - деди Илҳом Шарипов.
Мураббийлардан Олег Тюлькин, футболчилардан Акмал Бозоров, Абдумалик Абдуллаев, Фарҳод Тожиев, Муҳаммад Исаев, Дониёр Исмоилов, Аднан Ораховац, Амиржон Сафаров, Сардор Сулаймоновлар сўзга чиқиб, мухлисларнинг саволларига жавоб қайтаришди.
Дўстона руҳда ўтган учрашувда ишқибозлар «Динамо» жамоасига кейинги баҳсларда омад ва зафарлар тилаб қолишди.