Августнинг 21-26 кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида спорт курашлари бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Дунёнинг юздан зиёд давлатларидан полвонлар иштирок этадиган йилнинг энг муҳим мусобақасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати ғолиблари, турли нуфузли мусобақалар совриндорлари гиламга чиқишади.
Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини 11 нафар полвонимиз ҳимоя қилади. Уларнинг бештаси юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз таркибига жалб этилган бўлса, олти нафар ҳамюртларимиз эркин кураш бўйича мусобақаларда ўз омадларини синаб кўришади.
21 августда биринчи бўлиб юнон-рум кураши бўйича беллашувлар бошланади. Тажрибали мураббийлар Комил Фаткулин ва Равшан Рўзиқулов бошчилигидаги юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз бугун Парижга жўнаб кетди. Жаҳон чемпионатида Феруз Тўхтаев (59 кг), Элмурод Тасмуродов (66 кг), Арам Варданян (71 кг), Рустам Ассакалов (98 кг) ва Мўмин Абдуллаев (130 кг) лар юнон-рум кураши бўйича баҳсларда юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Эркин кураш бўйича терма жамоамиз эса Франция пойтахтига 22 август санасида йўл олади. Улар мусобақани 24 августдан бошлашади. Таркибдан Нодиржон Сафаров (57 кг), Ихтиёр Наврўзов (70 кг), Бекзод Абдураҳмонов (74 кг), Умиджон Исманов (86 кг), Магомед Ибрагимов (97 кг) ҳамда Давид Модзманашвили (125 кг) жой олган. Эркин кураш бўйича терма жамоамизга Олим Ҳикматов ва Александр Недорезовлар устозлик қилишади.
Биз жаҳон чемпионатида иштирок этадиган полвонларимизга омад ва зафарлар тилаб, юртимизга ёруғ юз билан қайтишларига умид билдириб қоламиз.